Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

31.07.2018


ЙИРИК САНОАТ КИЧИК БИЗНЕС РИВОЖИГА ХАЛАЛ БЕРАДИМИ?

Қайд этилишича, ўтган даврда воҳамиздаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан 1 триллион 315,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Тармоқ корхоналарининг ҳудуд саноатидаги улуши 20,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўсиш суръати ҳам салмоқли эканини айтиш лозим. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 107,4 фоизни ташкил қилган.

Аҳамиятлиси, вилоятимиз миқёсида бажарилган қурилиш ишлари умумий ҳажмининг 83,9 фоизи айнан шу турдаги мулкчилик шаклига эга субъектлар ҳиссасига тўғри келади. Биринчи ярим йилликда улар томонидан 1 триллион 355,9 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилган ва бу кўлам 112,1 фоизга кўпайган. Кичик тадбиркорлик субъектлари хизматлар кўрсатиш жабҳасида ҳам етакчилик қилмоқда. Буни уларнинг ҳудуд хизматлар бозоридаги улуши 71 фоиз эканидан ҳам билиш мумкин. Январь-июнь ойлари оралиғида мазкур субъектлар аҳолига 2 триллион 247,2 миллиард сўмлик хизмат тақдим этган. Маҳсулдорлик эса 2,4 фоизга ортган.

Шунингдек, вилоятда чакана товар айланмаси 86,5 фоиз ҳажми (3 триллион 997 миллиард сўм) шаклланишида кичик тадбиркорлик субъектлари асосий ўрин эгаллаган. Ўтган йилги мос даврга нисбатан ушбу тармоқдаги ўсиш суръати 1,3 фоизни ташкил этган. Дастлабки олти ойда улар томонидан 76,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот (товар ва хизматлар) экспорт қилинишига эришилгани ҳам муҳим саналади. Бу борадаги кўрсаткич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 48,7 миллион АҚШ доллари ёки 177,7 фоизга кўп эканини таъкидлаш зарур. Вилоят умумий экспорти ҳажмининг 50,2 фоизи, яъни ярмидан зиёди шу турдаги мулкчилик шаклига эга субъектлар вакилларига тегишли экани ҳам эътиборга молик.

Бундан ташқари, ушбу муддат давомида воҳамизда автомобилда юк ташишнинг 85,6 фоизи, йўловчи ташишнинг 95,2 фоизи кичик тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан таъминланган. Фақат бир йўналишда энг паст кўрсаткич кузатилган: 336,8 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилган, холос. Бу кичик рақам бўлиб, вилоят бўйича амалга оширилган жами инвестицияларнинг атиги 8 фоизига тенг. Бироқ илгариги статистика билан солиштирсак, самарадорлик (129,4 фоиз) анча юқори экани кўринади.

Яна бир жиҳати, ўтган фурсатда кичик тадбиркорлик субъектлари равнақи миқёсига қараб воҳамизда ишбилармонлик муҳити сифатига ҳам баҳо бериш мумкин. Хўш, айни пайтда соҳа вакиллари учун яратилган шарт-шароит қай даражада қулай ва мақбул? Тадбиркорлар мавжуд аҳволдан мамнунми?

Буни ҳам статистика кўрсатиб берди. Фақат шу олти ойни қамраб олсак, ушбу даврда вилоятимизда 1578 та янги кичик корхона ва микрофирма (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) ташкил топгани гувоҳи бўламиз. Солиштирма нисбат эса 123,9 фоизга етган. Маълум бўладики, фуқаролар соҳа истиқболига ишонч билан боқишмоқда, қўрқмай бизнесга сармоя йўналтиришмоқда. Янги субъектларнинг энг кўпи (17,4 фоизи) савдода фаолият бошлаган. 15,9 фоизи эса ўз омадини саноат тармоғида синаб кўрган. Қурилиш соҳасида уларнинг 13,9 фоизи фаол иш юритмоқда. 16,3 фоиз янги субъект қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигига маблағ тиккан. Яшаш ва овқатланиш (4,4 фоиз), ташиш ва сақлаш (2,5 фоиз) соҳаларидаги иштирок энг кам улушни ташкил қилган.

Вилоят статистика бошқармаси маълумотида ҳудудлар бўйича ҳар минг кишига нечта кичик тадбиркорлик субъекти тўғри келиши тақсимоти ҳам келтирилган. Бу борада етакчиликни Миришкор (18,8 та), Шаҳрисабз (18,2 та), Китоб (18,2 та) туманлари қўлга киритган. Чироқчи ва Ғузор туманларида эса ҳар минг кишига мос равишда 9 ва 8,9 та мазкур мулкчилик шаклидаги субъект тўғри келади. Энг ёмон натижа эса Шаҳрисабз шаҳрига насиб этган. Бу ҳудудда кичик тадбиркорликнинг аҳоли жон бошига миқдори (8 та) нисбатан паст экани кўзга ташланади. Бундан эса Шаҳрисабз шаҳри аҳлининг турли товар ва хизматларга бўлган эҳтиёжи маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан қопланиши даражаси қониқарсиз деган хулосага келиш мумкин. Демак, истеъмол бозорининг катта қисмини четдан келтирилган ёки импорт маҳсулотлар, хизматлар эгаллаб олган. Бу борада ишбилармонларга таклиф бериш, янги ишлаб чиқариш қувватлари, маиший шохобчаларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Айни бирликнинг вилоят бўйича олинган кўрсаткичи ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Воҳамизда ҳар минг киши бошига ҳисоблаганда, тегишли бирликда 13,2 та кичик тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётгани аён бўлади. 2016 ва 2017 йилнинг мос даврларида эса ушбу кўрсаткич тегишлича 11,7 ва 12,5 тага тенг бўлган.

Ярим йилликда кичик тадбиркорликнинг турли соҳалардаги улуши ҳолатини ҳудудлар кесимида кўриб чиқсак, фойдадан холи бўлмайди. Ҳудудлар бўйича саноатда тармоқнинг энг юқори иштироки Китоб туманида қайд этилган. Ушбу ҳудуддаги кичик тадбиркорлик субъектлари ҳозирги вақтда саноат маҳсулотларининг 100 фоизини етказиб бераяпти. Шу йўналишда юқори самарадорлик Яккабоғ (87,5 фоиз) ва Чироқчи (83,5 фоиз) туманларида ҳам кузатилган. Аксинча, Касби (23,2 фоиз), Косон (23,4 фоиз), Қарши (23,2 фоиз), Миришкор (20,9 фоиз) туманларини бу борада қолоқ дейиш мумкин. Улардан ҳам фарқли равишда, Муборак (1,4 фоиз), Ғузор (2.2 фоиз), Нишон (4,8 фоиз) ҳамда Деҳқонобод (10,6 фоиз) туманларида кичик тадбиркорлик субъекларининг ҳудудий саноатдаги салмоғи у қадар сезилмайди. Сабаб эса ушбу туманларнинг аксарида йирик саноат корхоналарининг жойлашганидир. Аммо бу натижа паст эканига баҳона бўла оладими? Бу хусусда эса кейинроқ.

Эътиборлиси, деярли барча ҳудудларда кичик тадбиркорлик субъектлари қурилиш соҳасида ўзини тўлақонли кўрсатиб улгурган. Бу жабҳада уларга йирик рақобатчилар йўқ ҳисоби. Ҳатто Деҳқонобод, Қамаши, Миришкор, Шаҳрисабз туманларида амалга оширилган бунёдкорлик ишларида тўлиқ ушбу тармоқ вакиллари иштирок этгани ҳам барчасини ифодалаб турибди. Хизматлар тармоғида ҳам деярли шу аҳвол. Хизмат кўрсатиш соҳасида кичик тадбиркорлик субъектларининг  улуши юқорилиги бўйича илғор ҳудудлар сирасига Чироқчи (99,5 фоиз), Қамаши (99,1 фоиз), Нишон (98,6 фоиз), Миришкор (98,6 фоиз) ва Косон (98,1 фоиз) туманларини киритиш мумкин.

Шу ўринда кичик тадбиркорлик субъектларининг соҳалар бўйича маҳсулдорлигини ҳудудлар кесимида ҳам таҳлил этсак. Бу эса мавжуд имкониятлар ва салоҳиятни янада аниқлаштиришга имкон беради. Биринчи йўналиш сифатида саноат соҳасини танлаймиз. Мазкур мулкчилик шаклидаги субъктлар томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши бўйича мутлақ етакчи ҳудуд Қарши шаҳри ҳисобланади. Тегишли рақам 455 миллиард сўмга етган ва ўтган даврга нисбатан 102 фоизга ошган. Кейинги ўринларда Китоб (115,3 миллиард сўм) ва Шаҳрисабз туманлари (89,1 миллиард сўм) бораяпти. Ғузор (29,5 миллиард сўм), Деҳқонобод (18,7 миллиард сўм), Муборак (26,9 миллиард сўм), Нишон (30,2 миллиард сўм) туманларида бу борадаги кўрсаткичлар рўйхатдаги энг ёмони.

Ҳар ҳолда бу ҳудудларда кичик бизнеснинг саноат тармоғига тузук интеграциялаша олмаётганига йирик корхоналарнинг дахли бўлмаса керак. Ҳар иккисининг йўриғи, йўналиши бошқа, албатта. Бу туманлар мутасаддилари ўзларидаги йирик саноат корхоналари натижалари билан ҳаволаниб, кичик тадбиркорликни ривожлантириш масаласини бир четга суриб қўйгандек, тасаввур уйғотади кишида. Бўлмаса, айни йўналишда Қарши шаҳридан қарийб 25 баробар кам маҳсулдорлик кўрсатган Деҳқонобод туманига кичик саноат қувватларини кўпайтиришга нима халал беради? Бу борада жиддий бош қотириш, келгусида кичик бизнес субъектларига кўпроқ таклиф бериш, кўринган ҳар бир ташаббусни дарҳол рўёбга чиқариш чорасини кўриш лозим, фикримизча.

Ўз навбатида Қарши шаҳридаги кичик тадбиркорлик чакана савдо айланмаси ҳажми бўйича ҳам ҳудудлар орасида биринчиликни эгаллаган. Тегишли миқдор 803,6 миллиард сўмга етган. Косон (412,7 миллиард сўм), Чироқчи (363 миллиард сўм) ва Қамаши (300,6 милилард сўм) туманлари ҳам бу борадаги натижалари билан мақтана олади. Ҳудудлар бўйича тармоқ субъектлари томонидан энг кўп хизматлар ҳам Қарши шаҳри (756,9 миллиард сўм), Косон (177,4 миллиард сўм) ва Чироқчи (145,9 миллиард сўм) туманларида кўрсатилган. Бироқ Миришкор (60,3 миллиард сўм) ва Касби (67,5 миллиард сўм) туманларида хизматлар соҳасига кичик тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш юзасидан анча иш олиб бориш керак кўринади. Кўрсаткичлар ҳам шунга ишора қилаяпти.

Бир сўз билан айтганда, бизнеснинг бу шакли бозор шароитига анча мослашувчан, келадиган хавф кўлами ҳам кичик, аксинча бу тармоқда фаолият юритиб кўпроқ даромад топиш имконияти кенг. Бу эса аҳолини тадбиркорлик қилишга ундаётган асосий жиҳатдир. Табиийки, ишбилармон кўпайиши бозорлар тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади. Одамларга доимий даромад манбаи яратилиши эса турмуш фаровонлигини оширишга шароит ҳозирлайди. Мамлакатимизда ҳудудлар иқтисодиётини кўтаришга эришишнинг муҳим шарти сифатида кичик тадбиркорликни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани сабаби ҳам шунда.

М.ШУҲРАТОВ

 

Report typo