Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни ёшлар билан учрашувдаги маърузаси ҳамда 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ва чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди. Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга эътибор, уларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани, бу борада улкан ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида профессионал фаолият юритувчи тузилмага айланиши билдирилди.
Шундан сўнг, йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси ҳамда ижроия қўмитаси таркибини сайлаш каби ташкилий масалалар кўрилди. Кенгаш раислигига Шомурод Сатторов номзоди кўрсатилди. Мазкур номзод йиғилиш қатнашчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Ижроия қўмита таркиби ҳам сайлаб олинди.
Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Одилжон Таджиев сўзга чиқди.
М.ШУҲРАТОВ