Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

17.02.2017


Ё НОМИНГНИ ЎЗГАРТИР, Ё ИШИНГНИ...

Бугун айрим соҳаларда ана шу аксинча маҳсулот ёки хизмат турига кўп дуч келаяпмиз. Масалан, газета-журналларни обуначиларга етказиб бериш билан шуғулланадиган субъектларни олайлик. Аввало, уларнинг номи эътиборни тортади: “Тез етказиб берувчи”, “Тезкор матбуот” ва шунга монанд номлар.

Обуначи уларнинг номига учади-да, бошқа жойлардан, масалан, почтадан кўра тезроқ етказиб берар экан, деб уларнинг хизматидан фойдаланади. Ўйлашадики, улар номига мос тарзда тез ишлайди, янгиликлардан, ён-атрофдаги воқеа-ҳодисалардан ўз вақтида бохабар бўлиш мумкин. Қани энди ҳаммаси биз истаганимиздай бўлса...

Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилгани, бунинг самарасида матбуот нашрларини тарқатиш билан шуғулланадиган субъектлар сонининг ҳам кўпайгани яхши. Уларнинг почта тизими билан рақобатга киришаётгани ҳам фақат ижобий томонга хизмат қилади. Сабаби, соғлом рақобат бор жойда юксалиш, ўсиш бўлади. Худди чет эл киноларидаги сингари эрта тонгдан нонушта билан столнинг бир чеккасида янги чоп этилган газета ҳам туради...

Кўнгилни хижил қиладиган жиҳати шуки, матбуот нашрларини етказиб берувчиларнинг рақобати обуна мавсумида авжига чиқади-ю, керакли обуначилар жамлаб бўлингандан кейин бирданига сўнади-қолади. То кейинги обуна мавсуми бошлангунига қадар.

Газета-журнал ўз вақтида етиб бормаётгани ёки тўрт-бешта сони битта қилиб, ойнинг охири ёки кейинги ойнинг аввалида етиб келаётганидан шикоят қилгич кишилар исталган ҳудудда топилиши бежиз эмас. У хоҳ чекка туман, хоҳ Қарши шаҳрининг ичида бўлсин, ўз вақтида етиб бормайди. Борганда ҳам кечикиб, газетада берилган хабар ва янгиликлар ҳаммага аён бўлиб, янгилиги қолмаган бир пайтда етиб боради. Журналистлар бирор хабар ёки янгиликни ўз вақтида ўқувчига етказаман деб, ярим кечагача тиришади-ю, бояги каби “тезкор” матбуот тарқатувчиларнинг “шарофати” билан шунча қилинган иш йўққа чиқади.

Чекка тумандаги мактаб раҳбарининг айтишича, обуна бўлинган газета-журналларни мактабга Қарши шаҳридан қатнаб ишлайдиган бир ўқитувчиси олиб келаркан. Бояги “тезкор” матбуот тарқатувчининг “тезкор”лиги шу экан!

Энди бир савол туғилади: агар Қаршидан қатнаб ишлайдиган ўқитувчи ишини ўзгартирса, “тезкор” матбуот етказувчи кунини қандай ўтказар экан? У ерга қатнайдиган яна кимни қидираркан? Тополмаса-чи? Ёки вилоят марказига келиб-кетадиган бирортасига элтиб бергин, деб ялинармикан?!

Бундайлар номи “тезкор”у иши тошбақадан ҳам секин бўлгани оқибатида аввало истеъмолчиларнинг, яъни обуначиларнинг манфаатларига путур етаяпти. Чунки газетага уни етказиб бериш харажатларини ҳам қўшиб тўлаган одам обуна бўлган нашрини ўз вақтида олишни, ўз вақтида керакли янгиликдан хабардор бўлишни истайди.

Газетани кечиктирган “тезкор” матбуот етказувчилару, одамлар нуқул таҳририятга телефон қилиб, газета етиб келмаётганидан шикоят қилишади. Биргина газета ўз вақтида етиб бормагани учун кишилар ҳамма айб таҳририят ходимларида, улар ўз вақтида “печать” қила олмагани учун газета ўз муддатида етиб келмаяпти, деб ўйлашади. “Тезкор” матбуот етказувчилар кўрсатган бор-йўқ каромат – шу.

Субъект номига жарангдор, эътиборни тортадиган ном қўйилгани яхши, аммо қилинган иш ҳам шунга мувофиқ бўлиши керак-да. Ёки буёғи обуна пайти керакли маблағни жамғариб, жуфтакни ростлаб қолишми? Ахир, бу фирибгарликдай гап-ку.

Шундайлар ҳақида ўйларкансан, “Ё номингни ўзгартир, ё ишингни...” деган ўй келади хаёлимга.

Б.ЎКТАМ

Report typo