Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Кўкдалада минг гектар лалми ерда токзор ва яна шунча майдонда бодомзор ташкил қилинмоқда

20.08.2020


Кўкдалада минг гектар лалми ерда токзор ва яна шунча майдонда бодомзор ташкил қилинмоқда

Мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда лалми ерлар, узоқ йиллар давомида самарасиз деб баҳолаб келинган майдонлар кўп. Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидек, бир қарич ердан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олган деҳқонларимиз қақраб ётган жойларни ўзлаштириш, йирик лойиҳаларга қўл уришдан қўрқишмаётгани эътиборга молик.

Чироқчи туманидаги Кўкдала ҳудудида 1000 гектар токзор ва яна 1000 гектар бодомзор ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилгани ана шундай истиқболли лойиҳалардан биридир.

ЎзАнинг ёзишича, бу ҳудуднинг аксарият қисми лалми ер майдонларидан иборат бўлиб, уларда яқин-яқингача фақат ғалла экиб, деҳқончилик қилинган ва гектаридан нари борса 10 центнердан ҳосил олинган. Бошқача айтганда, бу жойда деҳқончилик қилишнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлган.

Кўкдалада 2 минг гектар майдоннинг ўзлаштирилиши натижасида ҳудудда истиқомат қилувчи 2400 дан зиёд киши ишли-даромадли бўлади. Айни пайтда бу ерларда экишга тайёргарлик ишлари авжида. Лойиҳа бош пудратчиси замонавий боғ барпо этишда маълум тажрибага эга "Насаф агро импекс" масъулияти чекланган жамияти бўлиб, уларга бир қанча субпудратчи ташкилотлар яқиндан ёрдам бермоқда. Қақраган чўлда мўъжиза яратишга 400 нафарга яқин киши - хорижий ва маҳаллий мутахассислар, шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ҳамда юзга яқин қудратли техникалар жалб этилган.

Сувни тежайдиган томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиш мақсадида 220 метр чуқурликдан сув чиқарадиган 50 та қудуқ қазилади. Айни пайтгача уларнинг 20 дан зиёди қазиб бўлинган.

Қудуқлардан чиқадиган сув ўндан зиёд ҳовузларга йўналтирилади. Ҳовузда тинитилган сув қуёш нуридан етарлича оксидлангач, махсус ускуналар ёрдамида минераллар билан бойитилиб, қувурларга жўнатилади. Айни пайтда бу ерда қарийб 100 километр ерга 80 сантиметр чуқурликда хандақ кавланиб, қувур ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу келажакда қатор ораларига техникалар ёрдамида ишлов берилганда қувурлар зарарланишининг олдини олади. Барча жиҳозлар ўрнатиб бўлингач, тўлиқ компьютерлаштирилган тизим сувни чанқаган ерларга автоматик тарзда тақсимлайди.

Лойиҳани амалга ошириш ишларига туркиялик Комрон Алтурк ҳам ўз тажрибаларига таянган ҳолда кўмаклашмоқда. У ҳозиргача тўққизта мамлакатда боғ яратиш ишларини олиб борган экан. Турк мутахассиси Кўкдала ерини ҳосил олиш кафолатли тупроқ сифатида баҳолаган.

Маълум бўлишича, лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, йилига 100 миллион долларлик майиз ва бодом мағзини экспортга йўналтириш имкони туғилади.

 

Report typo