Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ШУ ЕРЛИК ОДАМ

12.02.2021


ЁЛҒОННИНГ БУТУНИДАН РОСТНИНГ СИНИҒИ АФЗАЛ

Ёхуд кўзбўямачиликдан кимга наф?

Бирни кўриб фикр қил

Биз яшаётган даврга "ахборот асри" дея таъриф берилиши бежиз эмас. Қолаверса, ахборотга эга киши дунёга эгалик қилиши хусусидаги мулоҳазаларда ҳам жон бор. Чунки эндиликда кичик бир хабар воситасида одамлар онгига фаол таъсир ўтказиш имкони мавжуд.

Ўз-ўзидан ахборий ҳаётимиз шундай кўриниш олдики, рост билан ёлғонни, оқ билан қорани дабдурустдан ажратиш, англаб олиш мушкул бўлиб қолди. Асосийси, бундай ҳолатлар дунёнинг аллақандай бурчакларида эмас, шундоққина ёнгинамизда ҳам рўй бермоқда.

Хўш-хўш, қаерда экан, дерсиз?

Эҳтимол эшитгандирсиз, бир неча кун аввал Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида, вилоят Халқ қабулхонаси ёнида аёллар йўлни тўсиб қўйганига оид гап-сўзлар тарқалди. Ҳа, фақат гап-сўзлар тарқалди. Бирор оммавий ахборот воситаси, у хоҳ босма, хоҳ интернет нашри, хоҳ ижтимоий тармоқлардаги каналлар бўлсин, бу ҳақда бирор хабар эълон қилмади. Фақатгина Youtube видеохостингида "Қаршида кўплаб одамлар бош кўтарди. Уларга ҳоким керак" сарлавҳаси остида хотин-қизларнинг Халқ қабулхонаси ёнида тўпланиб тургани, норозилик билдираётгани акс этган лавҳа дунё юзини кўрди, холос.

Ўша куни доимгидай иш фаолиятини давом эттираётгандик. Ҳамкасбларимиздан бири "Аёллар йўлга чиқиб олибди. Ярим соат "пробка"да қолиб кетдим" деган гапни айтиб қолгач, Халқ қабулхонаси томон шошилдик.  Дарҳақиқат, у ерда юзлаб одам тўпланган, бир неча аёл ўртада раҳбарлардан норози бўлиб бир нарсаларни бақирар, ён-атрофда ички ишлару Миллий гвардия ходимлари бисёр эди. Сўраб билсак, турли туманлардан келган фуқаролар вилоят ҳокими қабулига киролмаётганидан норози бўлаётган экан. Сешанба куни келишса, ҳоким қабули жумада, дейишибди. Жума куни эса яна ўша гап...

Тўғриси, бу ердаги манзарага ҳавас қилиб бўлмасди. Жонидан ўтгандирки, шунча бақир-чақир, жазава...

Бироз фурсатдан сўнг вилоят ҳокими келгани, фуқароларни қабул қилишни бошлагани ҳақида айтиб қолишди ва ҳамма ўша томон шошилди. Албатта, бу ерда ҳам тартибсизлик, ғала-ғовур, бир-бирини тингламаслик жараёнлари давом этди ва шундай бўлиши балки табиийдир ҳам.

Энг қизиғи шундан кейин юз берди. Интернетда тарқаган видеога вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати билдирган муносабатдан ҳайратга тушмай бўлмасди. Унда, жумладан, шундай дейилганди:

"Вилоят ҳокимлигининг тегишли режасига кўра, Зойир Мирзаев қабули ҳар ойнинг охирги жума куни соат 10:00 дан 13:00 гача этиб белгиланган. Шунингдек, доимий равишда туман ва шаҳар марказлари ҳамда чегара қишлоқларда сайёр қабуллар ҳам ўтказилиши белгиланган. Мисол учун, яқинда Косон тумани марказида, ўтган ҳафта эса Қамаши туманининг чегара қишлоқларида қабуллар ташкил этилди.

Режага кўра, бугун ҳам вилоят ҳокими қабули бўлиб ўтди. Видеода акс этган ҳолат аслида ташқарида қабулга киришга навбатсиз ва карантин қоидаларига амал қилмаган ҳолда киришга уринган фуқаролар ўртасида келиб чиққан.

Шу ўринда, видеомурожаат билан чиққан фуқаролар ҳам навбати билан қабулга киришган".

Чиндан ҳам, видеода оташин бўлиб тургани акс этган фуқаролар ҳоким қабулига киргани бор гап. Аммо шу вақтгача муаммоси аримай, шикоят билдирганларни маданиятсизга чиқариш, карантин қоидаларига риоя қилмасликда айблашни шунчаки пасткашликдан бошқа нима деб изоҳлаш мумкин?

Агар вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати холис бўлганида, одамлар манфаатини биринчи ўринга қўйганида, ҳоким фалон-фалон ишлар билан ушланиб қолгани, шунинг учун одамлар кутиб қолишга мажбур бўлгани, вазият одамларга тўғри тушунтирилгани ҳақида ёзарди. Аммо бундай қилинмади.

Кечга бориб эса республиканинг машҳур блогерларидан бири Зафарбек Солижонов каналида қуйидагича пост қолдирилди:

"Бир видео келиб тушди. Бир қарашда яна қаерда муаммо бошланган дейиш мумкин. Видеодаги Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовни    таниб қолдим. Тинчликми ака, деб уларга боғландим. Вазиятни тушунтирди. Айтишича, тармоқларда "Қаршида одамлар бош кўтарди. Уларга ҳоким керак" деган шу каби видеолар тарқатилган. Бироқ вилоят ҳокими Зойир Мирзаев   доимгидек бугун ҳам фуқаролар қабулини ўтказган. Муаммо навбатсиз кириш вақти "провокация" натижасида юзага келганмиш.

Бир дўстим қизиқ нарса айтганди. "Ривожланган ёки ривожланаётган давлат фуқароларининг, миллат бўлаётган элнинг энг муҳим хусусиятларидан бири нима биласанми? Улар аввалига маданиятини шакллантиради. Кейин унга амал қилишни бошлайди. Биргина навбатнинг ҳурмати уларда жуда баланд" деганди. Балки биз ҳам ҳар хил "провокация"ларга берилишдан тийилармиз. Муаммони ҳал этишда энг муҳим нарсалардан бири бу уни босиқлик билан тушунтира билишдир. Ўзаро ҳурматга нима етсин".

Эътиборга молик жиҳати, ўша "келиб тушган" видео Зафарбек Солижонов каналидан бошқа жойда тарқалмади. Ҳолбуки, тасвирга олганлар бошқа каналларга ҳам улашиши мумкин эди, тўғрими? Боз устига ишонган блогерига видео ташлаб бериб, мушкули осон бўлишидан умидвор бўлсаю, ўзи "навбат кутишни билмайдиган маданиятсиз"га чиқиб қолса, ҳар қандай одам қандайдир реакция билдириши, бошқа ОАВдан мадад кутиши мумкин, табиий эди. Айни ҳолатда ўша видео ва пост саҳналаштирилган, "буюртма" эканини сездириб қўйгандек...

Шундай экан, катта эҳтимол билан видеонинг бошланғич нусхаси вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовда бўлиши мумкинлигини тусмол қилиб турибмиз.

Яна денг, таниқли блогерга фуқаролардан юборилган видео айнан Аҳрор Содиқовнинг ҳоким қабул ўтказаётган хонадан чиқиб келиши ва одамларни муросага чақириши саҳнаси билан бошланиши қизиқ. Видеога олаётган фуқаро ҳам кутиб ўтирган экан-да, қачон ахборот хизмати раҳбари чиқса ва одамларга маданиятли бўлишни тушунтирса, кейин видеога оламан деб...

Ҳокимнинг қабули ҳафтанинг ҳар жума кунлари бўлса, одамлар муаммолари мунтазам тинглаб борилган бўлсаю, нега одамлар айнан ўша куни бу қадар "тартибсиз", "маданиятсиз" бўлиб қолишди? Биринчи марта келаётганлари йўқ эди-ку қабулга?!

Муаммоси ечилмаётганидан норози бўлган кишиларни "маданиятсиз" деб атаганлар фақат А.Содиқов мудом турфа тадбирларга даъват этадиган ва тақдирланадиган блогерлар экани ҳам тушунарли. Ваҳоланки, воқеа юз берган жойда уларнинг бирортаси йўқ эди. Улар ўша куни Журналистлар уйида халқ таълими бошқармаси бошлиғи иштирокидаги матбуот анжуманида қатнашган, шунақа-шунақа тадбир ўтгани ҳақида пишакнинг қулоғидек келадиган хабарча ёзишганди. Ўзи кўрмаган, билмаган ҳодисага муносабат билдириш учун, билмадим,  одам ким бўлиши керак?..

Хўш, биз ўзимиз нега орадан шунча кун ўтиб, бу ҳақда ёзаяпмиз? Гап шундаки, ҳартугул ўша куни одамлар қабул қилинибди, энди уларнинг муаммоси ҳал этилса керак, деган умид бор эди кўнгилда. Аммо қабулга кирмаганларнинг кўпчилиги ҳали-ҳануз муаммолардан фориғ бўлмаётгани хусусида маълум қилишаяптики, бу бизни ёпиғлиқ қозонни ёпиқлигича қолдирмасликка ундади.

Биз ҳоким фуқароларни номига қабул қилди, дейишдан йироқмиз. Гап қуйи бўғиндаги, топшириқ берилган масъулларга бориб тақалаяпти. Улар зиммасидаги масъулиятни чуқур тушунмагани, ҳоким ҳузурида қуллуқ қилиб, "ҳаммасини есть қиламиз" деб, кўчага чиққач, ҳамма ваъдасини унутиб юборгани сабаб фуқаролар мурожаатларига вақтида ечим топилмаяпти.

Майли, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати таъкидлагани каби одамлар "навбат кутишни билмайдиган маданиятсиз" бўлса, бўлақолсин - бу уларнинг виждонига ҳавола, ҳар бир нарсани кўриб-билиб турган Яратган олдида хижолат бўлишмаса, ўзлари билади. Аммо бўлиб ўтган ҳолат масъуллар учун огоҳлик бонги янглиғ таъсир кўрсатиши зарур: бугун йигирма-ўттиз чоғли аёл кўчага чиқиб, йўлни тўсар ва ушбу ҳодиса турли важлар билан хаспўшланар, аммо уларнинг муаммоси барҳам топмаса, бундан катта оқибатлар ҳам келиб чиқиши мумкин. Шунисидан асрасин...

ШУ ЕРЛИК ОДАМ

Report typo