Кўкдала туманининг Чорвадор маҳалласи ҳудудидаги Шамолқудуқ қишлоғида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида фестиваль ўтказилди.
Вилоят ҳокимлиги, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан уюштирилган бу кенг кўламдаги тадбир доирасида уч авлод учрашуви, турли маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, шунингдек, ҳудудларнинг миллий ҳунармандчилик ва деҳқончилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, Кўкдала аҳлини ҳудудда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан қутлади.
Маълумки, жорий йилда Чироқчи тумани таркибидан янгидан ташкил этилган Кўкдала тумани таркибига 176,3 минг нафар киши яшаётган 32 та маҳалла киритилди ва Еттитом шаҳарчаси туман маркази этиб белгиланди.
- Кўкдала туманининг ташкил этилиши бу, албатта, қашқадарёликлар учун йил воқеаси бўлди, – деди ўз сўзида вилоят ҳокими Муротжон Азимов. – Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” эзгу ғоясининг амалдаги ифодаси, халқимиз кўнглидаги гап бўлди. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида ғамхўрлиги эвазига биргина Кўкдала тумани ҳудудини ривожлантириш учун давлат бюджетидан 3 йил ичида 3 триллион сўм маблағ ажратилади. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр тармоқлари, 44 та бино ва иншоот, 20 дан ортиқ мактабгача таълим ташкилоти, 2 та мактаб, 18 та маҳалла биноси, кутубхона, спорт иншоотлари фойдаланишга топширилади.
4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Чорвадор маҳалласи ҳам давлатимиз раҳбарининг кўрсатма ва тавсиялари асосида улкан қурилиш майдонига айланган. 22 километр ички йўлга шағал тўкилмоқда. 72 нафар эҳтиёжманд оила уйларининг томлари замонавий кўринишда ёпиб берилмоқда, электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида кўчаларга 50 дан ортиқ симёғочлар ўрнатилмоқда. Қисқа фурсатда аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, 30 нафарга яқин беморга имтиёзли ордерлар берилди. Хотин-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллада бугун тинимсиз меҳнат жараёни кечмоқда.
Умуман олганда “Обод қишлоқ” дастури ва бошқа бир қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида тумандаги қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси ўзгармоқда, халқнинг розилигига эришилмоқда. Розилик бўлган жойда эса барака, муваффақият бўлади.
- Маҳаллалар билан янгича асосда ишлаб, аҳолига, шу жумладан, жамиятимиз файзи бўлган нуроний ва кексаларимизга муносиб эътибор кўрсатишга қаратилган бундай ёндашув кўзланган натижани бериши, “Инсон қадри учун” ғоясини тўлиқ рўёбга чиқариши шубҳасиз, - деди вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов. – Зеро, маҳалла институти зиммасига юкланаётган муҳим вазифаларга мос равишда уларга кенг ҳуқуқ ва ваколат, зарур моддий-техник имкониятлар яратиб берилмоқда. Аҳоли муаммоларини комплекс ҳал этиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, жиноятчиликни камайтириш, ёш авлодга таълим-тарбия бериш каби кўплаб соҳа ва йўналишларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада маҳалла раисларига муҳим ваколатлар ҳам берилганки, бу уларнинг жамоатчилик ўртасидаги обрў-эътибори янада ошишига хизмат қилади. Тадбирда айтиб ўтилганидек, “устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш, кекса авлод вакилларининг бой амалий тажрибасидан ёшларни кўпроқ баҳраманд этиш муҳим тарбиявий восита саналади.
Ёши улуғ отахон ва онахонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган дуолардан кўнгилда ёруғ туйғулар уйғонади.
- Кейинги қисқа даврда йиллаб ечимини кутиб турган муаммолар барҳам топаётганига гувоҳ бўлаяпмиз, - дейди Кўкдала туманилик Норқора бобо Эрназаров. - Катта марралар олиниб, одамларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган дастурлар амалга оширилаётганини кузатяпмиз. Биргина мисол, авваллари ёғингарчилик бўлса, кўчаларимиздан сираям юриб бўлмасди. Қисқа вақт ичида йўллар текисланиб, шағал ётқизилди, электр таъминоти яхшиланди, уйларнинг том қисми замонавий ёпиб берилаяпти. Энди бугунги ҳаёт билан ўтмишдаги шароитларни таққослаб, эришилаётган ютуқларимиз ортида турган фидокорона меҳнатлар қадрига етишимиз зарур. Бу жараёнда биз - кекса авлод вакиллари ёшларга ибрат бўлиб, тинч, обод Ватанимизга муносиб ўғил-қизларни тарбиялашимиз керак.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” фестивали доирасида ҳудудда Президентнинг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган кенг миқёсли ободонлаштириш ишлари бўйича ҳам маҳаллий аҳоли олдида байрам баҳонасида ҳисобот берилди. Бунга уйғун ҳолда шу куни ҳудуддаги 21 та оила фарзандининг суннат тўйи ҳам ўтказилиб, тўйболаларга эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир иштирокчилари ҳудудлар вакилларининг кўргазмали чиқишлари, ёшларнинг ташаббуслари, иқтидорли спортчиларнинг мусобақаларидан баҳраманд бўлишди. Вилоят мусиқали драма театрининг таниқли санъаткорлари концерт дастури ҳам барчага хушкайфият улашди. Қишлоқ аҳолиси учун дошқозонларда ош дамланиб халққа тарқатилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА