Туркия ҳукумати 16 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни режалаштираяпти. Бу ҳақда мамлакат транспорт ва инфратузилма вазири Абдулкадир Уралоғлу CNN Türk телеканали эфирида маълум қилган.
"Биз 16 ёшдан кичик ёшлар ижтимоий тармоқларга кирмаслигини истаймиз. Уларга бу нима учун керак? У ерда барибир улар учун фойдали ҳеч нарса йўқ", деган ҳукумат вакили.
Унинг сўзларига кўра, охирги вақтларда Туркияда буни тасдиқлайдиган воқеалар бўлган.
"Аллоҳ хоҳласа, жорий йил давомида тартибга солувчи қатор чора-тадбирларни қабул қилишга ҳаракат қиламиз", дея таъкидлаган вазир.
2024 йил августда мамлакатда ўсмирлар орасида оммалашган Roblox онлайн ўйини блокланганди. Бундан ташқари, ҳукумат ўтган йили геймерлар ўртасида машҳур Discord хабар алмашиш хизматини ҳам тақиқлаган.
