Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Норбой ЖЎРАЕВ

11.03.2017


КЎНГИЛЛАР ТУТАШГАН КЎПРИК

Маълумки, ўзбек ва туркман халқларини умумий тарих, муштарак маданият ва қадриятлар, ўхшаш тил ва урф-одатлар ўзаро боғлаб туради. Тақдир синовлари даврида бир-бирига елкадош бўлиб, саодатли дамларда қувончини баҳам кўриб келган бу икки халқ азалдан бир-бирининг маданиятини бойитиб, ўзаро савдо-сотиқ қилиб келади, бир дарёдан сув ичади. Аждодларимизнинг илмий-маънавий ва адабий мероси халқларимизнинг умумий мулки саналади. Туркманистонда Алишер Навоий, юртимизда Махтумқули асарлари катта қизиқиш билан мутолаа қилинади ва тадқиқ этилади.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар мустақиллик йилларида янги, сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтарилди. Аждодларимиз томонидан ўрнатилган ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик тамойиллари икки давлат мустақилликка эришганидан сўнг янада ривож топди.

Бугун Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлиги 2007 йилда имзоланган дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома руҳида жадал ривожланмоқда. Мунтазам равишда олий даражадаги учрашувлар ўтказиб келинаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Бу галги учрашув ҳам давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, Ўзбекистон ва Туркманистон БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида изчил ҳамкорлик қилиб келади, мамлакатларимизнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммоларга ёндашувлари, қарашлари ўхшаш ва яқин.

Қайд этиш керакки, икки давлат иқтисодий ҳамкорлигида транспорт коммуникациялари устувор жиҳат саналади. Икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари яхши интеграциялашган тизим бўлиб, нафақат Ўзбекистон ва Туркманистон, балки учинчи давлатлар учун ҳам қулай транзит мажмуи вазифасини ўтайди.

Ташриф чоғида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган, Амударё устида қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприклари ҳам бу борадаги муҳим ишларнинг мантиқий давомидир.

Германия, Норвегия технологияларидан фойдаланилган 1600 метрлик автомобиль, 1750 метрлик темир йўл кўприги Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, халқларимиз дўстлигининг тимсоли бўлиб, нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун геостратегик аҳамиятга эга. Сабаби, Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўллари ўзаро интеграциялашиб, қайта тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этади, минтақа ривожи ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Шуни ҳам эътироф этиш керакки, икки мамлакат халқлари ўртасида тарихан таркиб топган дўстона алоқалар замирини маданиятларнинг муштараклиги, бир-бирини тўғри тушуниш ва ўзаро ишонч ташкил этади. Бу нарса, айниқса, Туркманобод шаҳридаги марказий кўчалардан бирига Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи берилгани, ушбу кўчада ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, азиз Президентимизнинг бюсти ўрнатилганида яққол намоён бўлди.

Биринчи Президентимиз хотирасига туркман халқи томонидан кўрсатилган юксак эҳтиром халқимизнинг ҳар бир вакилини тўлқинлантирди, ҳаяжонга солди. Мажмуада Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари акс эттирилиб, уларнинг ёнидаги гранитда Ислом Каримовнинг "Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик - бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир" деган сўзлари ўзбек ва туркман тилларида битилган. Энг муҳими, Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Буюк Йўлбошчимизнинг ушбу ўгитига амал қилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркманистонда миллатлараро ҳамжиҳатлик, тарихий ватани ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган барча халқларнинг вакилларига нисбатан ҳурмат таъминланмоқдаки, бу ҳар икки мамлакатда яхши анъанага айланиб қолган. Юртимизда қарийб 170 минг нафардан зиёд туркман яшайди. Туркман миллатига мансуб 8 минг нафардан зиёд бола туркман тили ўқитиладиган элликка яқин мактабда таҳсил олмоқда. Эътиборлиси, 24 та мактабда таълим тўлиқ туркман тилида олиб борилади. Мамлакатимизда 7 та туркман миллий маданий маркази иш олиб бормоқда. Хусусан, 2007 йилдан буён вилоятимизда ҳам туркман миллий маданий марказининг бўлими фаолият кўрсатмоқда.

Бугун Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида 70 нафарга яқин туркманистонлик талаба, Косон педагогика-иқтисодиёт ва Қарши тиббиёт коллежлари ва бошқа таълим даргоҳларида қўшни давлатдан келган 200 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўзбекистонлик тенгдошлари каби уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароит ва имкониятлар муҳайё қилинган. Айниқса, таълим даргоҳларида, талаба ва ўқувчилар ётоқхоналарида яратилган шароит ва имкониятлар жаҳон талабларига ҳар жиҳатдан мос келади.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, яқинда Туркманистонда бўлиб ўтган муҳим сиёсий жараён - Президент сайлови жараёнларида мазкур ёшларнинг сайлаш ёшига етганлари мамлакатнинг эртанги кунига дахлдор муҳим сиёсий тадбирда фаол қатнашиши учун вилоятимизда барча шароит ҳозирланди.

Ўзим туркман миллатига мансубман ва ўзбек халқи эришаётган ютуқларга кичик бўлса-да, ҳиссам қўшилаётганидан хурсандман. Албатта, барча ютуқларимизга мамлакатимизда тинчлик-осойишталикнинг, барқарорликнинг таъминланиши, шу билан бирга, қўшни давлатлар билан ҳар томонлама дўстона алоқалар, ҳамжиҳатликнинг йўлга қўйилиши сабаб, деб биламан.

Энг асосийси, Президентимизнинг Туркманистонга ташрифи ва унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар, бўлиб ўтган маданий тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик ва қардошлик тамойиллари асосида ривожланиб бораётганини яққол намоён этди. Бу эса давлатларимизни, халқларимизни янада яқинлаштиради, янги-янги ҳамкорлик уфқларини очади.

Норбой ЖЎРАЕВ,

туркман миллий маданий маркази вилоят бўлими раҳбари

Report typo