Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

01.03.2019


ЁШЛАР ХОРИЖИЙ ТИЛЛАРНИ ЎРГАНИШ ЙЎЛИДА

Маълумки, ушбу таълим муассасасида ёшларга 4 хорижий тил: рус, инглиз, немис ва француз тилларида сабоқ берилади. Академик лицей "Эгизак таълим муассасалари" ("Les etablissements jumilages") лойиҳаси асосида юртимиз ва хориждаги нуфузли ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларига, шу билан бирга, хорижда малака ошириб қайтган педагоглар жамоасига эга.

Қолаверса, бу ерда Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг PASCH - "Мактаблар: келажак ҳамкорлари" лойиҳаси орқали бутун дунёда танлаб олинган мактабларда немис тили дарсини қўллаб-қувватловчи халқаро дастури ҳам амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Ушбу дастурнинг мақсади ўқувчилари энг яхши таълим олиш имконига эга бўлган мактаблардан иборат халқаро тизимни шакллантиришга қаратилган. Шу асосда ўтган йили лицейнинг 4 ўқитувчи ва яна шунча ўқувчиси Германияда бўлишди.

Эътиборлиси, педагогларнинг Европа ва Шарқий Осиё мамлакатлари мутахассислари билан мунтазам равишда фикр, тажриба алмашиб келаётгани уларнинг замон талаблари асосида дарс ўтиши, таълим сифати жаҳон стандартларига жавоб бера олишини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Тиллар фестивалида Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси атташеси Йенс Вернер ҳам қатнашди. Маълумот учун, атташе айни кунларда ушбу таълим муассасасида бўлиб, 2 кунлик семинар ўтказмоқда.

Тадбирда чет тиллардаги адабиёт намуналари, шунингдек, "Урф-одатлар - миллат маданиятининг кўзгуси" мавзусида хорижий мамлакатларнинг урф-одатларидан кўринишлар, рақс ва қўшиқлар ижро этилди. Машҳур киноасарларнинг хорижий тилдаги талқини барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Н.ХЎЖАЕВ

С.НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo