Хитойда тузилаётган никоҳлар сони доимий равишда камайиб бормоқда. Фуқаролик маъмурияти вазирлиги 2022 йилда 1,4 миллиард аҳолига эга мамлакатда 7 миллиондан сал камроқ расмий никоҳ қайд этилганини маълум қилган.
Етти миллион - бу сўнгги 37 йил учун рекорд даражадаги паст кўрсаткич, деб ёзади "Российская газета". Худди шу даврда ажрашишлар сони икки миллиондан ошган.
Хитойда 2013 йилдан буён никоҳлар сони қисқариб келаяпти - ўшанда қарийб 13,5 миллионта янги оила рўйхатга олинган. Демография масалалари бўйича эксперт Дун Юйчжэннинг тушунтиришича, хитойлик ёшлар 27 ёшдан кейин оила қуришни афзал билмоқда.
Ўтган йили 26 ёшгача бўлган уч минг нафар Хитой фуқароси ўртасида ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, иштирокчиларнинг 25 фоизи келгусида никоҳ тузишга шубҳа билан қарайди, 9 фоизи эса умуман турмуш қуришни режалаштирмаган. Ёшлар ўқиш, карьера қилиш, ўз уй-жойига эга бўлиш ва бошқа масалалар билан банд.
Шундай, замонавий Хитой жиддий демографик муаммолар билан тўқнаш келган. Мамлакатда гендер номутаносиблик кузатилмоқда. Ўтган асрнинг 70-йилларида жорий қилинган "Бир оила - бир фарзанд" сиёсати оқибатида аҳоли таркиби кексайиб бормоқда.