ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув, қидирув ишлари натижасида ўғри кўп ўтмай топилди. У бегона эмас экан.
Гап шундаки, шу ҳудудда яшовчи Х.М. бир неча йил давомида фермерлик қилган. Бироқ, жорий йил бошида унинг ери бошқа бир фермерга қўшиб берилади. Бундан норози бўлган Х.М. эса ўша фермер билан мунтазам равишда жанжаллаша бошлайди. Уни инсофга, муросага чақирганларга қулоқ тутмади. Аксинча, уларни ҳам ўзига душман санай бошлади, танобини тортиб қўйишни ўйлади.
Бир куни кечга яқин унга насиҳат қилган қўшни фермерлардан бирининг чўпони даладан қўйларни ҳайдаб келиб, қўрага қамаётганини кўрган Х.М.нинг хаёлига қўйларни ўғирлаш фикри келади. Агар шундай қилса, ҳам насиҳатчи фермердан аламини олади, ҳам чўнтакни қаппайтиради. У худди шу мақсадда тун ярмига қадар атрофни кузатиб, ҳамма ухлаганига ишонч ҳосил қилгач, қўйларни ҳайдаб чиқади. Сўнг бу ердан унча узоқ бўлмаган, айни пайтда ҳеч ким фойдаланмаётган бир томга олиб бориб қамайди. Битта қўйни шу ернинг ўзида сўйиб, уйига олиб кетади.
Энди Х.М.нинг олдида қўйлардан тезроқ қутулиш ташвиши пайдо бўлганди. У бир-икки танишларига қўй сотмоқчи эканлигини, арзонроқ беришини айтиб, телефон қилади. Аммо улар қўйлар ўғирланган бўлиши мумкинлигидан шубҳаланиб, сотиб олишни рад этади. Бу пайтда эса қишлоқда ИИБ ходимлари томонидан ўғрилик жинояти бўйича қидирув ишлари олиб борилаётган эди.
Жиноятининг фош бўлиб қолиши мумкинлигидан чўчиган Х.М. эртаси куни тун ярмида қўйларни беркитиб қўйган жойидан олиб чиқиб, яйловга ҳайдаб юборади. Аммо бу унинг қилмишини беркита олмайди.
Қўйлар ўғирланган жойдан олинган излар, бу изларнинг яна қаерда учраши ва қаерга боргани, ҳамма-ҳаммаси синчиклаб ўрганилар экан, барча далиллар шу ҳудудда яшовчи собиқ фермер Х.М.га келиб боғланаверарди. Натижада Х.М. мазкур ўғриликни содир этганликда гумонланиб, уйи текширилди. Бу ердан топилган бир дона қўйнинг териси ҳамда сўйишда ишлатилган пичоқ барча сирларни ошкор қилиб турарди.
Х.М. энди бу қилмиши учун қонун олдида жавоб беради.
Б. ДЎСТМАТОВ,
Миришкор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси суриштирувчиси