- ...фестиваль доирасида биргина "конфети ва серпантин"га (ҳужжатда бунга "зар сепадиган" деб изоҳ берилган) 15 миллион сўм сарфланган. 100 дона 50 метрлик гирляндалар эса 21,5 миллион сўмга баҳоланган. Аммо энг қиммати - фестиваль бўлиб ўтган жойда ўрнатилган 150 квадрат метрлик LED экран ижарасидир. Унинг уч кун давомида ишлатилиши (такрор айтамиз: сотиб олиниши эмас, ижараси) вилоятимиз бюджетига 440 миллион сўмга тушди.
Давлат харидлари
Эсингизда бўлса, ўтган ойнинг 13-15-саналарида Шаҳрисабз шаҳрида "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида фестиваль ташкил этилган эди. Бир ҳафтадан сўнг дастлаб "Новости Кашкадарьи" Telegram-канали, кейин эса "Nasafnews.uz" интернет-портали ва бошқа нашрлар бу уч кунлик ёшлар фестивалини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғарма маблағлари ҳисобидан 1,5 миллиард сўмдан ортиқ, аниқроғи, 1 миллиард 517,8 миллион сўм ажратилгани ҳақида хабар берди ва исбот тариқасида вилоят ҳокимининг шу ҳақдаги жорий йил 21 июндаги қарорини ҳам илова қилди.
Ўшанда кимдир ҳайратдан ёқа ушлади ва одатда жавобсиз қолаётган саволларни қалаштириб ташлади: "Уч кунлик фестивалга 140 минг доллардан ортиқ маблағ кўплик қилмасмикан? Бугун ҳатто жаҳоннинг энг бой мамлакатлари ҳам бюджет харажатларини қисқартираётган бир пайтда кимга керак бундай исрофгарчилик?"
Яна кимдир вилоят ҳокимлиги ажратган 1,5 миллиард сўмдан ташқари, туманлар ҳам бу тадбирга анча-мунча пул сарфлашганини билдириб, аслида фестивалга бундан ҳам кўп маблағ совурилганини тахмин қилди.
Бироқ ёшлар фойдаси йўлидаги ушбу харажатларни қўллаб-қувватлаган одамлар ҳам бўлди. "Ёшлар учун қанча пул сарфланса ҳам оз! Ҳаммаларингиз кўрдинглар: кўплаб йигит-қизлар мукофот олди, рағбатлантирилди. Қолаверса, бир неча юз минглаб кишилик тадбир қилишнинг ўзи бўладими?!" деди улар.
Бу фикрларнинг ҳар бирида қайсидир маънода жон бор, деб турган пайтимизда Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида Шаҳрисабз шаҳридаги ёшлар фестивалига доир айрим маълумотлар жойлаштирилди. Уларга кўра, Қашқадарё вилоятидаги "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" фестивали режиссураси ва ташкил этилиши билан боғлиқ хизматлар учун вилоят ҳокимлиги томонидан "ZAMIN STV" хусусий корхонасига 837 миллион 680 минг сўм, яъни вилоят бюджетидан фестиваль учун ажратилган пулларнинг ярмидан кўпи ўтказилиши керак экан.
"Режиссура ва ташкил этиш" нимадан иборатлигини билиш учун мазкур хусусий корхонанинг танловга тақдим этган тижорат таклифига юзланамиз. Унда акс этган рақамларга қараганда, фестиваль доирасида биргина "конфети ва серпантин"га (ҳужжатда бунга "зар сепадиган" деб изоҳ берилган) 15 миллион сўм сарфланган. 100 дона 50 метрлик гирляндалар эса 21,5 миллион сўмга баҳоланган. Аммо энг қиммати - фестиваль бўлиб ўтган жойда ўрнатилган 150 квадрат метрлик LED экран ижарасидир. Унинг уч кун давомида ишлатилиши (такрор айтамиз: сотиб олиниши эмас, ижараси) вилоятимиз бюджетига 440 миллион сўмга тушди.
Таққос учун: бир йил давомида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун вилоятимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига энг кўпи билан 30 миллион сўмдан грант берилади. Демак ёшлар фестивалидаги LED экраннинг уч кунлик ижараси тахминан 15 та ННТнинг грантига тенг.
Яна бир қизиқ, аммо тушуниш анча қийин бўлган томони шундан иборатки, Шаҳрисабз шаҳрида 13-15 июнда бўлиб ўтган фестивални бошқариш ва ташкил этиш учун хизмат кўрсатувчи корхонани танлаш 24 июнда (???) амалга оширилган. 2021 йил 24 июндаги танлов баёнига кўра, шу куни вилоят ҳокимлигининг бир қатор масъул ходимлари "ZAMIN STV" хусусий корхонаси, "CHORTOQ STAR MEDIA" МЧЖ ва "ZAMIN NUR MEDIA" МЧЖ томонидан тақдим этилган тижорат таклифларни ўрганиб чиқишди ва "нархи арзонлиги ва сифати яхшилигини" эътиборга олиб, "ZAMIN STV" ХК хизматларини танлашди.
Бу баённи кўриб, кулишингни ҳам йиғлашингни ҳам билмайсан киши. Наҳотки, 24 июнда танлов ўтказган ва унинг баёнига имзо чеккан масъул шахслар ёшлар фестивали тахминан 10 кун олдин якунланганини билишмаган бўлса? Билишса, нега танловни фестивалдан олдин эмас, анча кейин ўтказишди? Ёки ҳаммасига ҳокимнинг қарори кеч (21 июнда) чиқарилгани сабаб бўлдими?
Бундан ташқари, фестиваль 13-15 июнда ўтиб кетгани аниқ бўлса, қандай қилиб, бир эмас, бир йўла учта корхона уни бошқариш ва ташкил этиш хизматлари бўйича тижорат таклифлари киритиши мумкин? Ё уларнинг айримларида вақт машинаси бормикан, 10-15 кун олдинги тадбирларни ўтказишга рақобат боғласа?!
Хулоса ўрнида бир таклиф киритмоқчимизки, келгусида вилоятимизда ёшлар иштирокида йирик тадбирлар, фестиваль, анжуманлар ўтказиш жараёнида улар учун, албатта, бюджетни шакллантириш ва тақсимлаш, солиқ тўловчиларнинг маблағларидан тўғри ва самарали фойдаланиш, ҳужжатларни расмийлаштиришда қонун меъёрларига амал қилиш бўйича бир қатор семинар ва тренинглар, амалий машғулотлар ташкил этиш керак. Токи улар биз қилган хатоларни такрорламасин...
Ўз мухбиримиз
Р.S. Катта дабдаба билан тўй қилаётган одамларни ортиқча сарф-харажатдан қайтаришга уринсангиз, улар "Биз орзу-ҳавас қилганмиз, биринчи навбатда ёшлар бахтини ўйлаймиз" дея рад қилишади, аммо аслида кимгадир ўзининг куч-қудрати, салоҳияти ва имкониятларини кўз-кўз қилишни мўлжаллашади. Шу маънода уларнинг Шаҳрисабздаги ёшлар фестивали ташкилотчилари билан ўхшашлиги бор, чамамизда. Биргина фарқи, тўй қилаётганлар ўз чўнтагидан пул сарфлайди...