Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

30.03.2017


ЁТ ҒОЯЛАРГА ҚАРШИ КУРАШДА ИМОМ-ХАТИБЛАРДАН НИМА ТАЛАБ ҚИЛИНАДИ?

Қайд этилганидек, истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда турли диний конфессия вакилларининг маънавий дунёси, эътиқод эркинлиги учун кенг йўл очилди. Дин халқимиз маънавий-маданий ҳаётининг узвий қисми эканидан келиб чиқиб, "Дин давлатдан ажратилган, жамиятдан эмас" ҳамда "Дунёвийлик - даҳрийлик эмас" тамойиллари асосида аниқ ва принципиал вазифалар  белгилаб олинди.

Шунга мувофиқ бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб, 16 та диний конфессияга мансуб 2236 та диний ташкилот, 140 га яқин миллий-маданий марказ, шунингдек, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент православ ва протестант семинариялари фаолият олиб бормоқда. Жорий этилган таълим стандартлари ва ўқув-режалар асосида ҳам диний, ҳам дунёвий фанлар малакали мутахассислар томонидан мукаммал ўргатилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақаларида диний ақидапарастлик, миллатчилик ва ирқчилик ғоялари билан қуролланган гуруҳлар томонидан низолар авж олдирилаётган бир пайтда кўпмиллатли жамиятда динлараро тотувликка эришиш, бағрикенглик, миллатлараро ҳамжиҳатлик долзарб аҳамият касб этади. Ўз навбатида бу имом-хатибларимиз зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди.

- Ўқув-семинарда вилоятимиздаги барча имом-хатибларни, кенг жамоатчилик вакилларини қамраб олишга ҳаракат қилдик, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги масъул ходими Бекмурод Сахриев. - Кеча семинарда Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва Чироқчи туманларидаги масжидлар имом-хатиблари қатнашган бўлса, бугун қолган туманлар вакиллари иштирокида ўқувни давом эттирамиз. Семинар давомида айрим ёшларимиз турли ақидапараст оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани, уларни тўғри йўлга бошлаш ва юртимизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда имом-хатибларнинг ўрни муҳим эканлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда айрим ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишига муқаддас динимиз моҳиятини билмасликлари, шундан келиб чиқиб тарғибот ишларида самарали усул ва воситалардан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, бугун "оммавий маданият", бузғунчи ғояларга қарши раддиялар бериш, уларнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтиришни янада фаол олиб бориш зарурлиги айтилди. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида имом-хатиблар томонидан бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ўқув-семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo