Кичик бизнес
Спорт билан мунтазам шуғулланиш - соғлом турмуш тарзининг муҳим шарти. Аммо аҳолининг спортга қизиқишини ошириш, оммавий жисмоний тарбия билан шуғулланишига эришиш учун аввало ҳудудларда шунга шароит бўлиши лозим.
Эътиборли томони, бугун кичик бизнес вакиллари томонидан бу жиҳатга эътибор қаратилиб, соҳада янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада чекка ҳудудларда ҳам пуллик хизмат кўрсатадиган замонавий спорт мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилаяпти.
Ана шундай мажмуалардан бири Яккабоғ туманининг Янгиобод маҳалласи ҳудудида ёш тадбиркор, "Мурод Ибодат Инвест" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бунёд Қодиров томонидан ишга туширилди.
- Ҳудудимизда замонавий спорт мажмуасига бўлган эҳтиёж юқорилигини биламан, - дейди тадбиркор. - Айнан шу жиҳат мени ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга ундади. Бу борада молиявий кўмак сўраб "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг туман бўлимига мурожаат этгандик, улар ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, 350 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиб беришди. Ушбу маблағ эвазига фитнес клуб учун керак бўлган барча спорт анжомларини харид қилдик ва мавжуд бинони мослаштириб, фаолиятни йўлга қўйдик.
Айни пайтда тадбиркор миллий кураш ва бокс тўгараклари, фитнес зали фаолиятини йўлга қўйган. Субъект мижозлари ичида ёш ўғил-қизлар билан бир қаторда, ёши катта инсонлар, уй бекалари, нафақадаги кишилар ҳам бор. Янги лойиҳа ортидан 7 нафар ёшнинг иш билан таъминлангани ҳам эътиборга молик.
Таъкидлаш жоиз, бугун мамлакатимизда фаол ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бу каби кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқишига замин яратмоқда.
Мисол учун, биргина "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг Яккабоғ тумани бўлими томонидан ўтган йил давомида 20 нафар тадбиркор ёшга 7 миллиард сўмдан ошиқ имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Натижада ҳудудда иссиқхоначилик, паррандачилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва шу каби соҳаларда кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилди, 211 нафар ёшнинг иш билан бандлиги таъминланди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.