Вилоятимиздаги тўртта таълим масканида “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс марказининг ташаббуси билан давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда 150 нафардан ортиқ ўқувчи ва талаба иштирок этди.
Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали ва Қашқадарё вилояти юридик техникумида бўлиб ўтган бу учрашувлар Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил этилди.
Давра суҳбатларида “Юксалиш” маркази ходимлари тақдимот уюштириб, мазкур ННТнинг фаолияти ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш орқали уларнинг аҳволини яхшилашга қаратилганини аниқ мисоллар асосида намойиш этишди. Шунингдек, марказ томонидан DVV нинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида рўёбга чиқарилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси ҳақида батафсил маълумотлар беришди.
Ёшлар билан учрашувлар чоғида қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик ва беғаразлик тамойилларига асосланадиган волонтёрлик фаолияти хусусида ҳам батафсил сўз юритилди. Кўнгиллилар жамият ва инсонларга ёрдам бериш баробарида ўз билимлари, кўникмаларини кенгайтириб ва янги одамлар билан танишиб, жуда бой ҳаётий тажрибага эга бўлишлари мумкинлиги таъкидланди.
- Тадбирлар давомида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ўқувчи ва талабаларнинг деярли барчаси ихтиёрийлик асосидаги ижтимоий фойдали фаолиятга нисбатан ижобий муносабатда эканлиги аён бўлди, - дейди лойиҳа психологи Соҳиба Хўжахонова. – Шунингдек, аксарияти “Ижтимоий волонтёрлик шахсан мен учун одамларга фойда, наф келтириш имконияти” деб жавоб берди. Айни пайтда сўровда иштирок этган ёшларнинг ҳар олтитасидан биттаси одамларнинг волонтёрлик фаолияти билан шуғулланишига тўсқинлик қиладиган энг муҳим омил сифатида бундай фаолият билан машғул ташкилотлар ҳақида маълумотлар йўқлигини кўрсатди. Демак, бу жабҳадаги ишларимизни янада жадаллаштиришимиз лозим.
Эътиборлиси, учрашувлар якунида кўпгина ёшлар ўқишдан ташқари вақтда жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият билан шуғулланиш истагини билдириб, “Юксалиш” маркази томонидан лойиҳа доирасида волонтёрлар тайёрлаш бўйича ўтказиладиган тренингларда иштирок этишга тайёрлигини айтишди.