Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

31.12.2016


ЁРҚИН ОРЗУЛАРДАН ЮКСАЛГАН ДИЛЛАР

 

Севимли эртак, мультфильм қаҳрамонлари, Қорбобо ва Қорқиз иштирокида арча атрофида ижро этилаётган қўшиқ ва рақслар, театрлашган томошалар болалар учун, айниқса, эсда қоларли бўлаяпти. Байрам тантаналари вилоятимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрганларга чинакам байрамона кайфият, қувонч ва шодлик улашмоқда. Қувончи ичига сиғмай ўйнаётган фарзандларига мамнун боққан ота-оналар, набирасини етаклаган кексалар юз-кўзида тинч-осойишта, фаровон кунларга шукрона акс этган.

Анъанавий “Президент арчаси” байрам тадбири Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди. Тадбирга вилоятдаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, болалар мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандлари ва бошқа болалар таклиф этилди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев табрик сўзи билан очаркан, эртанги кун соғлом ва баркамол авлодга ҳар жиҳатдан боғлиқ эканини таъкидлади. Юртимизда саодатли фарзандлар вояга етиши учун кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътибор, яратилаётган шароит ва имкониятларга жавобан ёшлар ўз билими, ижодкорлиги билан Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган муносиб фарзандлар бўлишлари лозимлигини қайд этди.

Шундан сўнг болажонларга Президент совғалари улашилди.

“Янги йилнинг ёрқин ёрлиғи” деб номланган театрлашган концерт дастури орқали илм олиш, маънавий баркамолликка интилиш, юртга нафи тегадиган, интилувчан, изланувчан авлод бўлиб вояга етиш ғояси илгари сурилди. Қарши курантининг саҳнадаги макети болажонлар қалбидаги эзгу орзулар янглиғ кўкка бўй чўзган. Кўп қаватли уйлар эса жажжи ўғил-қизларнинг кўпдан-кўп мақсадлари, ниятларини ифода этган. Ниятларки, юксакларга йўналган. Юксакликки, ҳар қандай инсоннинг бутун ҳаёт йўлини, эртанги кунини белгилаб беради.

- Байрам менда катта таассурот қолдирди, - дейди Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Милана Нижегородцева. – Шуни билиб олдимки, кўп китоб ўқисам, яхши билим олсам, барча ниятимга эришар эканман. Президентимиз ҳам бизга ишонади, шунинг учун совғалар бериб юборган, бизни ҳар доим ўйлайди, ҳамма шароитни яратиб берган. Бунга лойиқ бўламиз, яхши ўқишга ваъда берамиз.

Болажонларга чексиз қувонч ва завқ бағишлаётган “Президент арчаси” тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: байрам тадбиридан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo