Унда журналистларга вилоят ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармаси масъуллари мазкур тадбир давомида амалга оширилаётган ишлар, белгиланган вазифалар хусусида ахборот берди.
Таъкидланганидек, юзага келиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш ва куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда вилоят ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари мутасадди ташкилот ва корхоналар мутахассислари билан ҳамкорликда бир қатор профилактик, тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бормоқда.
Хусусан, вилоятимиздаги таълим муассасаларида ўқувчи-ёшларга ёнғинларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш ва ёнғин пайтида тўғри ҳаракат қила билиш кўникмаси ҳамда маҳоратини мустаҳкамлашга йўналтирилган танлов, викторина, экскурсия ва саёҳатлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, аҳоли турар жойларида, корхона ва ташкилотларда учрашувлар ташкил этилаяпти.
- Ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли қўлбола ва носоз газ ва электр жиҳозларидан фойдаланмасликка чақирилмоқда, - дейди вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ёнғин хавфсизлиги тарғиботи ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи катта муҳандиси Соҳибжон Вайитов. - Шунга ҳамоҳанг ёнғин хавфсизлиги қоида ва талабларини янада кенг тарғиб этиш мақсадида 8 турда 30 минг нусхада рангли эслатма, плакат ҳамда 42 та йирик ҳажмли панно тайёрланиб, тарқатилди ва аҳоли гавжум жойларга илиб қўйилди.
Матбуот анжуманида айтилган таҳлилларга мурожаат қилсак, қатор чора-тадбирлар олиб борилганига қарамасдан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан вилоятда содир бўлган ёнғинлар сони иккитага ошган. Бу ижобий кўрсаткич эмас, албатта. Демак, янада эътиборли ва ҳушёр бўлишимиз лозим. Зеро, ҳар бир қайд этилган ёнғин ортида инсон тақдири, оиласи, мол-мулки турибди.
Азизбек НОРОВ