Бугун ахборот технологиялари такомиллашган шундай даврки, бошга аллақандай қалпоқ қўндириб, кўзга кўринмас бўлишга, ижодкорларнинг хосхонасига писиб боришга ҳожат йўқ. Интернетга кирилса, кифоя: у иқтидори йўқларни истеъдодли қилиб юбориши мумкин! Ҳар ҳолда ўша Ҳошимжонларнинг ўзи шу хаёлда бўлади.
Қўлимда – Ҳиндистоннинг халқаро Османия деб аталмиш университети халқаро муносабатлар факультети талабаси ёзган мақола. Китоб, мутолаа ва унинг аҳамияти ҳақида ажойиб фикрлар жамланган. Муаллимлардан интервьюлар олинган.
Ҳаммаси шундан бошланди.
“Жеральд Даррелл китоблари бадиийми ё сафарлари ҳақида ҳисоботми? Озод Шарафиддинов эсселари илмийми ёки нафис адабиёт намуналарими?” деган фикрларни Деҳқонобод тумани тиббиёт коллежи ўқитувчиси айтганига шубҳаландим ва “қидирув”га бердим.
Қарасам, юқоридаги битиклар Абдулла Аъзамовнинг 2004 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган “Китоб? Китоб! Китоб...” номли мақоласидан кўчириб олинган экан. Билинмасин деб ора-орасига Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси, вилоят ахборот-кутубхона маркази ходимларининг (мақолани “хонакилаштириш” кўйида бўлса керак) интервьюларини (улар интервью берганини билишмас балки) қўшиб чиқибди.
Бир муддат ўтиб, кўчирмакаш “мақола”си тақдирини билиш ниятида келди. Ундан бу уятсизлиги сабабини сўрадим. Бир хавотирим шуки, Абдулла Аъзамов мендан кўчирган, деб қолмасин нима бўлса ҳам... Унинг қизариб “Узр, ўша мақола яхши экан, унинг таъсиридан чиқиб кетолмадим. Кўчирмакашлик қилиш ниятим йўқ эди, мана, ўзим ёзган бошқа мақолалар ҳам бор” дейишини кутиб турган эдим, унинг ҳеч ранг-туси ўзгармай “Билмадим. Уларнинг ўзи менга шуларни берган” деб “интервьючи”ларни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлди. Ажаб, бир-биридан айри тўрт-беш жойда ишлайдиган кишилар бир-биридан бехабар ҳолда китоб ҳақида сўз юритсаю, ҳаммасининг гапи бир мақоладан кўчирилган бўлса?! Ким ишонади бунга?
Орадан кўп вақт ўтгани йўқ. Қарши давлат университетининг Ш.Қ. отлиқ талабаси ўз ҳикояларини таҳририятга йўллабди. Тўғриси, адабиёт ихлосманди сифатида ёшлар, тенгдошлар ижодини мунтазам кузатиб боришга ҳаракат қиламан, улар ёзган шеър, айниқса, ҳикояларни катта қизиқиш билан ўқийман. Ҳикоя деганлари осон ёзилмаслигини ҳам яхши биламан. Шунинг учун ижод йўлига қадам қўйиб, нималарнидир қоралаётган ёшларга хайрихоҳман. Ниш урган куртак барг ёзмай қўймайди ахир!
Битикларнинг биринчиси “Ота” деб номланаркан. Турмушга чиққунга қадар отасини қаттиққўл санаб, тўйдан сўнг отаси кўзида ёш кўрган қизнинг кечинмалари ҳақида экан. Ҳикоя талабига жавоб бермайдию (қатра деса тўғрироқ бўлади), умуман олганда, ёмон эмас. Бироқ...
Ўқийману жуда таниш туюлади. Биров айтиб берганми, ё аввал бирор жойда ўқиганманми? “Гугл”га кириб, “ҳикоя”нинг “Эсини танибдики, отаси унга нисбатан жуда қаттиққўл эди” қисмини ёзгандим, “Ота меҳри” номида худди шундай асарни чиқариб берса-да. Қизиғи, бу қатра бошқа жойда эмас, айнан ўзимизнинг газетада чоп этилган экан...
Талаба қизгина узоққа бормай ўзимиздан кўчириб, ўзимизга “туҳфа” этибди. Чамаси у кўп ижодкорларнинг “Халқдан олиб, халққа берамиз”, нақлини нотўғри тушунган кўринади.
Кейинги ҳикоя эса “Насиб қилгани бўлади” деб номланаркан. Уни ўқиб ўтирмай дарҳол интернетдан қидирдим ва кутганимдай бунисиям бошқа бировга тегишли бўлиб чиқди.
Хўш, буни қандай тушуниш керак? Тақлид деган нарсаларни биламиз, бировга ўхшатиб ёзадиганларни кўрганмиз, бироқ бус-бутун кўчириб олиш нима деган гап? Ахир тақлидни, ўхшатиб ёзишни бир кун тўғрилаш мумкин, кўчирилиб, шу туришида бирор нашрда чоп этилган нарсадан қандай юз ўгириб бўлади? Бу – “муаллиф”га обрў келтирадими?
Шу аснода сал олдинроқ рўй берган бир воқеа ёдимга тушди. Тўрт-беш йил олдин, вилоятда кўчирмакаш бир “газит” пайдо бўлди. Республика нашрларида чиққан мақолаларни олиб, аёвсиз ўз саҳифаларини тўлдира бошлади. “Копировать – вставить” номли мақола ёзиб, “газит” масъулларига кўчирмакашликни тўхтатиш кераклигини айтдик. Аслида ҳам уларнинг иши бошқа мақолаларни “копировать” қилиб, ўз нашрига “вставить” этишдан нарига ўтмаётганди.
Оз муддат ўтиб, шу “газит”да Антон Чеховнинг “Кўнгилсизлик” ҳикоясини ўқиб қолдим. Ҳикоя Қарши давлат университети магистранти А.Алиев таржимасида ҳавола қилинган экан. Ҳали университет талабаси бўлгани ҳолда шундай катта адибнинг асари таржимасига қўл урибдими, буни фақат олқишлаш керак эди. Тан олиш керак: вилоятимизда оригиналдан қилинадиган таржималар у қадар кўп эмас. Битта-ярим учраганлари эса мутлақо номаълум муаллифларнинг асарлари бўлиб чиқади. Улар “таниқли инглиз ёки фаранг адиби”, дея тақдим қилинса-да, номи бирор марта қулоғингизга чалинмаган, кейин суриштирсангиз, улар ўз мамлакатларида ҳам у қадар машҳур ва таниқли эмаслиги аён бўлади. Бундай таржималарни ўқиб, кетган вақтингизга, таржимоннинг беҳуда сарфлаган кучию кўз нурига ачинасиз.
Хуллас, катта адиблар асарлари таржимони вилоятимиздан етишиб чиқаётгани мени қувонтирган, демак, ҳали кўп сара асарларни ўз тилимизда ўқиш имкониятимиз бўлишидан умидим кўп эди.
Ана шундай кўтаринкиликда ҳикояни бир бошдан ўқий бошладим. Бошладиму... биринчи жумладаноқ... ҳайратга тушдим. Ҳайратланарлиси шундаки, мазкур таржима аввалгилари билан қуйиб-қуйгандек бир хил эди. Нуқта-вергулидан тортиб, жумла қурилишию ибораларнинг қўлланишигача.
Агар нўноқ таржимон бўлганда ҳам у ер-бу ерини сал ўзгартириб, ёки аввалги таржиманинг муваффақиятли жойларидан нималардир ўзлаштириши мумкин эди. Униям тушунса бўлар?! Аммо бу таржимон-чи?!
Бир неча йил илгари бразилиялик адиб Пауло Коэльонинг “Алкимёгар” асарини бир пайтнинг ўзида уч таржимон ўзбек тилига ўгирди. Учала таржима бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ғоя бир, аммо ёндашув турлича. Аммо ҚДУ магистранти таржимаси хусусида бундай деб бўлмасди.
Биламизки, асар таржимасига қўл урган таржимон аввалги ўгирмаларни синчиклаб ўрганиб, кейин асарга қўл уради. Одатда шундай.
Агар ҚДУ магистранти А.Алиев Чеховнинг “Кўнгилсизлик” ҳикояси аввал таржима қилинганини билмаганида ҳам, ҳеч бўлмаса, унинг ўзига хос услуби, ифода шакли сезилиб туриши керак эмасми? Жиллақурса, озгина фарқ бўлиши табиий-ку!
Дейлик, ҳикоянинг аввалги таржимасида “Бир куни эрталаб палаталарни обход қила бошлади” деган жумла учрайди. ҚДУ магистри “айланиб чиқаётган эди” ёки “кўриб чиқаётган эди” деб таржима қилиши мумкин эди. Аммо у ҳам “обход қила бошлади” дея ўгиради. Худди шунингдек, илк жумлалардаги “сарочка”, “жилетка”, “медицина статистикаси” каби сўзлар муқобил варианти билан эмас, аввалги таржимадаги каби, ҳеч қандай ўзгаришсиз берилади.
Аслида бундай таҳлил ҳам ноўрин. Чунки асар тўлиғича аввалги таржимадан кўчириб олинган! Фақат шу кўчирманинг остига ёлғондан, кўзбўямачилик билан “ҚДУ магистранти таржимаси” деган ёзув илова қилинган, холос...
Энг қизиғи кейин маълум бўлди.
Чехов “Танланган асарлар”ининг биринчи томида айнан мана шу – “Кўнгилсизлик” ҳикояси ҳам бор экан (қаранг: А.Чехов. “Танланган асарлар”. 1-том. Тошкент; 1957. 532-552-бетлар). Китоб 1957 йилда нашр қилинган ва... бошқа қатор ҳикоялар қатори айнан мана шу “Кўнгилсизлик” ҳикоясининг таржимони... А.Алиев экан!
Бунисига нима дейсиз?! Ҳайратдан ёқа ушлайсиз, холос.
Бундан нақ 60 йил илгари таржимонлик билан шуғулланган А.Алиев бугун Қарши давлат университети талабаси бўлиб чиқса-я!? Яна магистранти!..
Хўш, улар кимни алдашганди? Мутлақо йўқ одамни бор қилиб кўрсатишдан уларга нима наф? “Магистрант-пагистрант” демасдан, тўғри, аниқ қилиб, фалонча китоб ёки газетадан, фалон сонидан олинди, деб кўрсатишганида, олам гулистон бўлмасмиди?!
Менимча, газета масъуллари бир нарсани кўзлаган: тайёр таржимани олгану уни вилоятга алоқадор қилиб кўрсатиш учун ҚДУ магистрантини таржимага “туфлаб ёпиштириб” қўйишга уринган! Шундай қилинса, ҳаммаси бадастир, биров нега бошқа газетадан кўчириб олдинг, демайди, қулоқ – тинч, асаблар – жойида...
Айтмоқчи бўлганим – кўчирмакашлик шу кўринишда ҳам намоён бўлиши мумкин экан. Ҳали хом, ижод ҳақида тасаввури ҳаминқадар биров бу ишга қўл урса, тушуниш мумкиндир, аммо газета номини ортмоқлаб, нон топиб юрганлар бундай сурбетликдан ўзларини тийганлари маъқул. Бугун улар саҳифаларини “безаётган” мақолалар ҳам қаердан “юлиб” олинаётганини кўриб турибмиз. Бир кун жонига тегар, бас қилар, деган умидимиз эса ҳавога учяпти.
Ижод оламига қадам қўйган ёшки бор, уларга тилагимиз – айтар сўзингиз бўлса, қоғозга туширинг, бўлмаса, уни исроф қилманг. Бир кўчирасиз, икки кўчирасиз, вақти келиб фош бўласиз. Кейин ўзингиз заҳмат чекиб ёзганингизда ҳам ҳеч ким сизга ишонмай қўяди...
Б.ЎКТАМ