Улар орасида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар бор бўлиб, ташкилот таркибида 10-14 ёшлилардан иборат “Камалак” болалар ташкилоти ҳам мавжуд.
Маълумки, ёшлар жамиятнинг ўзига хос демографик, психологик хусусиятларга эга қатлами саналади. Улар юртимизнинг энг катта таянчи ва суянчи. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг жаҳондаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишидек юқори мақсадга эришиши кўп жиҳатдан йигит-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ.
Ҳозирги вақтда юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи ёшлардан иборат. “Камолот” ЁИҲнинг асосий вазифаси жисмонан соғлом, маънан ва интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган ёш авлодни тарбиялаш, уларни ташқи таҳдид ҳамда “оммавий маданият”нинг зарарли иллатларидан ҳимоя қилиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш ва бу борада зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат. Бир сўз билан айтганда, “Камолот” Ўзбекистон ёшларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотдир. У ёшларнинг эзгу ташаббуслари, яъни илмий ишлар, тадбиркорлик ва ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларга стипендиялар ажратиш, ёш оилаларни уй-жой ва муносиб иш ўринлари билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар билан шуғулланади.
“Камолот” ЁИҲнинг ташкилий негизи бошланғич ташкилотлардан иборат. Бу ташкилотлар Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мувофиқ, ташкилотнинг шаҳар ва туманлар бўлимларига бирлашади. Бошланғич ташкилот камида беш нафар ҳаракат аъзосининг хоҳишига асосан, уларнинг йиғилиши қарори билан тузилади.
Бугунги кунда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати жойларда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тўлақонли тушунтириш, уларни бу жараёнларга кенг жалб этиш мақсадида 100 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари, “Ёш журналистлар медиа-тренинги”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Тафаккур синовлари”, “Солиқ билимдонлари” республика танловлари, шунингдек, “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” ва “Истиқлол фарзандлари” шиори остидаги ёшлар фестиваллари, “Шунқорлар”, “Ёш чегарачилар” ҳарбий-спорт мусобақалари шулар жумласидан. Бундан ташқари, ёшларнинг саводхонлигини ошириш, уларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсадида “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси, ҳаракат тизимларида “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари ўртасида “Менинг бизнес-ғоям”, “Ёш тадбиркор - юртга мададкор” танловлари каби лойиҳа ва тадбирлар ёш ўғил-қизлар билим ва иқтидорини синовдан ўтказади ва бу иштирок уларнинг келажакдаги фаолиятларида ҳам катта таъсирга эга.
“Камолот” ЁИҲ давлат бошқарув органлари ва ёшлар ўртасида кўприк вазифасини бажарган ҳолда, қатор лойиҳа ва тадбирларни бевосита бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, ташкилот томонидан ташкил этилаётган лойиҳалар мунтазам равишда Давлат дастурларига киритилади.
Бугунги кунда олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёшларимизнинг кўпчилиги ўз келажагига ишонч билан қарайди ва бу борада ўз мақсад ҳамда вазифаларига эга. Улар олий таълим муассасасини мувафаққиятли тамомлаш, маълум бир касб эгаси бўлиш, мустаҳкам ва бахтли оила қуриш каби қатор эзгу мақсадлардир.
Қолаверса, юртимиздаги ҳар бир ёш авлодда ижтимоий-сиёсий жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси мавжуд бўлиб, уларда фаол фуқаролик позицияси шакллангани ҳамда ёшларнинг овози жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши учун муҳим эканини англаб етган. Муҳими, бу борада “Камолот” уларга, уларнинг ютуқ ва ташаббусларига қанот бўлмоқда.
Азизбек НОРОВ