Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

29.09.2020


ЁВУЗЛИК БЎЛМАСА, ЭЗГУЛИК НИМА БИЛАН МАШҒУЛ БЎЛАРДИ?!

Сараланган сатрлар

Рус ёзувчиси Михаил Булгаковнинг "Уста ва Маргарита" романи ҳеч бир таърифу тавсифга муҳтож эмас. Дунё адабиётининг энг буюк намуналаридан бири бўлган бу китобни қайта-қайта ўқиш, уқиш ва англаш керак. Константин Симоновнинг ёзишича, асарда муаллифнинг сатирик, фантаст ва ўта аниқ психологик таҳлилга суянган реалист иқтидори бирлашиб кетган.

Шундай буюк асарлар борки, ундан аниқ бир фикрни юлиб олиб, афоризм сифатида бировга ҳавола этишга қийналасан киши. Маркеснинг "Ёлғизликнинг юз йили", "Мустабид паймонаси", умуман, Лотин Америкаси ва япон адабиётига оид сара асарлар цитаталарга бой бўлмаслиги мумкин, аммо тўлиғича яхлит ва янги фикрлар бахш эта олиши билан аҳамиятлидир.

Шу маънода "Уста ва Маргарита"дан саралаганларимизни уммондан бир томчи ўлароқ қабул қиласиз.

* * *

...ҳаётни бошқариш учун, ҳеч бўлмаса, оз муддатлик аниқ бир режа бўлиши керак. Ваҳоланки, атиги бирор минг йил муддатга режа тузиш у ёқда турсин, ҳатто ўзининг эртанги куни ҳақида ҳам бир нима дейишга ожиз бўлган инсон, қани, менга айтинг-чи, қандай қилиб ҳаётни бошқара олсин.

* * *

Дарвоқе, шеърият... У - ўттиз икки ёшда! Хўш, буёғига қандай ҳаёт кечиради? - Бундан кейин ҳам у йилига бир нечтадан шеър ёзиб туради. - То қаригунчами? - Ҳа, то қаригунча ёзаверади. - Хўш, нимага эришади шу шеърлари билан? Шуҳратгами? "Ғирт бемаънилик! Ҳеч бўлмаса, ўзингни ўзинг алдамасанг-чи. Ёмон шеър ёзган шоир ҳеч қачон шуҳрат қозонолмайди. Нега шеърларим ёмон? Ҳақиқатни, ҳақиқатни гапирди! - дерди Рюхин ўзига ўзи шафқатсиз таъна қилиб. - Ёзганларимнинг биронтасига ҳам ишонмайман!.."

* * *

...улар кейинги пайтда кўп ифлослик қила бошладилар. Ичкиликбозлик, хотинбозлик билан шуғулланяптилар, ўз мавқеларидан фойдаланиб ишларига қўл урмай қўйдилар, тўғриси, қўлларидан ҳеч қанақа иш келмайди ўзи, чунки зиммаларига юкланган ишга тариқча ҳам тушунмайдилар. Раҳбарларни лақиллатиб келмоқдалар!

- Давлат машинасини бекордан-бекорга зир югуртиради! - деди қўзиқорин кавшаб ўтирган мушук ҳам чақмачақарлик қилиб.

* * *

Расмий шахс нимаю норасмий шахс нима? Буларнинг ҳаммаси мазкур предметга қайси нуқтаи назардан қарашга боғлиқ. Ҳамма нарса, Никонор Иванович, шартли ва қалтисдир. Бугун мен норасмий шахсдирман, аммо эртага бирдан расмий бўлиб олишим ҳам мумкин! Баъзида бунинг акси ҳам бўлади, Никонор Иванович. Бўлгандаям, биракай бўлади!

* * *

Бутун инсоният пулни яхши кўради, у нимадан ясалган бўлмасин - териданми, қоғозданми, бронзаданми, олтинданми - бари бир. Чунки улар енгилтак хилқатлардир...

* * *

...мен шовқинни, жанжални, қийноқни ва шунга ўхшаш нарсаларни сира ёқтирмайман. Айниқса, мен учун одамзоднинг қичқириғи (хоҳ у изтироб,   нафрат ё бошқа ҳолат қичқириғи бўлсин, барибир) манфурдир.

