Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

21.11.2017


ЙИРИК САРМОЯ, РАҚОБАТБАРДОШ МАҲСУЛОТ, ЯНГИ ИШ ЎРНИ

 

Хусусан, ушбу жараёнга шахс ва жамият манфаатларига мутаносиб равишда мулкдан унумли ва оқилона фойдалана оладиган, истеъмолчиларга рақобатбардош маҳсулот таклиф этишга қодир омилкор мулкдорларни жалб қилиш долзарб аҳамият касб этади. Бунда инвестор ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ҳамда ҳам ички, ҳам ташқи бозор талабига мос маҳсулот тайёрлашни ташкил этишни ўз зиммасига олиши лозим.

 Айтиш жоизки, мамлакатимизда давлат мулки объектларини хусусийлаштириш самарадорлигини оширишга доир бир қатор қарорлар қабул қилинди, сармоядорларга кенг имтиёз ва қулайликлар тақдим этилди. Мазкур ҳужжатлар ушбу мулкдан оқилона ва самарали фойдаланиш, фойдаланилмаётган, қурилиши тугалланмаган бино-иншоот ҳамда бўш турган ер участкаларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш ва “ноль” харид қийматида беришни кўзда тутади. Бу эса ишламай турган, паст қувватли корхоналар ўрнида замонавий қувватларни барпо этиш ҳамда янги иш ўринлари яратишга кенг имкон бермоқда. Шу асосда амалга оширилаётган ислоҳотлар вилоятимиз иқтисодиётида ҳам сезиларли ўсишни таъминлаётир.

 - Айни вақтга қадар воҳамизда ҳукумат қарорлари асосида инвестиция киритиш мажбуриятлари эвазига танлов асосида “ноль” харид қийматида 65 та давлат мулки объекти тадбиркорларга берилган, - дейди Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Зикиржон Исмоилов. - Мавжуд талаблардан келиб чиққан ҳолда, хусусийлаштириш жараёнлари сифатини таъминлаш мақсадида, инвесторларга корхоналарни ривожлантириш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, рақобатбардош ва экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича аниқ инвестиция мажбуриятлари юклатилган. Тузилган шартномаларга кўра, киритилиши лозим бўлган жами инвестициялар миқдори 116,5 миллиард сўм ва 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 20 та йирик лойиҳанинг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция йўналтирилиши кўзда тутилган. Ушбу истиқболли лойиҳаларнинг рўёбга чиқиши натижасида 1600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилмоқда.

 Бошқарма масъулининг билдиришича, шу кунгача хусусий тадбиркорларга тақдим этилган объектларга жами 54,7 миллиард сўм ва 3 миллион 736,1 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш мажбуриятлари бажарилган, 576 та янги иш ўрни яратилган. Биргина жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қилинган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур даврда тегишли шартномалар бўйича сармоя эгалари томонидан 19,3 миллиард сўм инвестиция киритилиши режалаштирилган. Инвесторлар томонидан тақдим қилинган маълумотларга қараганда, бу миқдор амалда 36 миллиард сўм (186,5 фоиз)га етган. Бунинг самарасида 200 га яқин кишининг доимий бандлиги таъминланган.

 Айтиш жоизки, бўш турган давлат мулки объектидан мақсадли фойдаланиш бўйича тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар ранг-баранглиги билан ажралиб туриши, истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мисол учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги 774-Ф-сонли фармойишига асосан “8-сонли қурилаётган корхоналар бирлашган дирекцияси”нинг Қарши шаҳар Жайҳун кўчасида жойлашган, умумий майдони 1,05 гектар бўлган бўш турган ишлаб чиқариш базаси “Biss electronics  system” масъулияти чекланган жамиятига берилди. Инвестор бу жойга жами 22 миллиард сўм маблағ жалб этишни ўз зиммасига олди. Келгусида ушбу объектда замонавий электротехника маҳсулотлари, жумладан, телевизорлар, розетка ва электр ўчиргичлар, маиший чангютгичлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш кўзда тутилган. Лойиҳа ишга тушиши ҳисобига 100 янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

 Шунингдек, Қарши шаҳридаги собиқ “1-сон Темир-бетон буюмлари” заводи ҳам паст рентабелли, кўпдан бери зарар кўриб ишлаган иқтисодий ночор давлат корхонаси саналарди. Ушбу заводнинг 9-ишлаб чиқариш бокси инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан “Azia metall garant” масъулияти чекланган жамиятига бепул тақдим этилди. Натижада юқори қўшилган қийматга эга, талабгир маҳсулот ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳа рўёбига кенг йўл очилди.

 - Мазкур объектдан самарали фойдаланиш учун 10 миллиард сўм инвестиция йўналтиришни мўлжаллаяпмиз, - дейди сармоядор, корхона раҳбари Азиз Ҳалимов. - Бунинг эвазига мазкур жой энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланади, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Асосан металлни қайта ишлашни йўлга  қўйиш белгиланган. Ундан сим, арматура каби талаб юқори қурилиш материаллари тайёрланади. Шу мақсадда Хитой мамлакатидан зарур ускуналар келтираяпмиз. Маҳсулотни ички бозорга чиқарамиз. Бундан ташқари, чет элга экспорт қилиш ҳам режамизда бор.  Айни пайтда объектда таъмирлаш-қурилиш ишлари авжида. Бинолар ишлаб чиқариш цехларига мослаштирилаяпти. Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун тижорат банкидан молиявий кўмак олдик, ўз маблағимизни ҳам сарф этамиз. Натижада 50 киши муқим иш жойига эга бўлади.

