“Талаба” сўзи арабча “толиб”, яъни “талаб қилувчи” маъноли сўз билан ўзакдош. Бу сўз айнан илм толибларига нисбатан қўлланиши бежиз эмас. Чунки талаба илмни талаб қилгувчи, ўзига қўйилган энг катта талаб ўқиш-ўрганиш эканини англаган шахсдир. Бирор илмни чуқур эгаллаш учун эса толиби илмда етарли қобилият ва истеъдод билан бирга шижоат, қунт, ирода ва сабр каби фазилатлар ҳам бўлиши керак. Ҳамма даврларда мана шундай хислатларга эга бўлган оловқалб ёшлар энг олдинги сафларда юрувчи, замон билан ҳамқадам, ҳар қандай янгиликни тез қабул қилувчи, ҳар қандай масалада ўз фикри ва овозига эга қатлам бўлиб келган.
Манбаларда келтирилишича, Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам немис босқинчиларига қарши фаоллик ва жасурлик билан кураш олиб борган ёвқур ватанпарварлар орасида талаба йигит-қизлар кўпчиликни ташкил қилган. 1939 йилнинг 28 октябрида фашистлар босқини остидаги Прага шаҳрида бир гуруҳ талабалар ва уларнинг ўқитувчилари ўз давлатининг таълим байрамини (1918 йилдан бери нишонланган) ўтказиш учун намойишга чиққанлар. Босқинчилар намойишчиларни тарқатиб юборган. Шу тўполонда тиббиёт факультети талабаси, намойишнинг фаол аъзоси Ян Оплетал отиб ўлдирилган. 15 ноябрь куни эса Ян Оплетални дафн этиш маросими катта норозилик намойишига айланиб кетади. 17 ноябрь куни эрталаб гестапочилар ва эсэсчилар талабалар ётоқхонасини ўраб олади. 1200 дан ортиқ талаба ҳибсга олиниб, Заксенхаузен концлагерига қамалган. Талабалар ҳаракатининг 9 нафар фаоли Рузине деган жойдаги қамоқ деворлари орасида, судсиз ўлдирилган. Бундан ташқари, уруш охиригача Чехия (ўша вақтдаги Чехославакия)даги ҳамма олий ўқув юртлари ёпилган.
Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясига етаётган 1946 йилнинг 17 ноябрида ўтказилган Бутундунё талабалар конгрессида юқоридаги фожиали воқеа тилга олинади ва шу муносабат билан бутун дунёда байрам қилинадиган халқаро талабалар кунини ўтказиш белгиланади. Ҳозирга келиб, дунёнинг кўпгина давлатларида ҳар йили 17 ноябрь – Бутунжаҳон талабалар куни сифатида нишонланади. Бу байрам бугунги кунга келиб, чинакамига ёшлик, хушчақчақлик ва нафосату романтика байрамига айланган. Шу куни илм йўлида заҳмат чекаётган йигит-қизлар учун турли тадбирлар ўтказилади, улар иштирокида фестиваллар, концерт дастурлари, хайрия акциялари ташкил этилади.
- Яқиндагина муассасамизда Тошкентдаги Гёте номли институт ва Халқаро таржимонлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилган 5 кунлик семинарда иштирок этдим, - дейди Қарши давлат университети хорижий тиллар филологияси факультети талабаси Рамазон Абдуалимов. – Бу семинар машғулотлари мен учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди, ўзим учун таржимонлик соҳасида зарур бўлган кўпгина маълумотларга эга бўлдим. Энг қувонарлиси, семинар давомида бизни таржимонлик маҳоратимизга кўра баҳолаб боришди ва якунда энг яхши иштирокчи ҳамда ёш таржимон сифатида 1-ўрин билан тақдирландим.
Дарвоқе, бугунги кунда вилоятимиздагина эмас, республикамизда ҳам энг ёши улуғ таълим масканларидан бири ҳисобланган Қарши давлат университетида Рамазон каби тиришқоқ ва интилувчан талабалар сони 8 минг нафарга яқин: 7 та факультетда 6 минг 736 нафар йигит-қиз бакалавриат, 84 нафар талаба эса магистратура йўналишида таълим олмоқда. Янги ўқув йилида педагогика йўналишида очилган махсус сиртқи бўлим ҳисобига улар сафига яна 1021 нафар илм толиби қўшилди.
- Бизнинг талабаларимиз ҳам ўқишда, ҳам жамоат ишларида фаол қатнашишда, қолаверса, илмий салоҳият борасида бошқа ўқув даргоҳларидаги тенгдошларига ўрнак бўларли, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқув-услубий бўлими бошлиғи Октябрь Раҳимов. – Технология, машина ва жиҳозлар факультети 3-босқич талабаси Фаррух Холиқулов Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлган бўлса, Бобурбек Ражабалиев, Шерзоджон Йўлдошев, Зуҳриддин Муҳриддинов, Роҳилабону Хўжаева Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибига айланишди. Улар ўқишда, жамоат ишларида барчага ўрнак бўлиб келишмоқда.
Мазкур ўқув даргоҳида ҳозирги кунда 7559 нафар ёш бакалаврлик, 81 нафар йигит-қиз магистрлик босқичида таҳсил олаяпти. Талабалар ўртасида ўтказиладиган турли танловлар, фестиваль ҳамда фан ва ишлаб чиқариш, инновацион технологияларга бағишланган кўргазмаларда институт талабалари фаолликни қўлдан беришмайди.
- Бу йил иккинчи уринишда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлдим, - дейди Феруза Санаева. – Талабаликка эришиш қанчалик машаққатли бўлса, замонавий ахборот-технологиялари соҳасида таълим олиш ҳам осон эмаслигига амин бўлдим. Аммо ўз олдимга катта мақсад қўйдим ва ўқиб-ўрганиб, ўзим танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишга аҳд қилдим.
Филиалда бугунги кунда Феруза сингари илмга чанқоқ ёшлардан 1030 нафари бакалаврлик дипломига эришиш учун таълим олаёган бўлса, 5 нафар талаба магистрлик даражасини олиш илинжида. Улар орасида ўз олдига улкан мақсадларни қўйган ҳолда олға интилаётган иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил қилади.
Талабалик – олтин давр. Бу даврни ҳаётнинг кейинги босқичлари учун пойдевор деб билган, бор куч-ғайратини илми толибликка йўналтирган барча талабаларга бу йўлда мудом зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА