Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида “Ёш қутқарувчи” клубларининг самарали фаолияти бу борада муҳим аҳамият касб этади. Боиси, ушбу клубларда олиб бориладиган машғулотларда болалар фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш усулларини ўрганиб, альпинизм ва қояга чиқиш кўникмаси билан танишишади, жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлайдилар. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлда қабул қилинган “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказиб келинаётган “Ёш қутқарувчи” мусобақаси таълим дастурининг муҳим таркибий қисмига айланди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейида ўтказилган тадбир ҳам академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда умумтаълим мактабларида “Ёш қутқарувчи” клублари фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш масалаларига қаратилди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, таълим муассасаларининг фуқаро муҳофазаси бўйича мутахассислари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтган кўргазмали семинарда фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва уларга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, тизим янгиликлари, шунингдек, қутқарув гуруҳининг замонавий асбоб-анжомлари, техникалари, фавқулодда вазиятда қандай ҳаракатланиш хусусида зарур маълумотлар берилди. “Ёш қутқарувчи” клублари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.
Н.АБДУЛЛАЕВ,
И.МУҚИМОВ,
вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари