Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

22.05.2017


ЁРДАМГА МУҲТОЖ ТЕЗ ЁРДАМ

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаменти вилоят бошқармаси, вилоят назорат-тафтиш бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам буни тасдиқлайди. Бу ҳақда СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Жўрабек РАЖАБОВ қуйидагиларни маълум қилди:

- Дарҳақиқат, шошилинч ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш хизматининг талаб даражасида эмаслиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Хусусан, тез тиббий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланганлик даражаси етарли эмаслигича қолмоқда. Масъуллар томонидан кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга етарлича эътибор берилмаяпти. 

Шу ўринда айтиш жоиз, вилоят хокимининг тегишли қарорига асосан воҳанинг узоқ ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалари учун 40 дона “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам машинаси ажратилган бўлса-да, аҳоли бу хизмат сифатидаги ўзгаришларни ҳали аниқ ҳис этганича йўқ.

Хусусан, ҳудудларда тез ёрдам чақирилганда, чақирув навбатчи диспетчер томонидан ўз вақтида қабул қилинган бўлишига қарамай, тез ёрдам бригадаси сусткашликка йўл қўйиб, айтилган манзилга кеч етиб келаяпти ёки умуман келмаяпти. Масалан, аҳоли чақирувига кўра тез ёрдам бригадаси манзилга Қарши ва Ғузор туманларида 10 дақиқа, Муборак ва Миришкорда 15, Косонда 20, Яккабоғда 50 дақиқа, Чироқчида эса 1 соат кечикиб келди. Бу беморнинг уйидан тез ёрдам станциясигача бўлган масофа хронометраж асосида ҳисоблаб чиқилганидаги вақтдир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017-йил 13-февралдаги 58-сонли буйруғига асосан, тез тиббий ёрдам бригадаси биринчи ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонларнинг 41, тиббий жиҳозларнинг 39 турдагиси билан таъминланиши кўрсатилган бўлса-да, тиббиёт қутисида керакли дори-дармон ва тиббий буюмлар етарлича эмас.

Мисол учун, Косон тумани тез ёрдам бригадасида 22 турдаги дори-дармон, 37 турдаги  тиббиёт буюми, Қарши туманида 20 турдаги дори-дармон, 21 турдаги тиббиёт буюми,  Деҳқонобод  туманида 16  турдаги дори-дармон, 22 турдаги  тиббиёт буюми йўқлиги аниқланди. Ҳайрон қоласан киши: тез ёрдам бригадаси бу аҳволда келиб, керакли дори ва тиббий буюмларга эга бўлмай туриб, беморга қандай ёрдам кўрсатмоқчи? Аҳвол бу бўлгандан кейин биров улардан мадад, керак бўлса, нажот кутадими? Йўқ.

Ахир Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тез тиббий ёрдам бригадаларида бекордан-бекорга дори-дармоннинг 41, тиббий жиҳозларнинг 39 тури бўлиши шартлиги белгилаб қўйилмаган-ку. Ваҳоланки мазкур буйруқ асосида тез тиббий ёрдам хизмати дори қутисида бўлиши шарт бўлган дори-дармон воситаларининг рўйхати қайта кўриб чиқилиб, талаб даражасида такомиллаштирилди.

Косон тумани тез тиббий ёрдам ходимлари эса бемор ҳузурига бор-йўғи 2 турдаги жиҳоз – фонендоскоп ва танометр билан келишган. Савол туғилади: агар чақирув жойида дўхтирда йўқ жиҳозга эҳтиёж туғилгудай бўлса, нима қилишади? Беморга қандай ёрдам кўрсатишади? Ёки керакли жиҳоз келтирилишини бемор кутиб турадими?

Шуни унутмаслик керакки, тез ёрдам кўрсатиш қанчалик шошилинч бўлмасин, хизмат ходимларида бемор тўғрисида ёзилган  чақирув варақаси, етарли дори-дармон, тиббий  асбоб-анжомлар бўлиши керак. Чунки гап арзимас нарса эмас, инсон саломатлиги хусусида  кетмоқда.

Қолаверса, тез ёрдам машиналарининг ҳолати ҳам хизмат сифатига таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Масалан, Китоб, Шаҳрисабз, Ғузор ва Қарши туманларида 1 тадан автомашина яроқсиз ҳолда бўлса, Деҳқонобод ва Қамашида 3 та, Косонда 4 та, Чироқчида 6 та тез тиббий ёрдам машинаси хизматидан умуман фойдаланилмаяпти. Бунга масъул мутасаддилар турли сабабларни баҳона қилиб кўрсатаётган бўлса-да, шуни эсдан чиқармаслик керакки, аҳоли учун сабаблар эмас, хизмат сифати муҳим. Чунки инсон соғлиғи тез ёрдам машинасининг бузуқлиги, ёнилғи йўқлиги ёки ҳайдовчининг муаммосига қараб турмайди-ку.

Ҳайдовчилар эса 1 кунга ўртача 5-10 литрдан ажратилаётган ёнилғи эҳтиёжга мос келмаслигини билдиришди. Тизим мутасаддилари масаланинг бу жиҳатларини ҳам қайта кўриб чиқишса, ҳар жиҳатдан маъқул бўларди.

Энди алоҳида ҳолатларга тўхталсак. Касби туманидаги Оқтепа қишлоғида истиқомат қилувчи Муқаддас Чориева хонадонига тез ёрдам бригадаси чақирилиб, беморнинг аҳволи оғирлиги тушунтирилган бўлса-да, тез ёрдам бригадаси таркибида навбатчи врач йўқ ҳолда, ҳамшира ва ўзини Фазли ҚВП патронаж ҳамшираси деб таништирган ўрта тиббиёт ходими биргаликда келди. Маълумки, белгиланган меъёр талаблари бўйича бригада врач, фельдшер ва санитардан иборат бўлиши керак.

Таркиб тўлиқ эмаслиги беморга шошма-шошарлик билан кўрсатилган тиббий ёрдам ва ҳамширанинг қўлқоп киймай укол қилганида сезилди. Боз устига зарур дори ва тиббий жиҳозлар йўқлиги ҳам  маълум бўлди.

Ҳайдовчи Баҳриддин Бозоров бошқарувидаги тез ёрдам машинаси кўздан кечирилганда, салонда  5 литрлик пластик идишда бензин борлиги, транспорт воситаси тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмагани, ҳатто оддий чойшаб ҳам йўқлиги, ҳужжатлар текширилганда, автомашина техник кўрикдан ўтмаганлиги ҳамда шу куни ҳайдовчи йўл варақаси олмасдан чақирувга келгани аниқланди. Айни пайтда ҳайдовчи салондаги бензинни ўз пулига сотиб олгани, бўлим томонидан бериладиган ёнилғи етишмаслигини таъкидлади.

Яккабоғ туманидаги Янгиобод қишлоғида яшовчи Арслон Эшмўминовнинг қон босими ошгани бўйича туман тез тиббий ёрдам бўлимига оз эмас, кўп эмас, нақ 9 маротаба қўнғироқ қилинса-да, ҳеч ким гўшакни кўтармади.

Чироқчи туманидаги Жар қишлоғида яшовчи Санам Абдуллаеванинг чақирувига кўра, беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун фақат фельдшер келди, холос. Тиббий шохобчада эса олинган дори воситаларининг кирим-чиқимини рўйхатга олиш китоби юритилмагани аён бўлди.

Қарши туманидаги Дашт ҚФЙда яшовчи Б.Амирқуловнинг қон босими тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан текширилганда,  230-110 миллиметр симоб устунига тенг экан. Муолажадан сўнг беморнинг аҳволи бироз ўнгланди. Қон босими 180 га 100 ни кўрсатаётган бўлса-да, бу ҳали ҳаммаси жой-жойига тушди, бемор аҳволи ўнгланди, дегани эмасди. Бироқ навбатчи шифокор бунга эътибор бермай хонадонни тарк этди.

Косон тумани Эсабой ҚФЙда яшовчи Абдисалом Бобомуродов ҳам қон босими ошганидан шикоят қилиб, “103”га қўнғироқ қилди. Навбатчи диспетчер қўнғироқни қабул қилиб, тезда тез тиббий ёрдам бригадаси боришини маълум қилди. Аммо улардан ҳадеганда дарак бўлавермади. Сўнг фуқаро қайта тельефон қилишга мажбур бўлди. Орадан 30-40 дақиқа ўтгач, масала бошқача тус олди.  Навбатчи қисмдан “Касби туман тез тиббий ёрдамига тельефон қилдингиз”, деган жавоб бўлди, холос.

Маълум бўлишича, Эсабой ҚФЙ Касби туманига ёндаш бўлгани учун аҳоли қўшни туман тез ёрдам тельефонига “тушиб қолмоқда”. Бундан эса фақат аҳоли, беморларга жабр бўлаяпти.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, вилоятда тез тиббий ёрдам билан боғлиқ муаммолар талайгина. Дори-дармонлардаги етишмовчилик, зарур тиббий жиҳозларнинг йўқлиги, мутахассислар етишмаслиги аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Қайд этиш лозимки, тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш, тизимни тубдан яхшилаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ўзининг устуворлиги ва долзарблиги билан аҳамиятлидир. Бу вазифаларни тўлиқ ижро этиш аҳолининг тиббиёт тизимига ишончини ошириш, халқимизнинг розилигига эришишда муҳим аҳамият касб этади. Тиббиёт соҳаси мутасаддилари ана шу ҳақиқатга таяниб иш юритиш, мавжуд аҳволни ўнглаш чораларини кўришса, ёрдамга муҳтож соҳани яхшилашга эришишса, зиммаларидаги вазифани адо этган бўлишарди.

Б.ЎКТАМ ёзиб олди.

 

 

 

Report typo