Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

26.02.2019


ЁШЛАР "КУНТУҒМИШ" НИ ТИНГЛАДИ

Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, достонлар ҳамда бахшичилик санъатига қизиқишини ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу кечага таниқли бахшилар, маданият ва санъат намояндалари, ўқувчи-ёшлар таклиф этилди.

Кечада Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимов  "Кунтуғмиш" достонини ижро этди.

Қаҳҳор бахшининг ёқимли овози тингловчилар тасаввурида Нўғай юртида Авлиёйи Қорахон исмли, Қиличхон лақабли подшо ўтгани, унинг Кунтуғмиш исмли ёлғиз ўғли бўлгани ва у йигирма ёшгача илмни, сўнг қиличбозлик, милтиқ отиш, найзабозлик, кўпкари чопиш каби сипоҳилик ҳунарларини ўргангани, ҳар томонлама комил шаҳзода бўлиб етишганини намоён қила олди.

Сўнг достон воқеаларида Буврахон деган подшонинг бир-биридан иноқ вазирлари, улардан бирининг Холбека деган гўзал қизи борлиги, подшо унга ошиқ бўлиб қолгани тасвирланади.

Достон бош қаҳрамонлари Кунтуғмиш ва Холбеканинг бошидан ўтганлари, ўша давр золимликлари бир-бир бахши тилида жонланади. 

- Бугун бахшиларимиз куйлаётган достонларда, термаларда халқимизнинг беқиёс жасорати, букилмас иродаси, мустаҳкам иймон-эътиқоди, ёруғ келажакка бўлган қатъий ишончи баралла тараннум этилмоқда, - дейди вилоят "Ворис" фольклор ва номоддий маданий меросни ривожлантириш маркази директори Фотима Жумаева. - Халқимизнинг узоқ йиллик анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган бу санъат тури Ватанни мадҳ этиш, ёшлар онгига эзгулик ғояларини сингдириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда беқиёс.

Шунингдек, кечада ёш бахшилар, уларнинг ижоди юзасидан ҳам фикрлашилди.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Report typo