Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга таниқли ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилиб, улар ёш ижодкорлар билан мулоқотда бўлишди, шунингдек, ижодий сабоқлар, семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди.
- Мен бу форумда таржима йўналишида иштирок этдим, - дейди Қарши давлат университети талабаси Кибриё Холматова. – Таниқли таржимон Аъзам Обидов билан бўлган мулоқотлар менда катта таассурот қолдирди. Бундан ташқари, ўтказилган машғулотларда ўзим учун муҳим бўлган кўпгина фойдали маълумотларга эга бўлдим. Шуниси аҳамиятлики, таржима йўналишидаги барча машғулот ва семинар-тренинглар инглиз тилида ўтди. Бундан ташқари, форум давомида биз ўзимизнинг ижодий лойиҳаларимизни ҳам тақдим этдик. Мен “Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, сотиш ва сотиб олиш” ҳамда “Ҳар бир вилоятдаги ёш ижодкорлар кенгаши қошида таржимонлар мактабини ташкил этиш” мавзуларидаги лойиҳаларим билан иштирок этдим. Ҳар иккала лойиҳам форум ташкилотчиларига маъқул тушди ва тадбир якунида “Энг яхши лойиҳа” номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб, тақдирландим.
Тадбир давомида истеъдодли ёшларнинг ижод намуналарини чоп этишга кўмаклашиш, наср, назм ва таржима йўналишида илмий-методик қўлланмалар тайёрлаш, интернет тармоғида ёш ижодкорлар майдонини яратиш юзасидан фикрлашилди.
Форум якунида фаол иштирокчиларга сертификатлар, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Х.ҚИЛИЧЕВА