Бу ҳужжатга мувофиқ, мазкур рўйхатга "Ўзпахтаёғ" АЖ таркибига кирувчи "Косон ёғ экстракция" акциядорлик жамияти ҳам киритилган. Ушбу корхонанинг бўш майдонида ҳам махсус саноат мажмуаси ташкил қилиш бўйича таклиф бериш вазифаси масъул вазирлик ва идораларга топширилган. Хўш, бундан кўзланган мақсад нима?
- Албатта, асосий муддао ёғ-мой корхоналари тасарруфидаги фойдаланилмай келинаётган ер майдонларини самарали ишлатиш, улар негизида ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйишдан иборат, - дейди "Қарши ёғ экстракция" АЖ бошқаруви раиси Фарруҳ Алимов. - Шунчаки сақлаб туриб, солиқ тўлашдан кўра самарали фойдаланган ҳар томонлама маъқул. Ҳозирда жамиятимиз томонидан ҳам шу масала кўриб чиқилмоқда. Фаолият йўналишидан ташқари, қўшимча йўналишларни ишга тушириш режада бор. Аммо ҳали бир тўхтамга келмадик. Замонавий иссиқхона қуриш таклифи илгари сурилмоқда. Ўз навбатида чет эллик инвесторлар, Германия, Туркия ва Чехия мамлакатлари ишбилармонлари ҳамкорликка қизиқиш билдирган. Муҳими шуки, бу тадбирнинг қўлланиши фақат фойдага хизмат қилади, иш ўринлари яратилади.
Яна бир жиҳати, давлатимиз раҳбари қарорига кўра, бир қатор хўжалик бирлашмаларининг акция улушларини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш белгиланган. Келгусида ушбу хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари)ни белгиланган тартибда сотиш чоралари кўрилади. Бу рўйхатга киритилган "Косон ёғ экстракция" ва "Қарши ёғ экстракция" акциядорлик жамиятлари устав капиталида "Ўзпахтаёғ" АЖ улуши 51 фоиздан экани келтирилади.
Бу борада амалга ошириладиган ислоҳотлар соҳа корхоналарида илғор технологияларни ўзлаштиришга, инвестицияларни фаол жалб қилиш ва тармоқнинг жадал ривожланишига хизмат қилиши таъкидланади.
М.ШУҲРАТОВ