Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА

30.11.2017


“ЁШЛАР ПОЕЗДИ” ТАРFИБОТ АКЦИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, ёшларимизнинг мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотлардан хабардорлиги ва ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлаш, уларда дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, қолаверса, чекка ҳудудлардаги ёшларнинг ҳаёти ва муаммолари билан яқиндан танишиш мақсадида ташкил этилган ушбу акция кеча вилоятимизнинг Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи, Деҳқонобод, Қамаши ва Ғузор туманларида бўлиб ўтди. Акция давомида ёшлар таниқли инсонлар - илм-фан намояндалари, шоир-ёзувчилар, журналистлар, эстрада вакиллари ва кино-театр актёрлари, спортчилар билан учрашувлар, давра суҳбатларида иштирок этдилар. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари, “Камалак” болалар ташкилоти сардорлари тарғиботчилар гуруҳларига ҳамроҳлик қилиб, жойларда ўтказилаётган тадбирларда ўз ташаббускорликларини намоён этишди.

- Бу учрашувлар, тадбирларда иштирок этар эканман, биз ёшларга билдирилаётган ишонч, кўрсатилаётган эътиборга ҳар жиҳатдан муносиб, ҳар томонлама лойиқ бўлиш учун жуда кўп ишлашим кераклигини ўзимга таъкидлаяпман, - дейди Ўзбекистон ёшлар  иттифоқи Ғузор тумани фаолларидан бири Дилбар Назарова. – Зеро, бугунги кунда ташкилотимиз олдига қўйилган вазифалар давлатимиз биз ёшлардан кўп нарса кутаётганини билдиради. Бунга жавобан бугуннинг ёшлари Конституциямизда белгиланган ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши англаган, ҳар жиҳатдан етук шахслар бўлишлари керак. Тарғибот давомида таъкидланган бу каби фикрлардан ўзимнинг кейинги фаолиятимда асқатадиган хулосалар олдим.

Тарғиботчилар гуруҳлари тадбирлар давомида ўқув муассасалари, ташкилот ва корхоналарда бўлиб, ёшлар билан очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказишди. Конституциямизнинг ҳаётбахш моддалари, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг ҳуқуқий асослари ҳақида суҳбатлашилди. Ёшларни қийнаётган муаммо ва ташвишлар борасида фикрлашилди. Шунингдек, тадбирлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногирон ёшлар ҳолидан хабар олинди.

Бугун тарғибот акцияси Қарши шаҳри, Қарши, Нишон, Миришкор, Касби, Косон ва Муборак туманларида давом этмоқда.

Х.ҚИЛИЧЕВА

Суратларда: тадбирлардан лавҳалар.

Ж.НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.

Report typo