Таълим ва ислоҳот
Муайян касб-ҳунар эгаси бўлган киши ҳаётда ўз ўрнини осон топади, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлиб қолмайди. Бу баландпарвоз янги гаплар эмас, шунчаки турмушда кўрилган-кузатилган ҳақиқат. Шундай экан, ҳар ким, айниқса ёшлар бирор касб-ҳунарни ўрганиши ҳаётий зарурат сифатида намоён бўлаверади.
Шаҳрисабз шаҳридаги 2-сон касб-ҳунар мактабида ана шу ҳақиқатни яхши англаган 455 нафар ўқувчи таълим олади. Улар беш йўналиш - "Рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси", "Компьютер графикаси ва дизайн оператори", "Автомобиль двигателларини қисмларга ажратиш ва йиғиш чилангари", "Автомобилларни таъмирлаш чилангари", "Тикувчи"лик мутахассисликлари бўйича таҳсил кўришмоқда.
- Айни пайтда бизда касб-ҳунар ўрганаётган ўқувчиларнинг 222 нафари битирувчилар ҳисобланади, - дейди мактаб директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари Гулноз Ибрагимова. - Улар ўтган икки йил давомида ўзлари танлаган йўналиш бўйича мутахассис сифатида шаклланишга улгурди, қўлларидан иш келиб қолган. Демак, ўқув дастурида амалий машғулотларга кенг ўрин берилгани, аввало бунинг учун мактабимизнинг ўзида етарлича шарт-шароит яратилгани самарасини кўрсатмоқда.
Яқинда мактабда ўтказилган "Очиқ эшиклар куни" ва "Касблар фестивали"да ана шу ўқувчилар ўз касбий маҳоратларини намойиш этишди. Уларни тадбирга таклиф этилган шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази, иш берувчилар, ота-оналар вакиллари катта қизиқиш билан кузатиб боришган бўлса, бу Шаҳрисабз шаҳри ва туманидаги 39 та ўрта мактабдан келган 1000 нафардан ортиқ 9-синф битирувчиларига муайян касб-ҳунарни танлаш борасидаги режаларига ойдинлик киритиб олиш имконини тақдим этди.
Ўз мухбиримиз