 Эътиборлиси, айни дамда айрим лойиҳалар бўйича аллақачон ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган ва зарур иш ўринлари яратилган. Хусусан, Қарши шаҳридаги “КамАЗ Центр” (навес) иншоотига “Akmal qurilish mollari sifat savdo” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ киритилиб, рақобатбардош темир-бетон, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва юк кўтарувчи автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бошлаб юборилди. Ҳозирги кунда мазкур корхонада 30 нафар киши фойдали меҳнат билан машғул.

 Косон туманидаги тугатилган “Косон саноат савдо комбинати” бино-иншоотлари ҳам анча вақтгача қаровсиз қолган, ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилмасдан келаётганди. Бир муддат аввал ушбу давлат мулки “Koson tog‘ qurilish” масъулияти чекланган жамиятига 650 миллион сўм инвестиция олиб кириш шарти билан бепул берилганди. Инвестор томонидан мазкур объектда замон талабларига мос қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бажарилди, асбоб-ускуна ва жиҳозлар харид қилиниб ўрнатилди. Объект зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланди.

 - Шу пайтгача кўзда тутилганидан ҳам кўп маблағ сарфладик, - дейди мазкур тадбиркорлик субъекти таъсисчиси Жалол Дониёров. - Амалга оширилган харажатлар миқдори 1 миллиард 75 миллион сўмни ташкил этди. Кўриниб турибдики, бу борадаги шартномавий мажбуриятни ортиғи билан уддаладик. Бугунги кунда бу ерда фаолиятимизни бир неча йўналишда ташкил этганмиз. Аввалига алюмин профилли эшик ва ромлар ишлаб чиқаришни ташкил этдик. Сал олдин шлакоблок ва йўлакбоп плиталар тайёрлаш бошлаб юборилди. Қолаверса, оби нон пиширишга мўлжалланган цех ишга туширилди. Ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилаётган ускуна-дастгоҳларимиз янги, энергиятежамкор. Бундан ташқари, объектда қўшимча бино қурдик. Замонавий ташхислаш маркази очмоқчимиз. Бунинг учун асосий қадамлар қўйилди. Ҳозирда тегишли рухсатномаларни олиш арафасидамиз. Шу тариқа хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ўзимизни синаб кўрамиз. Лойиҳамизнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти юқори экани шундаки, бугунги кунда 30 нафар киши меҳнат фаолиятига жалб қилинган. Ҳали режаларимиз кўп. Яна бир нечта йўналишларга қўл урмоқчимиз. Бу яна қўшимча иш ўринлари яратилишини англатади.

 Таклиф этилган лойиҳани ҳаётга самарали татбиқ этишда Миришкор туманидаги “Obod diyor elita” фермер хўжалиги ҳам ташаббускорлик намойиш этди. Инвестор ҳудуддаги  қишки клуб биносидан мақсадли фойдаланишга шартномадаги 170 миллион сўм ўрнига 230 миллион сўмдан зиёд инвестиция сарф этиб, объектда таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини адо этди, ишлаб чиқариш ускуналари ва жиҳозлар сотиб олиб ўрнатди. Бунинг эвазига замон талабларига мос савдо хизмати кўрсатиш, қурилиш материали ишлаб чиқариш ташкил қилинди. Айни вақтда ушбу корхонада 16 нафар киши ишламоқда.

 Аҳамиятлиси, бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ тадбирлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майдаги “Давлатга тегишли объектларни ва активларни хусусий мулк қилиб сотишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳамда бошқа ҳужжатларга асосан вилоятимиздаги жами 16 та давлат объектининг “ноль” харид қийматида сотилиши белгиланганди.  Масъулларнинг маълум қилишича, бу борада ҳудудий танловлар ўтказилиб, потенциал инвесторлар аниқланди ва улар билан жами  65,6 миллиард сўмлик сармоя киритиш бўйича шартномалар тузилди.

 Қолаверса, Президентимизнинг 2017 йил 16 июндаги “Давлат мулки объектларини сотиш жараёнларини келгусида такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан маҳаллий ҳокимликлар бўйсунувидаги стратегик аҳамиятга эга бўлмаган 18 та давлат мулки объектидан ҳам келгусида самарали фойдаланиш мақсадида уларни “ноль” харид қийматида сотиш, олинадиган мажбурият эвазига киритиладиган инвестиция миқдорлари ва яратиладиган иш ўринлари тасдиқланди.

 Хулоса ўрнида айтганда, вилоятда “ноль” харид қийматида инвестиция мажбуриятлари эвазига берилган барча объектларда инвесторлар томонидан бизнес-режада кўрсатилган мажбуриятларнинг белгиланган муддат ва ҳажмларда бажарилишини таъминлаш бўйича қизғин ишлар амалга оширилмоқда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастури ижросини таъминлаш натижасида хусусий мулкдорлар синфини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга эришилмоқда. Албатта, бу тадбирлар анча вақт фойдаланилмай ётган давлат мулки объектларида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш имконини берса, бошқа томондан, ички истеъмол бозорини харидоргир маҳсулотлар билан таъминлаш, шу билан бирга, экспортга ҳам маҳсулот етказиб бериш, аҳолини иш билан таъминлаш учун кенг шароит ҳозирлайди.

 М.ЖЎРАЕВ

 

 

Report typo