Иқтисодий шарҳ
Шу йилнинг учинчи чорагида Қашқадарёда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ошиб, мамлакатимиз ҳудудлари орасида энг юқори ўсиш кўрсаткичларидан бири қайд этилди.
Республика Марказий банки кўчмас мулк бозорининг навбатдаги шарҳини эълон қилди. Унга кўра, жорий йилнинг учинчи чорагида норезидентлар томонидан яшаш жойларига бўлган талабнинг ортиши, аҳолининг иккиламчи даромадлари ўсиши ҳамда мавсумий омиллар ҳисобига кўчмас мулк бозорида ўсувчи динамика сақланиб қолди. Жорий йил июль-сентябрь ойларида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 79,9 мингта шартнома расмийлаштирилиб, уларнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга ошди. Ҳудудлар бўйича тақсимланганда, энг юқори ўсиш кўрсаткичлари Хоразм (41 фоиз), Навоий (39 фоиз), Жиззах (32 фоиз) ва Қашқадарё (30 фоиз) вилоятларига тўғри келмоқда.
Қашқадарёда шу йилнинг сентябрь ойига келиб кўчмас мулкнинг 1 квадрат метри бирламчи бозорда қарийб 4,4 миллион сўм, иккиламчи бозорда эса салкам 3,6 миллион сўмгача кўтарилди.
- Ёз ойларида иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги нархлар ўсиши секинлашган бўлса-да, сентябрь ойида сезиларли ўсиш кузатилди, - дейилади Марказий банк шарҳида. - Хорижий сайёҳларнинг кириб келиши натижасида талабнинг ошиши, аҳолининг иккиламчи даромадлари, хусусан, трансчегаравий пул ўтказмаларининг кўпайиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги пул тушумларининг ошиши билан боғлиқ мавсумий омиллар нархларнинг ошишига асос бўлмоқда. Бундан ташқари, депозитлар билан бир қаторда, кўчмас мулк ҳам узоқ муддатли жамғарма ва инвестиция учун жозибадор актив бўлиб қолмоқда.
Марказий банкнинг очиқ интернет маълумотлари асосидаги ҳисоб-китобларига қараганда, учинчи чоракда вилоятимиздаги иккиламчи кўчмас мулк бозори нархлари бир квадрат метр учун 3 миллион 340 минг сўмдан (июнь ойи охирида) 3 миллион 589 минг сўмгача (сентябрь ойи охирида), яъни 7,4 фоизга кўтарилди.
Худди шу даврда Қашқадарёдаги бирламчи кўчмас мулк бозори нархлари 1 квадрат метр учун 4 миллион 166 минг сўмдан 4 миллион 371 минг сўмгача, яъни 4,9 фоизга ўсди.
Умуман олганда, Марказий банк шарҳловчиларининг таъкидлашича, кўчмас мулк бозорида нархларнинг ўсувчи динамикаси сақланиб қолмоқда. Бироқ давлат томонидан аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида кўчмас мулкнинг бирламчи ва иккиламчи сектори учун бир қатор қўшимча чоралар кўрилиб, уй-жой харид қилиш ҳамда сотишда бир қанча қулайликлар яратилган ва бу вазиятни юмшатиб, шаклланиб бораётган нисбатан юқори талабни қондиришга имкон беради.
Т.НИЗОМОВ