Мавсум давомида вилоятимиздаги 18 та стационар оромгоҳда 28 минг 171 нафар бола дам олдирилиб, белгиланган режа (25 минг 90 нафар) 112,3 фоизга бажарилди. Эътиборли томони, воҳамизнинг энг сўлим гўшаларида жойлашган гўзал масканларда Меҳрибонлик уйларининг 297 нафар тарбияланувчиси, маҳаллаларда истиқомат қилувчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 507 нафар аъзоси ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалардаги жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 5410 нафар кам таъминланган оила фарзанди бепул ҳордиқ чиқарди. Шунингдек, Оролбўйи минтақаси - Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан келган 500 нафар бола мамлакатимиздаги энг яхши оромгоҳлардан бири саналган "Лочин" оромгоҳида бепул дам олди.
Шу йил Шаҳрисабз туманида ишга туширилган "Зиё чашмалари" болалар дам олиш оромгоҳида 1500 нафар мактаб ўқувчиси ёзги мавсумни мароқли ўтказди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва ўсиб келаётган авлод вакилларининг маданият, санъат, компьютер технологиялари ва спортга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида болаларнинг ёзги дам олиш масканларида 6 та йўналиш (4 та ижтимоий мослашув ва 1 тадан эко-биологик, техник ижодкорлик, бадиий ижодкорлик, ҳарбий-спорт, интеллектуал ривожлантириш) бўйича ихтисослашган оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Мавсум давомида болалар ёзги дам олиш оромгоҳларига 402 нафар педагог, 140 нафар тиббиёт ва 140 нафар ички ишлар идоралари ходими жалб қилинди. Улар томонидан ёш авлод вакилларига таълим-тарбия берилиб, сифатли тиббий хизмат кўрсатилди ва хавфсизликни таъминлаш ишлари амалга оширилди.
2019 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми якунига кўра, вилоятимизда оромгоҳлар, уларнинг ходимлари ва мавсум ташкилотчилари ўртасида танлов ўтказилиб, "Энг намунали стационар оромгоҳ", "Энг ғамхўр тарбиячи", "Энг фаол етакчи", "Энг моҳир тўгарак раҳбари" каби 15 та номинация бўйича ғолиблар аниқланган. Уларни тақдирлаш маросими бугунги анжуман доирасида ўтказилади.
Т.НИЗОМОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.