"Қарши халқаро аэропорти" давлат унитар корхонасида турли йиллар давомида ёнилғи-мойлаш материаллари хизматида омбор мудири бўлиб ишлаган уч нафар инсон ҳам ўз вақтида нафсини жиловлай олмагани оқибатида суднинг қора курсисига ўтирди.
Улардан бири Маматов Ахрор Муродуллаевич 1982 йилда Яккабоғ туманида туғилган. Олий маълумотли. Уч нафар фарзанднинг отаси.
Ахрорнинг ҳаётига кўплар ҳавас қилишган бўлса ажаб эмас. Негаки, олий маълумотли бу инсон 2015 йил 21 июлидан 2016 йил 12 январга қадар "Қарши халқаро аэропорти" давлат унитар корхонасида ёнилғи-мойлаш материаллари хизматида омбор мудири, 2016 йил 12 январдан 2018 йил 14 июнгача шу хизматда муҳандис бўлиб ишлаб келган. Яъни, иши бор, маоши тайин, оиласи тинч, яна нима керак кишига?!
Аммо Ахрор бундай деб ўйламади. Ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, чўнтагини қаппайтириб олиш илинжида бўлди. Натижада ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, омборхонадан жами 30 миллион 314 минг сўмлик, 6 минг 432 килограмм ТС-1 авиакеросин ёнилғисини талон-торож қилди.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек Ахрор Маматов корхонада муҳандис вазифасига тайинлангандан кейин ҳам эски ишини давом эттира бошлади. Хусусан, бу даврда умумий қиймати 10 миллион сўмдан ошиқ 6 турдаги товар-моддий бойликларни ўзлаштирди. Натижада Ахрор Маматовнинг корхонага етказган зарари умумий ҳисобда 40 миллион 535 минг сўмдан ошиб кетган.
Эътиборли томони, Ахрор Маматовдан сўнг корхонанинг ёнилғи-мойлаш материаллари хизмати омбор мудири вазифасини Умирхон Сирдиков эгаллаган. Аммо у ҳам ўзидан олдинги ҳамкасбининг ишини давом эттириб, 25 миллион 690 минг сўмлик, 5 минг 451 килограмм ТС-1 авиакеросин ёнилғи маҳсулотини ўзлаштириб юборган.
Корхонада "анъана"га айланган бу каби қинғир ишлар Фозилов Жалол Бобожонович даврида ҳам якун топмади. 2017 йил 3 август кунидан У.Сирдиковнинг ўрнига омбор мудири курсисига ўтириб, бу масъул вазифада 2018 йил 1 августга қадар ишлаган Ж.Фозилов ўзидан олдинги мудирлар "изи"дан бориб, корхонанинг оз эмас, кўп эмас, салкам 22 миллион сўмлик ёнилғисини талон-торож қилган экан.
Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, дейди халқимиз. Бу учала "уддабурон" ходимнинг қилмиши ошкор бўлиши учун кўп вақт кетгани йўқ. Омборхонада ўтказилган текшириш жараёнида уларнинг барча сирлари фош бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг "Қарши халқаро аэропорти" давлат унитар корхонаси биносида ўтказилган сайёр очиқ суд мажлисида улар томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилди. Суд Ахрор Маматов ва Умирхон Сирдиковнинг етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ тўлаб беришгани, ўз айбидан қаттиқ пушаймонлиги, жамоа томонидан ижобий тавсифлангани, оила боқувчиси экани ва бошқа асосларни ҳисобга олиб, инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда уларга жазо тайинламади. Яна бир судланувчи Жалол Фозиловга нисбатан эса иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Садоқат ВАФОЕВА