Маълум бўлишича, мазкур ўйин фаол тарғиботчиларидан бири россиялик Филипп Будейкин исмли 22 ёшли йигит бўлиб, у ҳаётидаги муаммолар, қийинчиликлар, тушкунлигини ижтимоий тармоқда “дастурхон қилган” ва шу орқали кўпчиликнинг эътиборини қозонишга уринган. Буни маълум маънода уддалаган ҳам. Шунга кўра, алоҳида гуруҳ очган. Суриштирув ишлари олиб борилганда, у бу ўйинни шунчаки гуруҳига обуначилар сони (300 минг ўсмир) кўп бўлишини хоҳлагани учун очганини айтган. Шифокорлар томонидан унга руҳий хаста деб ташхис қўйилган.
Хуллас, ана шу руҳий касал кимса бошлаб берган ўйин бугун ёшларни худкушликка тарғиб қилаяпти. Савол туғилади: нега айнан кўк кит рамз сифатида танланган? Маълумотларга кўра, китлар тез-тез ўзларини қирғоққа, қуруқликка ташлаб жонига қасд қилишар экан. Қаранг, ўрнак олганлари бир жониворнинг тушуниксиз ҳаракати, аянчли тақдири бўлибди.
Таҳлиллардан кўринадики, ўйин шартлари инсон онгига таъсир қилиш орқали, дастлаб содда усул ва воситалардан фойдаланган ҳолда олиб борилади. Унга кўра, ўсмир тонгги соат 4:20 да ижтимоий тармоққа киради. Гуруҳ етакчиси, уларнинг тили билан айтганда “куратор” ўзаро суҳбат ва савол-жавоблар асносида ўсмир қизиқишлари, кайфияти ва ўзи ҳақида керакли маълумотларни билиб олади. Бу каби гуруҳларда, асосан, тушкунлик, ҳаётнинг оғирлиги, яшаш қийинлиги, адолатсизлик, яхши кўрган инсонидан ажралиб қолиш, етишмовчилик ва шу каби, асосан салбий мавзуларда суҳбатлар олиб борилади.
Табиийки, бу турдаги суҳбатлар, махсус видеолар, сурат ва қўшиқлар одамни тушкунлик, депрессия сари бошлайди. Бора-бора ўсмир учун ҳаётнинг қизиғи йўқолади. Қолаверса, ҳар куни тонг отмай уйғонадиган боланинг руҳий ҳолати бузилади.
Кейин ўсмирни текшириб кўриш учун ҳавола юборилади ва гўёки унинг жасурлиги синовдан ўтказилади. Аввалига топшириқлар оддий бўлади, масалан, гуруҳнинг рамзини чизиш айтилади. Аста-секин шартлар мураккаблашиб, лезвие билан қўлни тирнаб ёзиш буюрилади. Кейин иштирокчи буларни суратга тушириб, гуруҳ “куратори” ва аъзоларига кўрсатиши, оммалаштириши керак.
Қандай қилиб одам ўз жонига бу тарзда бераҳм бўлиши мумкин, деб ўйлайсан киши. Бу жуда оддий, ўсмирлар ўз ёшида атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади. Ижтимоий тармоқлардаги “ўлим гуруҳлари” ўсмирларнинг ана шу нозик жиҳатларидан фойдаланиб, хавфли ўйин якунидаги “ғолиблик”ка чорлайди.
Энг сўнгги босқич ўйиннинг асл моҳиятини кўрсатиб беради. Бу паллада ўсмирга ўзини энг юқори қаватдан ташлаш, тез келаётган автомобилнинг олдини кесиб ўтиш каби топшириқлар берилади. Бундан бўйин товлашга, кульминацион нуқтада ўйинни тарк этишга йўл қўйилмайди. Агар ўйинчи бундан бош тортса, яқинлари ва ота-онасини ўлдириб кетиш билан таҳдид қилишади ва унинг манзилини аниқ ёзиб юборишади. Ўсмир эса ҳақиқатан ҳам уни кузатишаётганига, агар уларнинг шартини бажармаса, яқинларига мусибат етишига ишонади, сўнг жонига қасд қилади...
КЎР(МА)ГАНИМИЗ. Бу “ўлим гуруҳлари”нинг ҳаракатлари “интернет терроризми” деб аталмоқда. Ҳозирда “Кўк кит” нафақат Россия, балки бошқа мамлакатларда, хусусан, Марказий Осиё ҳудудида ҳам кенг тарқалиб бормоқда.
Қирғизистон ички ишлар ва маориф вазирлиги жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб аҳолини ижтимоий тармоқлардаги бу каби ўйинларнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантирмоқда. Чунки бу давлатда жорий йилнинг дастлабки ойида 15 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилган. Россия ОАВ берган хабарга кўра, бугунги кунга келиб, бу ўйинлар сабабли 230 нафар ўсмир ҳаётдан кўз юмган.
Юртимизда “Кўк кит” ва шу каби бошқа ўйинлар оқибатида жабрланиш ҳолати қайд этилгани йўқ. Этилмасин ҳам. Бироқ айрим ёшларимиз ушбу ўйин домига тушиб қолаётгани бор гап. Бир неча ўсмирларимизнинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида ёзган бу ҳақдаги постлари кишини огоҳликка, ҳушёр бўлишга чорлайди. Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Ана шундай кайфиятга берилган халқ ёки миллат тараққиётдан юз йиллар орқада қолиб кетиши ҳеч гап эмас”.
Муаммонинг бутун кўламини кўриб турибмиз. Энг ёмони, у бизга жуда яқин, шундоққина ёнгинамизда. Фарзандларимиз, ўғил-қизларимиз тақдирига, ҳаётига рахна солишга уринмоқда. Бунда маблағ, вақтни аяшмаяпти. Гуруҳ аъзоларини тўплаш ва улар билан ишлашда тажрибали психологлар хизматидан фойдаланишмоқда. Манфур мақсадларини рўёбга чиқариш учун барча усул ва воситаларни қўллашдан тап тортишмаяпти.
Бундан уларга нима манфаат дерсиз? Ҳамма гап шунда. Бошқариладиган, ким қаёққа етакласа (ҳатто ўлимга ҳам) кетаверадиган шахсларни тарбиялаш, тайёрлаш мақсад қилинган. Қолаверса, қиёфасиз шахсларни бошқариб, мазах, калака қилиш, ўзи истаган кўйга солиш ҳам улар фаолиятининг асосидир.
АНГЛАГАНИМИЗ. Хўш, бу иллатга қарши туриш учун нима қилмоқ керак? “Кўк кит”га қарши қандай йўл бор? Бунга ҳар ким ҳар хил жавобни айтаяпти. Биров биринчи навбатда ҳар бир ота-она ўз фарзандининг интернетдан фойдаланиши, мобиль воситаларини назорат қилиши кераклигини айтса, яна кимдир боланинг ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқотга киришаётганидан мунтазам равишда бохабар бўлиб бориш лозимлигини таъкидламоқда. Бошқа биров эса болани бекор қолдирмаслик зарурлигини билдираяпти. Чунки аниқ мақсад-машғулоти бўлмаган бола хоҳлаган сайтига кириши, хоҳлаган гуруҳларга аъзо бўлиши мумкин.
Яна бир тараф эса болани имкон қадар кўпроқ машғулотлар билан банд қилиш, токи унинг ортиқча ишлар билан шуғулланишга вақти ҳам, кучи ҳам қолмаслигини қайд этмоқда.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари, ўқув муассасалари маъмурияти томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, мактаб ва лицей-коллежлардаги давомат, ўқувчиларнинг смартфонлари ва ўзини тутиши кузатиб борилмоқда. Ота-оналардан фарзандларига эътиборли бўлиш сўралмоқда. Бироқ...
Ёшлигида компьютер кўрмай, интернет нималигини билмай катта бўлган айрим ота-оналар бугунги кунда интернетда қандай хавф-хатар яширинганини тасаввур ҳам қила олмайди. Демакки, фарзандининг ижтимоий тармоқда ким билан мулоқотга кириб, қайси гуруҳга аъзо бўлаётганини ҳеч қачон билолмайди. Таълим муассасаларида эса ўқувчини мунтазам текшириб, назорат қилиб боришнинг имкони йўқ. Бу каби ўйинларни ўйнайман деган ўсмир назорат, текширувга қараб ўтирмайди. Шароитини, вақтини топиб, ўйнайверади.
Маънавият тарғиботчилари ва ёшлар билан ишловчи ташкилотлар эса одатда маърузадан ёки йигирма-ўттиз ёшни йиғиб мажлис, тадбир ўтказишдан нарига ўтишмайди, ўтишмаяпти. Ўз ўрнида бу борадаги ишлар ҳеч қандай самара бермайди. Чунки бугунги ёшларни дидактика, панд-насиҳат билан, маъруза ўқиш орқали тарбиялаб бўлмайди. Бундай услубларнинг даври ўтди. Бундай услублардан одамлар чарчади.
Хўш, нима қилса бўлади? Нима қилсак, ёшларимиз бу каби иллатлар домига тушмайди? Қандай ҳолда ўғил-қизларимизни ғараз ниятли кучлар таъсиридан ҳимоялаган бўламиз?
Ҳеч кимга сир эмас, ёшларни интернетдан, ижтимоий тармоқлардан ажратиб бўлмайди. Чунки даврнинг тақозоси шу. Демак, масалага шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ёндашишимиз зарур эмасми? Нимага ёшлар юқоридаги каби манфур ўйинларга ошуфта бўлаяпти? Чунки унинг ўрнига биз таклиф қиладиган ижобий, фойдали, самарали ўйинлар йўқ. Бу ҳақда ўйлаб кўрганимиз ҳам йўқ. Фақат ўша “Синий кит” ёки “Тихий дом” каби ўйинлар ўзининг аянчли оқибатини кўрсатгандан сўнггина уни қоралаб, танқид қилаяпмиз, холос. Амалий ишга қўл урмаяпмиз.
Оддий мисол, “Кўк кит” ёки “покемон” сингари ўйинларни моҳир дастурчилар яратишмоқда. Ўз навбатида компьютер дастурлари ёшларни бошқараяпти. Хўш, нима учун азиз фарзандларимизнинг ширин ҳаётига қасд қилишга уринаётган “Кўк кит” каби ўйинларга қарши дастурларни ярата олмаймиз? Нима, дастурчиларимиз йўқми? Маблағ етишмайдими? Ҳаммаси бор. Энди уларни ишга солишнинг вақти келмадими? Ёшлар билан ишлайдиган ўнлаб ташкилот бор. Улар фаолияти самарадорлиги учун миллиардлаб маблағ сарфланаяпти. Нима учун улар виртуал хавфга қарши тайинли иш қилмаяпти? Маблағни айтилган дастурлаш лойиҳаларига йўналтирмаяпти? Ахир унинг оқибатлари анча қимматга тушади-ку. Тушаяпти-ку.
Дейлик, юртимизнинг энг кучли ахборот технологиялари мутахассислари иштирокида “Кўк кит”га қарши бир ўйин тузиб чиқсак-да, уни “Камолот”га йўл” деб номласак.
Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади, деганларидек, майли, ўша салбий ўйинлар услубларидан ҳам фойдаланайлик. Кўраяпмиз, ёшларимизни бу услублар, улар қўллаётган воситалар оҳанрабодай ўзига жалб қилаяпти.
Биз ҳам психологларни жалб қилайлик. Ўсмир учун фойдали вақтни танлайлик. Ўйин шартлари шундай бўлсин: математика, адабиёт, тарих, қўйингки, барча фанлар ва фойдали билим берадиган соҳалар бўйича саволлар берилсин. Бир саволнинг жавоби кутубхонада, кейингисиники музейда, яна бириники театрда, хуллас, ўсмир ҳам ўйин ўйнаб, шу аснода таълим, маданият муассасаларини бирма-бир кезиб чиқсин. Билими бойисин, тасаввури кенгайсин. Шу йўлда китоб ўқисин, луғат ёдласин. Босқичма-босқич тарзда билимини синовдан ўтказиб, мукофотгача етиб борсин.
Ана, кўрдик, худкушликни тарғиб қиладиган ўйинга болалар азбаройи берилиб, дунёни унутиб қўймоқда. Ҳар куни тонгги 4:20 да туриб, аҳмоқона топшириқларни бажаришга шай, тайёр турибди. Нимага биз фойдали машғулот билан ёшларимизни шу тарзда ўзимизга оғдириб ололмаймиз? Уларнинг иш услуби, таъбир жоиз бўлса, “сеҳри”ни нега биз қўллай олмаймиз?
Охирги манзил, яъни ўйиннинг кульминацион нуқтаси “Камолот”да тугасин ва бу ерда ғолибни автомобиль кутиб турсин. Мукофотга бундан қимматроқ, қийматлироқ ютуқ қўйсак ҳам ҳеч нарса ютқазмаймиз, аксинча ютамиз. Майли компьютер жамланмаси бўлсин, майли чет элга саёҳат, олий ўқув юртига кириш йўлланмаси, контракт пулини тўлаб бериш, стипендия ва ҳоказо...
Шуни қилсак, ана шундай ўйинларни ярата олсак, ёшларимиз ҳеч қачон бошқа ўйинларга чалғимайди. Ёт ғоялар билан фикри бузилмайди. Энг асосийси, мазкур виртуал ўйинга, кенг кўламли тадбирга уюшмаган ёшларни қамраб олса бўлади. Хуллас, бу йўлда маблағ сарфлашдан қўрқмаслигимиз керак. Гап болаларимиз келажаги, эртанги тақдири ҳақида кетмоқда.
Б.ЎКТАМ