Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Т.ТЕМИРОВ

13.03.2018


КЎНГИЛЧАНЛИК РАҲБАРГА ХОСМИ?

Қарши тумани маданият бўлими бошлиғи   Нортожи Ғаниева ана шундай туғма лидер аёллардан. Бежизга 34 йиллик фаолиятининг 24 йилида раҳбарлик лавозимларида ишламаган. Аввалига 1994 йилдан бошланган туман маданият уйи директорлиги чоғида ҳам, кейин туман маданият бўлимига раҳбар бўлиб тайинланганида ҳам каттагина жамоани бошқаришда унга ўша раҳмдиллигу кўнгилчанлик, мардлигу дангаллик яқиндан ёрдам берди.

- У киши билан 1990 йилдан буён бир жамоада ишлайман, - дейди созанда Музаффар Мадатов. – Энг аввало, соҳанинг икир-чикирлариниям жуда яхши ўзлаштирган. Шунинг учун жамоада ўз ишини бажаришга сал қийналган киши борки, дарров Нортожи опадан маслаҳат сўрайди. У бўлса эринмай, вақтини қизғанмай, берилиб ўргатади. Ҳар куни эрталаб ишни жамоадагиларнинг аҳволидан хабардор бўлишдан бошлайди. Ким бетоб, ким нимадандир сиқилган, барчасини бирма-бир ўрганиб, кимга она, кимга опа бўлиб меҳрибонлик кўрсатади. Бирор каттароқ ишни бошлаш керагу бунга эркакларнинг ҳам юраги дов бермай турган бўлса, у ҳеч иккиланмай, қўрқмай шу ишни ўзи бошлаб беради. Кейин унга бошқалар эргашади.

Нортожи Ғаниевадаги бу каби хислатлар туман маданият бўлимига раҳбар этиб тайинланган илк йилдаёқ ўз самарасини берган. Ўшанда республика миқёсида ўтказилган ўлан ва лапарлар танловида Қарши тумани номидан иштирок этган жамоа ғолибликни қўлга киритган. Кейин эса ютуқлар бир-бир келаверди. Мамлакатимизда маданият ва санъат вакиллари ўртасида ўтказиладиган турли танлов ва фестивалларда Қарши тумани вакиллари доимо фаол. Тумандан ўнлаб эл суйган санъаткорлар етишиб чиқди. Ҳеч бир байрам йўқки, туманда ташкил этилган “Момогул” фольклор-этнографик халқ ансамбли ва “Чўл чамани” ашула ва рақс ансамбли иштирокисиз ўтса...

- Нортожи опа ёшлар билан зўр чиқишади, - дейди хонанда Висола Чориева. – Доимо бизни қўллаб-қувватлайди, ҳимоя қилади. Ҳали коллежда ўқиб юрган чоғимдаёқ менга жуда кўп ёрдам қилган. Ўша пайтда “Ёш мақомчилар” кўрик-танловида қатнашишим учун барча шароитни яратиб берган. Танловнинг республика босқичида 2-ўринни қўлга киритдим ва бу ютуқда Нортожи опанинг катта ҳиссаси бор деб ҳисоблайман.

Дарҳақиқат, у киши замондан бир қадам олдинда юришга ҳаракат қиладиганлар хилидан. Бу йўлда интилишдан, изланишдан чарчамайди. Бугун туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида ташкил этилган тикувчилик цехи, тикувчилик, чолғу асбоблари ясаш, компьютер саводхонлиги ўқув курслари ана шу изланишлар маҳсули. Туман маданият бўлими жамоаси Нортожи опа раҳбарлигида Германия халқ университетлари ассоциацияси (DVV)нинг Ўзбекистондаги филиали томонидан эълон қилинган грант танловида ғолибликни қўлга киритган. Инновацион ёндашувлар ҳисобига катталар таълими ва ўқитишнинг норасмий тизими самарадорлигига ҳисса қўшиш мақсадида тайёрланган лойиҳанинг самараси ўлароқ қисқа вақт ичида 30 киши тикувчилик, 20 киши чолғу асбобларини ясаш сирларини ўрганди. Маданият ва аҳоли дам олиш марказининг яқин атрофида жойлашган қишлоқ ва маҳаллалардан 60 нафардан ортиқ ёшлар компьютер курсларига қатнамоқда.

- Бу лойиҳа орқали маънавий-маърифий хизматлар кўламини кенгайтиришни кўзлаганмиз, - дейди Нортожи Ғаниева. – Айни пайтда тикувчилик курсида таҳсил олганлар шу ердаги цехда фаолиятларини давом эттиришади ва бу янги иш ўринлари дегани. Қолаверса, турли декорацияларни, байрам тантаналари учун мўлжалланган махсус либосларни ўзимизда тайёрлаш имкони яратилди. Бундан ташқари, кийим-кечаклар тайёрлаб, кам таъминланган оилалар фарзандларига совға қилишни мўлжаллаб турибмиз.

Дарвоқе, маълумотларга қараганда, республикамиздаги шаҳар ва туманлар маданият бўлимлари раҳбарларидан бор-йўғи уч нафари хотин-қизлар. Вилоятимизда эса фақат бир нафар – Нортожи Ғаниева. У нафақат статистика бобида, иш самарадорлиги бўйича ҳам шундай кўрсаткичга эга бўлиш ниятида.

 

Т.ТЕМИРОВ

Report typo