Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

18.01.2019


ЁШ ОЛИМНИНГ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛГАН ПЛУГИ

Ҳа, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш кафедраси докторанти Шерзод Қурбонов таклиф этаётган янги фронтал (такомиллаштирилган, текис ишлов берувчи) плуг деҳқон ва фермерларимизнинг юмушини камайтиради, ортиқча харажат ва асаббузарликларнинг олдини олади.

Биламизки, Ўзбекистон шароитида ердан икки марта ҳосил олиш имкони бор. Бу эса ерни бир ҳаракатнинг ўзида экишга тайёрлашни талаб этади. Мавжуд текис шудгорлайдиган плуглар тупроқ палахсасини ағдариш усулига кўра икки гуруҳга бўлинади: анъанавий технология асосида текис шудгорлайдиган ва истиқболли,  эгатсиз текис шудгорлайдиган фронтал плуглар.

- Бу усулда тупроқ палахсаси оғирлик марказини кўндалангига силжитмасдан ўз ўрнига тўлиқ айлантириб ётқизади, - дейди лойиҳа раҳбари, профессор Фармон Маматов. - Мазкур технология истиқболли эгатсиз текис шудгорлайдиган фронтал плуглар ёрдамида амалга оширилади. Тупроқ палахсаларини ўз ўрнига ағдарганда шудгор юзаси текис бўлади, уюмлар ва очиқ эгатлар ҳосил бўлмайди. Бундан ташқари, тупроқ палахсалари бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда ағдарилганлиги сабабли, корпусларни бир кўндаланг чизиққа симметрик равишда (фронтал) жойлаштириш мумкин. Бу фронтал плугнинг қамраш кенглигини унинг узунлигига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзгартириш имкониятини беради.

- Текис шудгорлайдиган фронтал плугнинг қамраш кенглиги 2,1 метр, у соатига 12 километр тезликда донли ва техник экинлардан бўшаган ерларни такрорий экинлар етиштириш учун 25-27 сантиметр чуқурликда текис шудгорлашга мўлжалланган, - дейди ёш олим Шерзод Қурбонов. - Ўрнатилган сферик дискли бурчаккескичлар ёрдамида ағдарилган тупроқ бир текисда эзилиб, текисланади. Шунингдек, лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги юқори бўлиб, мавжуд машиналарга нисбатан фойдаланиш харажатларини 48-51 фоизга, меҳнат сарфини 23-25 фоизга ва ёнилғи сарфини 20-28 фоизга камайтиради, иш унумдорлигини 21-25 фоизга оширади.

Яратилган янги фронтал плуг анъанавий плугларга нисбатан  кўпгина афзалликларга эга. Яхши структурали очиқ эгат ва марзаларсиз туташ текис шудгор юзасини таъминлайди, ҳосилдорликни 15-18 фоизга оширади. Шунингдек, эрозион хавфли тупроқ зарраларини эгат тубига кўмади. Шудгордан кейин тупроқни экишга тайёрлаш бўйича бажариладиган қўшимча жараёнларнинг қисқариши натижасида далани экишга тайёрлаш учун вақт ва энергия сарфи 1,5-1,8 мартага қисқаради. Энг мақбул мокисимон ҳаракат усули операторга комфорт ва хавфсиз иш шароитини яратади.

Ёш олим бу ишланмасини патентлаштирган ва бугунги кунда уни янада такомиллаштириб, бир ҳаракатнинг ўзида текислаб, ҳам эгат тортиш жараёнини ташкил этишга интилмоқда. Тез орада янги фронтал плугни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бош қотирмоқда.

Айни дамда бу лойиҳа деҳқончиликка ихтисослаштирилган деҳқон ва фермер хўжаликлари, машина-трактор парклари мутахассисларини қизиқтирмоқда.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo