Танловнинг саралаш босқичида вилоят бўйича 92 минг 689 нафар ёш китобхон иштирок этиб, тест саволлари асосида билимини синовдан ўтказган бўлса, уларнинг орасидан энг яхши деб топилган 569 нафари танловнинг туман (шаҳар) босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Мазкур босқичда иштирокчилар “Ўзбек адабиёти билимдони” ва “Жаҳон адабиёти билимдони” шартлари бўйича синовдан ўтказилди.
- Болаликдан китоб билан ошно тутиниб юрарканман, худди ана шундай мусобақалар бўлишини, китоблардан олинган таассуротлар, билимларимни тенгдошлар билан ўртоқлашишни орзу қилардим, - дейди танловнинг Деҳқонобод туман босқичи ғолиби Дилмурод Холлиев. – Бугунги танловда ўзим яхши билган адиблар ижодидан саволлар келди, уларга қийналмай жавоб бердим. Энг асосийси, китобга ихлосманд ёшлар кўп ва улар бир жойда эканидан мамнунман.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичида туман шаҳарларда сараланган 3 ёш тоифасида биттадан, жами 45 иштирокчи қатнашади. Улар орасидан энг кучли деб эътироф этилганлари республика босқичига йўл олади. Ғолиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус соврини билан тақдирланади. Хабарингиз бор, ўтган йилги ғолибларга “Спарк” автомобили берилган.
С.АЛЛАЁРОВА