Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ҲАЛИМОВ, Соҳиба СУЮНОВА

09.02.2017


ЁШЛАР ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг соғлом муҳитда камол топишини таъминлаш борасидаги кенг кўламли ишлар бир зум тўхтаган эмас. Хусусан, июнь - мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги деб эълон қилингани ҳам фикримизга далил. Ойлик давомида вилоятимизда кўплаб тадбирлар - ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни  муносабати билан Қарши шаҳридаги амфитеатрда ташкил этилган галаконцерт ана шундай кенг қамровли тадбирлардан бири бўлди. У "Ёшлар гиёҳвандликка қарши" шиори остида кўтаринки кайфиятда ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, Маданият ва спорт ишлари бошқармаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорликда ташкил этган галаконцерт аввалида  "Биз ёшлар соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" шиори остидаги югуриш марафони уюштирилди.

Марафонда Қарши шаҳридаги мактаблар, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари иштирок этди. Марафон финиши муҳташам амфитеатрда  ўрнатилди. Бу ерда пешқадамлар олқишлар билан қарши олинди.

- Мен бу югуриш марафонига ўз хоҳишим ва қизиқишим сабаб иштирок этаяпман, - дейди Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Ислом Ўтаганов. - Марафон анча қизғин кечди. Маррага кичик ёшдагилар ўртасида иккинчи бўлиб етиб келдим. Бу орқали ўзимга  бўлган ишончим янада ортди. Айниқса, соғлом турмуш тарзи тарғиботига ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман.

- Мен катта ёшдагилар ўртасида биринчи бўлиб маррага етиб келдим, -дейди Ҳусниддин Раҳмонқулов. - Эътиборлиси, бугун кўплаб ёшлар бу марафонга ўз ташаббуслари билан келиб қўшилишди. Бу эса Ўзбекистон ёшлари соғлом турмуш тарзи тарафдори эканлигидан далолатдир.

Марафон "Ёшлар гиёҳвандликка қарши" номли концерт дастурига уланиб кетди. Концертда Ватан, унинг тинчлиги, осуда осмони тараннум этилди. Меҳр-муҳаббат, эзгулик каби инсоний туйғулар куйланди. Тадбирда ёшларимиз юксак маънавият билан турли иллатларга, хусусан, гиёҳвандликка қарши тура олиши, Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилишга иштиёқи баланд экани яна бир бор ўз ифодасини топди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда аср вабосига айланиб бораётган гиёҳвандлик иллати дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Айниқса, айрим ёшларнинг бу иллат домига тушиб қолаётгани ҳар бир инсонни янада ҳушёрликка чорлайди. Шу боис юртимизда ёшларни бу каби бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш мақсадида уларда маънавий дунёқарашни ўстириш, мустақил фикрни шакллантириш, эл-юртга ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғуларини улар қалбига болалигидан сингдириш асосий вазифа сифатида кўрилмоқда.

Тадбир давомида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабалари томонидан гиёҳвандлик ва унинг оқибатлари акс этган саҳна кўринишлари ҳам намойиш этилди. Айниқса, "Гиёҳванд" номли шеърга ишланган саҳна кўриниши томошабинларни ҳаяжонга солди. Ундаги гиёҳванднинг афсуси, онанинг оҳу ноласи йиғилганларда бу иллатнинг қанчалик жирканч оқибатларга олиб келиши ҳақида  тасаввур уйғота олди.

Мазкур галаконцертда дунё ареналарида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёш спортчилар, жамоат арбоблари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқув муассасаларининг "Қувноқлар ва зукколар" жамоалари ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этди. 

- Концерт дастурига фарзандларим ва қўшниларимиз билан бирга келдик, - дейди Саломат Умирова. - Ўзим уй бекасиман, фарзандларим ҳали ёш. Уларни ёмон иллатлар домига тушиб қолишидан ҳимоя қилиш менинг вазифам. Ана шу мақсадда фарзандларим мана шундай жамоатчилик тадбирларида иштирок этишини, яхши дўстлар сафида бўлишини хоҳлайман.

Галаконцерт иштирокчиларда катта таассурот қолдирди, барчани гиёҳвандликка қарши биргаликда          курашишга ундади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,  Соҳиба СУЮНОВА

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo