Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

28.02.2020


ЁШЛАР БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Сессия

Жорий йилнинг 25 февраль санасида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VI чақириқ 3-сессияси бўлиб ўтди.  Унда кенгаш депутатлари билан бир қаторда вилоят ташкилотлари, вилоят, барча шаҳар ва туманлар  сектор раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Сессияда вилоятда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида шу йўналишда бажарилиши лозим бўлган вазифалар кенг муҳокама этилди.

Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда аҳоли сони 3 миллион 200 минг кишидан ошди. Шундан 391 минг 758 нафари ёки 12 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бугунги кунда уларнинг 9 фоизи, яъни 36 минг 636 нафари ишсиз.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, ишсиз ўғил-қизларнинг 18 минг 991 нафари уюшмаган, 16 минг 999 нафари таълим муассасалари ва муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб, сўнг иш тополмаган, 418 нафари имконияти чекланган ҳамда 228 нафари жазони ўташ муассасаларидан қайтган ёшлардир.

Сессияда вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг "Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрда мамлакат ёшлари билан ўтказилган учрашувда берган тавсия ва топшириқлар ижроси юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар, ёшлар бандлигини таъминлашда кечиктириб бўлмайдиган вазифалар, сектор раҳбарлари томонидан ёшлар билан  доимий мулоқот қилиш амалиётини мустаҳкамлаш тўғрисида"ги ахбороти тингланди.

Қайд этилишича, жорий йилда ишсиз вилоят ёшларининг 72 фоизи, аниқроғи 26 минг 481 нафари бандлиги таъминланади. Бу борада аниқ "Манзилли режа" ишлаб чиқилган бўлиб, жумладан, унда қишлоқ хўжалиги соҳаси тармоқларида 9 минг 707 нафар; тадбиркорлик йўналишида  5 минг 947 нафар; қурилиш отрядларига йўналтириш орқали 2 минг 922 нафар; ҳунармандчилик ва касаначилик  асосида  2 минг 467 нафар; хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 2 минг 307 нафар; Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали 927 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган.

Албатта, бу кичик рақамлар эмас. "Манзилли режа"да кўзда тутилган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, тўлиқ амалга оширилишига эришиш учун аниқ манзил, таҳлилий ҳисоб-китоб, қатъий назорат, ишончли манба талаб этилади. Шунга  мувофиқ, сессияда вилоят ҳокими, 1-сектор раҳбари Зойир Мирзаев, вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари Эркабой Тожиев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Шуҳрат Сотиболдиев, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Азамат Бозоров ўзларига бириктирилган ҳудудларда "2020 йилда ишсиз ёшлар (18-30 ёш) бандлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар" тақдимотини ҳам ўтказишди.    

Маълум бўлишича, жорий йилда вилоятда бандлиги таъминланиши кўзда тутилган ишсиз ёшларнинг 6 минг 609 нафари  1-сектор, 7 347 нафари 2-сектор, 7 263 нафари 3-сектор ва 5 262 нафари 4-сектор ҳудуди ҳиссасига тўғри келади. Улар учун янги иш ўринлари яратишни кўзда тутувчи қатор лойиҳаларни рўёбга чиқариш мақсадида тижорат банкларининг 85 миллиард 200 миллион сўм кредит маблағларини жалб этиш режалаштирилган.

Мисол учун, ушбу кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган "Ҳар бир ёшга - бир гектар" лойиҳаси доирасида 5 минг нафардан кўпроқ ёшларнинг бандлиги таъминланиши кутилаяпти. Бунинг учун ҳар бир туман кесимида захирада турган ва ғалладан бўшайдиган майдонлар ўрганилиб, 5 минг 300 гектар ер танлаб олинган. Жумладан, Муборак туманидан 400 гектар, Ғузор ва Касби туманларидан 600 гектардан, Нишон  ва Миришкор туманларидан 700 гектардан, Қарши туманидан 800 гектар, Косон туманидан 1500 гектар ер майдони лойиҳа доирасида ишсиз ёшларга фойдаланиш учун ажратиб берилади.

Яна бир йўналиш бўйича 540 нафар ёшнинг ҳар бирига 2 сотихдан ер ажратилиб, олинадиган кредит маблағлари эвазига ихчам иссиқхоналар ташкил этиш орқали улар бандлиги таъминланади.

Шунингдек, тақдимотларда Қарши шаҳрида фаолият олиб борувчи "UZSHOES" Ўзбекистон-Беларусь қўшма корхонаси (210 нафар), Қарши туманидаги "LT Teхtil International" корхонаси (420 нафар) ва вилоятдаги қатор саноат субъектларида амалга оширилаётган янги лойиҳалар доирасида яратиладиган иш ўринларининг ҳам катта қисми ишсиз ёшлар учун келгуси фаолият манзили бўлиши белгилангани қайд этилди.

Демак, шу каби аниқ манзил, таҳлилий ҳисоб-китоб, молиялаштириш манбалари бор. Ижро юзасидан эса депутатлик, раҳбарлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилиши айтиб ўтилди. Натижани эса вақт кўрсатади.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмаҳматов сўзга чиқди. 

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз

Report typo