Бу Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Қарши шаҳар ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ижроси ўрганилганда ҳам яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Аниқланишича, Қарши шаҳар ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмасида жорий йилнинг дастлабки ойида 32 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилган бўлиб, жисмоний ва юридик шахслар томонидан мурожаатлар келиб тушмаган.
Бўлинмада бу борада муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, шу билан бир қаторда қонун бузилишларига ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, "Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қайд қилиш дафтари" юритилган бўлса-да, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 февралдаги "Маъмурий жазога тортилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган Маъмурий жазога тортилган шахсларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловасида белгиланган реквизитларга мувофиқ "Маъмурий ҳуқуқбузарликларни ва уларни содир этган шахсларни ҳисобга олиш дафтари" юритилмаган.
Бўлинма томонидан январь ойи мобайнида 32 та маъмурий иш кўриб чиқилган бўлса, маъмурий жарималарни белгиланган муддатларда ва тўғри ундиришга етарли эътибор қаратилмаган.
Хусусан, 2018 йил 25 январдаги 17-сонли қарор билан фуқаро Р.Шафигинга нисбатан маъмурий жарима қўлланилган бўлса-да, текшириш кунига қадар ушбу жаримани ундириш чоралари кўрилмаган. Мазкур ҳолат фуқаролар - А.Хасанов, А.Ҳақулов, О.Жўраев, Д.Эгамбердиева, З.Раҳимовага нисбатан тузилган маъмурий баённомаларга ҳам тегишли.
Шунингдек, 2018 йил 20 январдаги 14-сонли қарор билан фуқаро Қ.Қўлдошевга нисбатан 17 минг 224 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган бўлса-да, ҳуқуқбузардан 26 январдаги мемориал ордерга асосан 17 минг 500 сўм ёки 276 сўм ортиқча жарима ундириб олинган. Худди шундай ҳолатни 15 январдаги 4-сонли қарор билан Х.Хусановга, 15 январдаги 5-сонли қарор билан М.Жўраевага, 20 январдаги 6-сонли қарор билан М.Қўлдашевга нисбатан қўлланган маъмурий жарималарни ундиришда ҳам кўриш мумкин. Яъни маъмурий жарима миқдори белгиланганидан ортиқча ундирилган. Бундай олиб қараса, ортиқча ундирилган сумма бир қарашда кичик рақамдай кўриниши мумкин, бироқ қатра-қатра йиғилиб, дарё бўлар, деган ҳикматни ҳам унутмаслик керак.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-моддасида жарима ҳуқуқбузар томонидан 15 кунлик муддатдан кечиктирмай тўланиши белгиланиб, 333-моддада 15 кунлик муддатда жарима тўланмаган тақдирда мажбурий тарзда ундириб олиш учун юборилиши кўрсатилган. Бироқ Қарши шаҳар ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмасида белгиланган муддатларга риоя этилмасдан, мазкур норма талаблари бузилган.
Жумладан, 2018 йил 4 январдаги "Қашқадарё асл метан" МЧЖ раҳбари О.Тўрақуловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 211-моддаси 3-қисмига асосан 1 миллион 205 минг 680 сўм миқдорида жарима қўлланган бўлса-да, белгиланган муддат ўтганига қарамай ундириш чоралари кўрилмасдан қолган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 313-моддасида ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни аниқлаганда, бу сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тақдимнома киритиши кўрсатилган. Бироқ бўлинмада мазкур амалиёт йўлга қўйилмасдан келмоқда.
Шунингдек, Қарши шаҳар ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан соҳадаги қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш борасида мониторинг текширувлари ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этишга эътибор қаратилмаган.
Боя таъкидлаганимиздек, хўш, нима учун аҳоли орасида ёнғин хавфсизлигига риоя этиш бўйича тегишли муносабат шаклланмаяпти? Балки бунга фаолиятдаги шу каби лоқайдлик, қонун талабларига риоя этмаслик ҳам сабаб бўлаётгандир. Ойдек равшанки, ёнғин хавфсизлиги ходимининг ўзи айни масалага эътиборсизлик билан қараркан, бошқалардан бундан яхшироқ натижа кутиб бўлмайди.
Жамшид АВАЗОВ, Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси
Хамза УМАРОВ, Қарши шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи