Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

17.08.2017


ЁШЛАР ВА ИЧКИ ТУРИЗМ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Форум мамлакатимиз туризм соҳасида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар, туристик ташкилотлар вакиллари, маданий мерос объектлари ва музейлар соҳасидаги тажрибали мутахассислар, туризм ихтисослиги бўйича таҳсил олаётган талабалардан иборат 240 нафар иштирокчини ўз атрофида жамлади.

Айтиш жоизки, мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ўтказилди. Ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, ёшларнинг  замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш эътибор марказидаги асосий масала ҳисобланади. Шунингдек, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, туризм индустрияси, жумладан, ички туризм мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғидир. Ушбу соҳани жадал равнақ топтириш учун юртимизда кенг имкониятлар мавжуд. Ҳар бир ҳудуд ўзига хос туристик жозибадорликка эга. Тармоқни янада ривожлантириш асносида аҳолининг катта қисмини шу соҳада фойдали меҳнат билан банд этиш мумкин. Айниқса, бу борада ички туризм имкониятларидан тўлароқ фойдаланиш, ёшлар туризмини оммалаштириш мақсадга мувофиқ.

- Ушбу форумни ўтказишдан асосий муддао юртимизнинг тарихий жойларига, улуғ авлиё ва буюк аждодларимиз қўним топган муқаддас зиёратгоҳларга ёшларнинг саёҳатларини уюштириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини юксалтириш, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашдир, - дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши бўлим бошлиғи Нодир Абдуқодиров. - Табиийки, қадим ўтмишдан сўзловчи тарихий ёдгорликларни кўрган, ота-боболар меросини ўрганган киши миллий ўзлигини теран англайди, унда анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳи кучаяди.  Мазкур тадбир учун айнан Шаҳрисабз шаҳри танлангани ҳам бежиз эмас. Чунки бу ҳудуд буюк зотлар туғилиб ўсган, кўҳна тарихга эга маскан, бу ерда кўплаб қадимий обидалар жойлашган. Бугун тобора чирой очиб бораётган ушбу шаҳарни келиб кўришни кўпчилик истайди.

Эътиборли жиҳати, тадбирнинг дастлабки кунида иштирокчилар тўрт гуруҳга бўлиниб, махсус тренерлар бошчилигида қизғин мунозараларга киришди. Гуруҳларда қатнашчилар ички туризмни ривожлантириш истиқболлари, ёшлар туризми, туризмга ихтисослашган таълим, ҳудудлардаги туризм инфратузилмаси ҳолати, ички туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш каби йўналишларда иш олиб борди.

- Мунозаралар шуниси билан аҳамиятли бўлдики, мавзу юзасидан ҳамма ўз фикр ва таклифларини очиқ билдира олди, соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ўртага ташлади, - дейди форум иштирокчиси Ситора Исматиллаева. - Муҳокама давомида мен ҳам ўз муносабатимни баён қилдим. Гап шундаки, транспорт муаммоси туризм тармоғи учун жиддий бош оғриғи саналади. Нафақат чет эллик сайёҳлар, балки маҳаллий туристлар учун экскурсиялар ташкил этишда ҳам махсус автобуслар етишмаслиги кузатилади. Мазкур муаммога бефарқ эмаслигим боиси келгусида ўз ҳаётимни туристик хизмат кўрсатиш иши билан боғламоқчиман. Ҳозирда Бухоро давлат университетининг туризм йўналиши 2-босқичида таҳсил олаяпман. Ниятим - меҳмонхона бизнесини йўлга қўйиш.

Шундан сўнг, куннинг иккинчи қисмида иштирокчилар Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига боришди. Оқсарой мажмуаси, Кўкгумбаз жомеъ масжиди, Чорсу бозори каби тарихий обидаларни томоша қилишди. "Чорсу" меъморий мажмуасида ташкил этилган мусиқий-маданий тадбир эса кечага ўзгача шукуҳ қўшди.  Эстрада хонандалари ижросида янграган куй-қўшиқлар, шунингдек, миллий либослар намойиши иштирокчиларга завқ улашди.

- Шаҳрисабзнинг довруғи дунёга ёйилган, мен шаҳар ёдгорликларини расмларда кўрганман, улар ҳақида китобларда ўқиганман, аммо шу вақтга қадар келиш насиб этмаганди, - дейди  форум қатнашчиси, тошкентлик мустақил гид Наргиза Ха. - Биргина Оқсарой тасаввур қилганимдан ҳам маҳобатли экан. Шаҳарда кўришга арзийдиган жойлар жуда кўп. Ҳудуднинг туристик жозибадорлиги юқори. Келгусида Тошкентдан Шаҳрисабзга туристик маршрут ташкил этиш ҳақида ўйлаяпман. Биз асосан маҳаллий туристлар билан ишлаймиз. Мамлакатимизда ички туризм ривожланиш босқичида. Юртдошларимизда мамлакатимизнинг турли минтақаларини бориб кўриш, ҳордиқ чиқаришга қизиқиш ортаяпти. Ўйлашимча, яхши тарғиб қилсак, Шаҳрисабзга сафар уюштириш истагида бўлган маҳаллий туристлар кўп бўлади. Ҳозир яна янги йўналиш бўйича иш олиб бораяпмиз. Аниқроғи, таълим туризмини йўлга қўймоқчимиз. Олий маълумот олмоқчи бўлган ёшлар учун турли олий ўқув юртларига экскурсиялар ташкил қиламиз. Албатта, бу борадаги фаолиятимиз ўзини тўла оқлашига ишонаман.

Форумнинг яна бир иштирокчиси Сабина Худойқулова Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши ҳузурида иш бошлаган ёшлар туризмини ривожлантириш клуби координатори. Унинг айтишича, айни вақтга келиб, клуб аъзолари сони 150 нафарга етган. Бу ерда гидлар тайёрлаш, ёшларни туристик рекламалар ишлаб чиқиш, бизнес-режалар тузишга ўргатишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Тадбирнинг иккинчи куни Коба мақом марказида "Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни" мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳам қатнашди.

Очиқ мулоқотнинг очилишида айрим ҳудудларда туризм соҳаси ривожида кўзга ташланаётган камчилик ва муаммолар акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Анжуман давомида мавжуд туристик имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани, транспорт инфратузилмаси ривожи суст кечаётгани, мутахассислар етишмаслиги, соҳага хорижий инвестициялар жалб этилмаётгани каби муаммолар тилга олинди. Ички туризмни ривожлантириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар таҳлили, соҳа ривожида жамоатчилик ташкилотларининг ўрни, туристик таълим каби мавзуларда маърузалар тингланди. Шунингдек, ушбу тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олиш, таклифларини уларга етказиш имконига эга бўлди.

- Шаҳрисабзда бадиий академия очганмиз, - дейди тадбир қатнашчиси, Президент соврини учун ўтказилган "Ташаббус-2017" кўрик-танлови вилоят босқичи ғолиби Азиз Аҳмедов. - Бу ерда ўзимиз ясаган ҳунармандчилик буюмларини намойиш қиламиз. Ушбу туристик маҳсулотлар, сувенирларни реализация қилишда гидлар билан ҳамкорликка эҳтиёж сезамиз. Бироқ ҳудудимизда маҳаллий гидлар кам, бармоқ билан санарли. Шу масалага эътибор қаратилишини сўраб, фикр билдирдим.

Қолаверса, очиқ мулоқот давомида Ёшлар нашриёт уйи томонидан тайёрланган, уч тилда чоп этилиши мўлжалланаётган "Шаҳрисабз: тарих ва келажак чорраҳаси" номли китоб лойиҳаси тақдим этилди. Чет элликларни юртимизнинг туристик салоҳияти билан таништирувчи "Visit Uzbekistan" журнали нашр этила бошлангани, келгусида Ёшлар туризмини ривожлантириш ассоциацияси тузилиши, Ёшлар иттифоқи вилоятлар кенгашларига лизинг асосида сайёҳлик йўналишидаги автобуслар берилиши, уй-меҳмонхона бизнеси билан шуғулланаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш режалаштирилаётгани маълумот ўрнида айтиб ўтилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида меморандум имзоланди. Жойларда туризм ривожи учун масъул бўлган мутасаддилар келгусида соҳани янада тараққий эттириш, мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш борасида ўз таклиф ва режалари билан ўртоқлашди.

Икки кун давом этган форум ўз ишини якунлади.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: форумдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo