Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

20.01.2017


ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Таъкидлаш ўринли, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи    Президенти Ислом Каримов 1989 йилнинг 25 октябрида Ўзбекистон ССР Олий Советининг XI сессиясида сўзлаган нутқида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Агар эртанги кунимизни ўйлаб иш қилмоқчи бўлсак, келажакда ишимизни давом эттирадиган бугунги ёшларимизга шароит яратиб, уларнинг ҳаёти ҳақида қайғурадиган бўлсак, аввало, маҳаллий ёшларни тарбиялаш ишига муносабатимизни мутлақо ўзгартиришимиз керак... Агар шуни қилмасак, бу юришда катта йўлга чиқишимиз қийин бўлади.

Айтиш керакки, кадрларни пухта қилиб тайёрламасдан, уларнинг қадрига етмасдан, уларга ишонмасдан ва қўллаб-қувватламасдан, ўйлайманки, бирон-бир соҳада аҳволни ҳеч қанақа тарзда ўзгартириб бўлмайди”.

Ана шу фикрларнинг амалдаги ифодаси сифатида истиқлол йилларида эртанги кун эгалари – ёшларнинг ҳар томонлама чуқур билим олиши, ўз иқтидор ва қобилиятини тўла намоён этишлари учун зарур имкониятлар муҳайё этилди. Бугун дунёда миллионлаб болалар таълим олиш имкониятига эга бўлмаган бир пайтда мамлакатимизда барча болалар, ёшлар 12 йиллик таълимга тўлиқ қамраб олинмоқда. Буларнинг ҳаммаси навқирон авлод учун, уларнинг келажаги, мамлакатнинг эртанги куни учун хизмат қилади, қилаяпти. Шу маънода жаҳон ареналарида қўлга киритилаётган оламшумул натижалар, илм-фан соҳасида ёшларимиз эришаётган ютуқлар ана шу юксак эътиборнинг самараси.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳам бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Шуни таъкидлаш керакки, ушбу қонун лойиҳаси давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бевосита ёшларнинг таклиф ва тавсиялари асосида ишлаб чиқилди.

Маълумки, мамлакатимизда ёшларга оид дастлабки қонун 1991 йил 20 ноябрдаёқ қабул қилинган бўлиб, у “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ҳисобланади. Шунингдек, Оила кодекси, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунлар ёшлар тарбиясида, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатишда, иш билан таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий база вазифасини ўтади.

Яқинда кучга кирган 4 та боб, 33 моддадан иборат “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни кўзда тутади. Унда ёшларга оид давлат  сиёсати, ёшлар (ёш фуқаролар), ёш оила, ёш мутахассис ҳамда ёшлар тадбиркорлиги каби бир қатор тушунчаларга изоҳ берилди.

Хусусан, қонуннинг 3-моддасида қайд қилинганидек, ёшлар деганда ўн тўрт ёшга тўлиб, ўттиз ёшдан ошмаганларни, ёш оила деганда ўттиз ёшдан ошмаган эр-хотиндан иборат бўлган оилани, ёш мутахассис деганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган, ишлаётганига кўпи билан уч йил бўлган ўттиз ёшдан ошмаган ходимни тушуниш керак. Ёшларга оид давлат сиёсати давлат дастурлари ва бошқа дастурлар асосида амалга оширилади.

Ёшларга оид давлат сиёсати деганда, давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан     шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратишни назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими назарда тутилади.

Қайд этиш жоизки, қонунда муҳим масалалардан бири – ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг ваколатлари ҳамда соҳадаги иштироки белгилаб берилди.

Жумладан, қонуннинг 9-моддасига кўра, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасалар тизимига таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт ишлари бўйича органлар, меҳнат органлари, прокуратура, ички ишлар, адлия, мудофаа ишлари бўйича органлар киритилган. Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда бошқа органлар ва муассасалар ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Жумладан, қонуннинг 14-моддасига биноан прокуратура органлари ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириши, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир фаолиятда иштирок этиши каби масалалар қайд этилди.

Халқимизда “Бирни кўриб фикр қил”, деган ибратли нақл бор. Ҳозирги таҳликали дунёнинг бир қатор мамлакатларида кузатилаётган турли тўс-тўполонлар, тартибсизликлар негизига эътибор берадиган бўлсак, уларда ёш авлодга, ёшларнинг қизиқишлари, ҳуқуқ ва манфаатларига эътиборсизлик, ёшларга оид сиёсатнинг ҳозирги замоннинг янги таҳдидларига жавоб бермаслиги оқибатини кўриш мумкин. Бундай мамлакатларда давлат ва ёшлар ўртасида узилиш пайдо бўлган. Кўпгина муаммоларнинг замирида ҳам ёшларнинг касб-ҳунарга эга бўлмаслиги, ишсизлик ва бекорчилик ётади.

Шундан келиб чиққан ҳолда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлигини сақлаш, уларни инсонийлик, ватанпарварлик ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, терроризм, диний экстремизм ва зўравонлик ғояларидан ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшлар спортини оммавий ривожлантириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратилди. Ёшлар учун қўшимча кафолатлар белгиланди. Жумладан, бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимини олиш, таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар олиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, чин етимларни турар жойлар билан таъминлаш шулар жумласидан.

Шу ўринда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак минбардан туриб айтган қуйидаги сўзларини келтириш ўринли: “Агар бошқа минтақалар ва бошқа минтақаларнинг вакиллари ҳамда хорижий шериклар билан теппа-тенг ишлаш ва рақобат қилишга лаёқатли, аъло даражали мутахассисларни тайёрлаш ва саралаб олишнинг ўйлаб тузилган системасини ҳаракатга келтирмасак, унда истиқболимизга умид қилмаса ҳам бўлади. Бизни жаҳон иқтисодий тараққиёти йўлининг чеккасига улоқтириб ташлашади”.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ёшлар тадбиркорлиги давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг белгиланиши муҳим аҳамиятга молик. Қонунда уларга имтиёзли кредитлар бериш, тадбиркорликка ўқитиш, дастурлар ишлаб чиқиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида шартномалар тузиш назарда тутилган. Шунингдек, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари тартибга солиниб, булар мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ҳамда мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Умуман олганда, амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад ёшларнинг кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиши, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, Ватан туйғусини чуқур    англайдиган, иродаси мустаҳкам, юксак маънавиятли бўлиб етишишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo