Миришкор туманилик Алишер Кенжаев ҳам “Шер пулс бек” масъулияти чекланган жамиятини таъсис этиб, тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш ниятида эди. Бу борада унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги тегишли қарори асосида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг бўш турган бинолари Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзо бўлган ёш тадбиркорларга 5 йилгача муддатга ноль қийматдаги ижара шарти билан берилаётгани қўл келди.
- Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан ҳудуддаги бўш турган касб-ҳунар коллежи биноларидан бирида Ёшлар тадбиркорлик кластери ташкил этилиб, бизга ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун шу ердан жой ажратиб берилди, - дейди у. – Натижада 10 дона замонавий тикув машинасини харид қилиб, тикувчилик ҳунарини пухта эгаллаган, бироқ айни пайтда ишсиз бўлган 12 нафар фуқарони фаолиятга жалб этдик. Ҳозирги вақтда корхонамизда аёллар спорт кийимлари ҳамда бир неча турдаги болалар либослари ишлаб чиқарилмоқда. Ишни жорий йил бошидан бошлаган бўлсак-да, маҳсулотларимиз қисқа вақт ичида бозорда ўз ўрнига эга бўлиб улгурди. Ҳозирги кунда бир ойда ўртача 10 миллион сўмдан ошиқ маҳсулот ишлаб чиқараяпмиз. Аммо энг асосийси, лойиҳанинг келажагига бўлган ишончимиз мустаҳкамланди, бироз тажриба тўпладик. Мана энди ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ҳаракатидамиз.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, дастлабки режага кўра, агар лойиҳа ўзини оқлай бошласа, унинг иккинчи босқичини ишга тушириш мақсад қилинганди. Бунинг учун корхонанинг ўз биноси қурилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини камида уч баробарга ошириш кўзда тутилган. Шунга кўра, айни пайтда туман марказидан корхона учун икки қаватли махсус бино қуриш ишлари бошланган. Бу ишлар тадбиркорнинг ўз маблағи ҳамда банк кредитлари асосида амалга оширилмоқда. Бино тайёр бўлгач, яна 30 га яқин замонавий тикув машиналари сотиб олиниб, маҳсулотнинг тури ҳам, ҳажми ҳам кўпайтирилади. Бу эса, яна камида 25 нафар қўшимча иш ўринлари яратилади, дегани ҳамдир.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