* * *

...умуман олганда менинг жуда   бемаъни одатим бор: одамлар билан тил топишишим қийин жуда, ҳеч кимга ишонмайман, сал нарсага шубҳаланавераман. Лекин - қизиғи шундаки, шу одамовилигимга қарамай, келиб-келиб, мутлақо фараз қилинмаган, кутилмаган биронта одам, гарчи ташқи қиёфаси отни ҳуркитадиган тасқара бўлса ҳам, албатта дидимга ўтириб қолади.

* * *

Ўз ғилофи ичида биронта  фавқулодда хислати бўлмаган одамнинг, умуман, қизиғи йўқ.

* * *

...болани, юмалоқ хатни, прокламацияни, белгиланган вақтда портлайдиган бомбани, яна кўп нарсаларни ташлаб кетишлари мумкин, аммо тўрт юз доллар пулни ҳеч ким ташлаб кетмайди, зеро табиат ҳеч қачон яратмаган унақа аҳмоқни.

* * *

Сизларга қайта-қайта айтяпманки, асосий хатоларингиз - инсон кўзи қудратининг қадрига етмаётганингиздадир. Тушунинг ахир, тил ҳақиқатни яшириши мумкин, аммо кўз - ҳеч қачон! Масалан, сизга дабдурустдан бир савол беришди дейлик, лекин сиз бундан ҳатто сесканмайсиз ҳам, бир зумда ўзингизни тутиб оласизу, ҳақиқатни яшириш учун нима деб жавоб қилишни биласиз, кейин қатъий ишонч билан жавоб қайтара бошларкансиз, юзингизда гапингизнинг ёлғонлигини сездирувчи биронта ҳам ишора кўринмайди, лекин таассуфки, берилган саволдан ҳаловатини йўқотган ҳақиқат бир лаҳзага қалбингиз тубидан кўзингизга "лип" этиб сакраб чиқадию, вассалом, иш тамом. Ҳақиқат фош бўлиб, тумшуғингиздан илинасиз!

* * *

Баски, одам ўзини трамвай босиб кетгани ҳақида телеграмма юборибдими, демак у ўлмаган.

* * *

Дунёда чинакам, садоқатли, боқий муҳаббат йўқ, деб ким айтди сизга? Шундай деган ёлғончининг қабоҳаткаш тили кесилсин!

* * *

"Ҳамма бало шундаки, мен ўзим севмаган одам билан яшайман, лекин унинг турмушини бузиш, менимча, инсофсизлик бўлади. Менга у ҳамиша фақат яхшилик қилиб келяпти..."

* * *

Очиғини айтганда мен сўнгги ахборотни радио орқали эшитишни ёқтирмайман. Одатда, ахборотни қандайдир қизлар ўқишади, улар жойларнинг номларини аниқ талаффуз қилишмайди. Бундан ташқари, уларнинг ҳар учтадан бири ё дудуқ, ё тили чучук - атайлаб шунақаларни танлашадими, ҳайронман.

* * *

Дунёда бир нарсага - буюк қайсарнинг қудратига ишонса бўлади.

* * *

Дунёда бундан нобопроқ жой йўқ. Иқлими ҳақида-ку гапирмасам ҳам бўлади. Ҳар гал бу ерга келганимда тобим қочади. Лекин буям баҳарнав. Бу ернинг байрамларини айтмайсизми - коҳинлар, сеҳргарлар, афсунгарлар, гала-гала зиёратчилар... Мутаассиблар, мутаассиблар! Битта масиҳо ғалваси қанча ташвишга қўйди - тавба, нега энди келиб-келиб уни шу бу йил зоҳир бўлади деб кута бошлашди-я? Энг кўнгилсиз хунрезликларнинг шоҳиди бўламан деб ҳар дақиқа юрак ҳовучлаб турасан. Қўшинларни муттасил жойдан-жойга кўчириш, ярмидан кўпи ўз устингдан ёзилган чақувлар, ғийбатларни ўқиш! Ҳаммаси юракни зиқ қиладиган ишлар, шундай эмасми? О, агар император хизматида бўлмаганимдами!..

* * *

"Иуданинг ўлимидан ким манфаатдор эди? Қандайдир саёқ хаёлпарастлар тўдаси, турган гапки, улар даврасида аёл кишининг бўлиши ҳеч ақлга сиғмайди. Мен сизга айтсам, прокуратор, уйланиш учун пул керак бўлади, одамзодни ёруғ дунёга келтириш учун ҳам ўша нарса зарур, аммо аёл кишининг ёрдамида бу ишни амалга ошириш учун, айтиб қўяй, жуда ҳам кўп пул керак бўлади, бундай пул эса саёқларнинг биронтасида ҳам йўқ. Бу ишда аёл жинси қатнашмаган..."

* * *

Соқчилар қўлларида машъала билан ғорга киришганида Левийнинг руҳи тушиб кетиб, ғазаблана бошлаган. У: "Ҳеч қандай жиноят қилганим йўқ, ҳар бир инсон, қонунга кўра, агар хоҳласа, қатл этилган жиноятчини дафн этиш ҳуқуқига эга", деб чинқирган.

* * *

Прокуратор келган одамга қаттиқ синчковлик билан тикилиб, уни хиёл ҳадиксираб кузата бошлади. Одатда кўп шов-шув бўлган ва ҳеч хаёлдан кўтарилмайдиган одам ниҳоят кўз олдида намоён бўлган чоғда унга шундай тикилиб қарайдилар.

* * *

Достоевскийнинг ёзувчи эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун наҳот ундан гувоҳнома талаб қилиш керак бўлса? Ундан кўра сиз, унинг қайси романидан бўлмасин хоҳлаганингиз беш саҳифани олиб ўқинг, унинг ҳеч қандай гувоҳномасиз ҳам ҳақиқий ёзувчи эканлигига иқрор бўласиз-қўясиз. Ўйлайманки, Достоевскийда, умуман, ҳеч қачон, ҳеч қандай гувоҳнома бўлмаган!

* * *

Сен, бир илтифот қилиб, мана шу савол устида бош қотириб кўрсанг: агар ёвузлик бўлмаса, сен ҳомийси бўлган ўша эзгулик нима билан шуғулланган бўларди, агар жамики кўланкалар ғойиб бўлса, ер юзи қандай қиёфа касб этган бўлур эди? Ахир буюмлар ва одамзод бор эканки, кўланкалар мавжуд. Мана шамширимнинг кўланкаси. Лекин дов-дарахтнинг ҳам, барча жонзодларнинг ҳам кўланкаси бўлади. Ё сен ўзингнинг ёлғиз сиз билан завқланаман деган хомхаёлинг туфайли ер юзини қиртишлаб, барча дов-дарахтни, бутун жонзодларни йўқ қилмоқчимисан? Сен тентаксан.

* * *

- Сенинг ҳаётинг ҳаққи, сен кашф этган ўша мунажжимзода ҳаққи онт ичиб айтаманки, турмушимиз яхши бўлади.

- Яхши бўлса, янаям яхши, - деди уста ва кулиб туриб илова қилди: - Албатта-да, агар одамлар сену менга ўхшаб буткул торож этилган бўлса, турган гапки, улар у дунё қуввасидан паноҳ излайдилар.

* * *

Эвоҳ! Яхшилик қилганни ҳамиша ҳақорат билан тақдирлашаркан.

* * *

Қўрқоқлик - энг оғир иллат.

* * *

"Наҳотки киши ўзини тирик деб ҳисоблаши учун, албатта, подвалда ва касалхонанинг кўйлак-иштонида ўтириши шарт бўлса? Тавба!"

* * *

Оқшом чоғида замин нақадар ғамгин! Ботқоқлар узра қалққан туман ғоят сирли. Буни ўша машъум туманларда адашган, ўлими олдидан кўп уқубатларни бошидан кечирган, ушбу замин узра ниҳоятда оғир юк билан парвоз қилган одамларгина билади. Буни яшашдан ҳориган одам билади. Шу боис у замин туманинию унинг ботқоқ ва дарёларини асло афсусланмай тарк этади ҳамда ўзини ажал қўлига хотиржамлик билан топширади, чунки у шу ажалгина унга таскин беришини тушунади.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo