Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

02.11.2017


ЁШ ТАДБИРКОРЛАРДАН – ХАРИДОРГИР МАҲСУЛОТЛАР

Айтиш жоизки, ёш тадбиркорлар томонидан харидорларга таклиф этилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлиги ва юқори талабга эгалиги билан ҳам ажралиб туради. Асосийси, уларнинг бизнесда аниқ бир танлаган йўналишига чуқур ихтисослашуви кўзга ташланмоқда. Бу эса муайян тармоқ имкониятларини яхшироқ ўзлаштириш, ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини оширишда муҳим омил бўлаётгани билан аҳамиятлидир.

Бугун муайян ҳунарларни эгаллаб, яхшигина даромад келтирувчи фаолиятни ташкил этаётган ёшлар талайгина. Улар тайёрлаган миллий ҳунармандчилик, жумладан, каштачилик, тикувчилик, кулолчилик, заргарлик, ёғочсозлик намуналари бежиримлиги ва дид билан ишлангани боис ички бозорда ўз харидорини топаяпти. 

- Заргарлик ҳунарига қизиқишим баланд, - дейди ғузорлик Фаёз Суюнов. – Уста заргарга шогирд тушиб, бир неча йил давомида ушбу ҳунарнинг сирларини ўргандим. Асосан кумушдан зеб-зийнат буюмлари ясайман. Ишларимда кўпроқ қадимий заргарлик анъаналари кўзга ташланади. Жевак, зебигардон каби тақинчоқлардан қадимда момоларимиз фойдаланишган. Бу тақинчоқларга ҳозирда ҳам қизиқиш, талаб ошмоқда. Имконим даражасида ушбу зеб-зийнат буюмларига сайқал бераяпман. Айни вақтда Қарши транспорт коллежи 2-босқичида таҳсил олаяпман. Келгусида заргарлик ҳунаримни давом эттиришни ният қилганман.

Миришкорлик Наргиза Турсунова ҳам коллеж ўқувчиси. Келгусида у ўз ҳаётини тадбиркорлик билан боғламоқчи. Қўлида чиройли ҳунари бор. Каштачилик ва қуроқ тикиш сирларини яхши эгаллаган. Ёш ҳунарманд тиккан сўзана, жойпўш, дастурхон, ёстиқ жилди ҳамда кўрпа-тўшакларга харидор кўп. Наргиза ўқишни тамомлаб, тикув цехи очиш, шогирдлар тайёрлашни мақсад қилган.

Ишлаб чиқариш йўналишида иш бошлаб, кўзга кўринарли натижаларни қўлга киритаётган ёшлар ҳам салмоқли. Улар ҳозирги пайтда кўпроқ озиқ-овқат, текстиль, мебель, қурилиш саноатида фаолият юритишни афзал билишмоқда.

Шаҳрисабзлик ёш тадбиркор Фаррух Хуррамов ўз бизнесини яқинда ташкил этган. Асосий фаолияти қандолат маҳсулотлари тайёрлашга қаратилган. Бугунги кунда аҳолига таклиф этилаётган пишириқлар тури 7 хилга етди. Кунига ўртача 250 килограммгача тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ёш ишбилармон келгусида ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини ошириш, янги ускуналар харид қилишни режалаштираяпти. Бунинг учун тижорат банкининг ёрдамидан фойдаланиш истагида.

- Ўтган йили коллежни тамомлаб, ўз мустақил бизнесимни йўлга қўйдим, - дейди қамашилик якка тартибдаги тадбиркор Жавоҳир Муқимов. – Ҳозирда ёғоч устачилиги билан шуғулланаяпман. Турли мебель жиҳозлари, сандиқ ва бешик ясайман. Маблағ тўплаб, зарур дастгоҳ ва аппаратлар сотиб олдим. 2 нафар тенгдошимни ишга ёлладим. Асосан буюртма асосида ишлаймиз. Бугунги кунда биз ишлаб чиқараётган ошхона, офис мебеллари, ёғоч эшик-ромларга талаб юқори. Маҳсулотимиз сифати аҳолига манзур бўлаяпти.

Таъкидлаш ўринлики, сўнгги вақтда вилоятимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ёш фермерлар сони ҳам ошиб бораяпти. Улар бугун янгиликка ўч, интилувчан. Шу сабабми, бу ёшлар ўз соҳасини тезда ўзлаштириб, деҳқончилик ҳамда бошқа тармоқларда маҳсулдорлик кўрсатишаяпти. Пахтачилик ва ғаллачилик билан чекланиб қолмай, янги йўналишларга ҳам қўл уриб, яхши натижаларга  эришишмоқда. Касби туманидаги “Акмал Оромов” фермер хўжалиги раҳбари Акмал Оромов ана шундай ёшлардан.

- Фермерлик ишини зиммамга олганимга 4 йил бўлди, - дейди у. – Ўтган қисқа вақт ичида асосий эътиборни етакчи тармоқларни жадал ривожлантиришга, шу орқали юқори даромад кўриб, қўшимча йўналишларни босқичма-босқич йўлга қўйишга қаратдим. Уринишларим бесамар кетмади. Барча тармоқларда кўрсаткичларни яхшилаб бораяпман. Бу йил 39 гектар майдонда пахта, 43 гектарда ғалла парваришлаб, шартнома режасини ортиғи билан уддаладик. Давлатга сифатли уруғлик пахта ва дон топширдик. Бир неча йилдан буён чорва боқаяпмиз. 150 бош қўйимиз бор. Яқинда хориждан 5 бош наслли қорамол олиб келдик. Боғдорчиликда ҳам натижаларимиз яхши. 1,5 гектар жойда олма экилган. 6 сотих ерда иссиқхона барпо қилганмиз. Лимон, помидор ва бодринг етиштирамиз. Жорий йил бошида ўз маблағимиз ҳисобидан балиқчилик йўналишини ташкил этдик. Кичикроқ ҳовузда оқ амур, дўнгпешана зотли балиқларни парвариш қилаяпмиз.

Ёш фермернинг сўзларига кўра, хўжаликда такрорий экинлар етиштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 10 гектар майдонга сабзи экилди. 5 гектар жойда парваришланган мош ҳосили териб олинди. Яна шунча ерга пиёзни уруғидан экиш мўлжалланган. Маҳсулотнинг бир қисми ички бозорга йўналтирилса, қолгани экспортчи корхоналарга етказиб берилади. Шунга монанд фермер бултур йилни 150 миллион сўм соф фойда билан якунлаган бўлса, бу йил кўпроғига умид қилаяпти.

Тадбиркорликка қатъий бел боғлаган Муҳаммад Мирзаевнинг ҳам ўз режалари бор. У айни пайтда Ғузор қишлоқ хўжалиги коллежининг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги йўналишида таҳсил олади. Бу ерда чилангарлик, пайвандчилик касбини пухта ўрганмоқда. Таълимни амалиёт билан узвий олиб боришга ҳаракат қилади. Шу сабаб у темирчи устага шогирд тушган. Турли панжара, дарвоза, металл конструкцияли бошқа буюмларни ясаш Муҳаммаднинг қўлидан келади. Уй-рўзғорда ишлатиладиган капгир, чўмич каби темирчилик буюмларини ҳам тайёрлай олади. Ўқишни тамомлаб тадбиркорлик қилмоқчи, цех ташкил қилиш нияти бор. Режаси амалга ошса, бир нечта тенгдошини иш ўрни билан таъминлайди.

Юқорида номлари тилга олинган ёшлар яқинда вилоят ёшлар марказида “Ватаним равнақига менинг ҳиссам” шиори остида ўтказилган кўргазмада ўз маҳсулотлари билан қатнашган 50 нафарга яқин ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлардан айримларидир. Ушбу тадбирда ўз соҳасида юқори кўрсаткичларга эришаётган ёшларнинг иштироки юқори баҳоланди, юксак эътирофга муносиб кўрилди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, ишбилармонлик ғояларини амалга ошириши учун барча имконият ва шарт-шароитлар мужассам. Ўз навбатида улар ушбу қулайликлардан ўрнида, самарали фойдаланишмоқда, Ватан равнақига ҳисса қўшишмоқда.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo