Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

01.11.2019


"ЁШЛАР МЕҲНАТ ГУЗАРИ" ВА КОВОРКИНГ МАРКАЗИ НЕГА ҲУВИЛЛАБ ЁТИБДИ?

Фотонигоҳ

Хабарингиз бўлса, бундан нақ тўрт ой олдин Қарши шаҳрида "Ёш тадбиркорлар" коворкинг маркази ва "Ёшлар меҳнат гузари" мажмуаси фойдаланишга топширилган, ушбу марказ ва мажмуа ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шу асосда кўплаб ўғил-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кўзланган эди.

Дастлаб ҳаммаси кўзда тутилганидек ҳам бўлди: 8 нафар ёшга имтиёзли ижара асосида 8 та хона ажратилиб, тикувчилик, миллий ҳунармандчилик, телефон тузатиш устахонаси, компьютер хизматлари, мебель устахонаси, келин кўйлаклар салони, тамаддихона ҳамда "Book cafe" фаолияти йўлга қўйилди. Ҳар ҳолда... турли ҳужжатларга шундай деб тиркалди.

Хўш, бугун бу ерда ишлар қандай кетяпти? Тадбиркорлигини йўлга қўйган ёшларнинг иши баравжми? Манфаатдорлиги ошаяптими?

Бугун бу манзилда бўларкансиз, ҳафсалангиз пир бўлиши табиий. Чунки айтилган   хоналарнинг барига қулф урилган, фаолияти гуллаб кетган бирорта ёш тадбиркорни кўрмайсиз. Эшигига "Бизнес режа ва баҳолаш маркази" деб ёзиб қўйилган хонада икки стол ва шкафдан бошқа нарса кўринмайди. Бу хонага анчадан бери одам кирмагани кўриниб турибди. "Book cafe"да ҳам аҳвол шу - кўп вақтдан бери бу ерга биров келгани даргумон. Тамаддихона эса бошланганича қолиб кетган, қаровсиз ётибди.

Маълум бўлишича, бу ерда таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари "Ғузор арбат" МЧЖ томонидан 1 миллиард 186 миллион сўм маблағ эвазига бажарилган.

- Биз эски бинони олиб, замонавий кўринишга келтириб бердик, бу ерга жойлашадиганлар имтиёзли ижара асосида, 30 фоиз улуш билан киришлари айтилган эди, лекин шунча вақт ўтган бўлса-да, бирор сўм тўлаб берилгани йўқ, - дейди "Ғузор арбат" МЧЖ раиси Отажон Холияров. - Фойдаланишга топширганимизда, хоналар одамга тўлди-да, кейин ҳеч ким келмай қўйди. Ҳозир фақат рассомчилик тўгараги учун берилган 2 хонадан 400 минг сўм ижара ҳақи оламиз, кейин компьютерчилар ишлаб турибди. "Book cafe"ни икки ойча ишлатдик, сўнг буям фаолият кўрсатмай қўйди.

Чиндан ҳам гузарда тадбиркорлик қиламан, деган ёшлар учун ҳамма шароит муҳайё. Мисол учун, бинонинг иккинчи қаватидаги чап корпусидан тадбиркорлик офиси хонаси, маъмурият, банк, Савдо-саноат палатаси, бандлик бўлими ходимлари учун алоҳида хоналар, катта зал жой олган, барчаси зарур жиҳозлар билан таъминланган. Аммо одам зоти йўқ. Савол туғилади: шунча шароит, шунча имконият нимага, кимга яратилганди ўзи?

- Ёшлар келиб "Бино тескари томонга қараган, йўл устида эмас экан", деб 4-5 кун ишлаб қайтиб кетишяпти, - дейди "Yoshlar - kelajagimiz" жамғармаси Қарши шаҳар филиали раҳбари Жамшид Раҳмонқулов. - Лекин, мана, ҳамма шароит бор. "IT centr"да компьютерлар, интернетдан бемалол, текинга фойдаланишлари мумкин. Мини-офис кўринишида жиҳозланган, бемалол ўз ишини йўлга қўйишса бўлади.

Бинони таъмирлаб-жиҳозлаган тадбиркорнинг сўзларига кўра, "Yoshlar - kelajagimiz" жамғармаси Қарши шаҳар филиали ҳеч бир харажат қилмай бу ердан қўним топган, айтилган улушни тўлаш хаёлларига келаётгани йўқ. Уни тушуниш мумкиндир, тиккан сармоясини чиқариб олишни истайди, лекин "Yoshlar - kelajagimiz" жамғармасидагилар-чи? Улар нега мажмуанинг бу тарзда ҳувиллаб ётишига бефарқ, томошабин бўлиб қараб келишяпти? Бу саволга жавоб ўзини кўп куттирмади. Шу орада бу ерга вилоят ҳокими келиши мумкинлиги, у ёқ - бу ёққа қараб қўйишлари кераклигини айтиб қолишди. Филиал раҳбари эса кимгадир телефон қилиб (тусмолимизча, Ёшлар иттифоқидагиларга), вилоят ҳокими келаётгани, бу ерда эса ёшлар йўқлиги, шаҳар кенгаши билан гаплашиб, 20-30 одам йиғиб беришни сўради.

Демак, кейинги манзарани тасаввур этса бўлади: "катта"лар келишига мослаб бир тўда ёшлар гўё ишлаётгандай бўлиб туради, "катта"лар қайтгач, улар ҳам ортига равона бўлишади. Шундай экан, кимга керак бу майнавозчилигу кўзбўямачилик?! "Фон" учун ёшларни қаторлаштириб қўйишдан нима маъни? Балки шунинг учун, ҳаммаси номига эканлиги сабаб ҳам ёшларнинг қадами узилгандир бу ердан? Унда бунча асъасаю дабдабага филиалнинг 6 ходими токайгача эгалик қилиб туради?

Маълумотларга кўра, Қарши шаҳри, Касби, Косон, Қамаши, Китоб, Чироқчи, Миришкор, Муборак, Яккабоғ, Нишон ҳамда Шаҳрисабз туманларида 16 та ёшлар меҳнат гузарлари мажмуаси фойдаланишга топширилган бўлиб, яна 4 та коворкинг маркази ҳамда 14 та меҳнат гузари қурилиши режалаштирилган. Бу орқали 400 га яқин ёшни иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Гапнинг бўладигани, бари қоғоздаги гаплар. Вилоят марказидаги аҳвол бу бўлса, туманлардаги ҳолатни бир тасаввур қилиб кўринг. Демак, кузатиб борамиз...

Н.ХЎЖАЕВ

Cуратларда: "Ёш тадбиркорлар" коворкинг маркази ва "Ёшлар меҳнат гузари" мажмуаси  ички ва ташқи кўринишлари.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo