Фотонигоҳ
Шу кунларда ўзаро сўзлашувда, ижтимоий тармоқларда об-ҳаво ҳақида сўз бораркан, “Венеция” деган сўз тез-тез ишлатилаяпти. Албатта, бу саёҳат истагидан эмас. Бир-икки кун илгари ёққан ёмғир ўзимизда ҳам “ажойиб” “Венеция”ни пайдо қилдики, гирд-атрофи сув билан ўралган шаҳарни кўриш учун узоқ юртларга боришнинг ҳожати қолмади.
Бизда ҳар йили йўллар таъмирланади, бунинг учун миллиардлаб маблағ, не-не техникалар ажратилади, ҳисоботларга улкан ҳажмдаги ишлар бажарилгани хусусидаги рақамлар тиркалади. Ўша ҳисоботларга бир қур кўз югуртирсангиз, ё айтилганларига бир дам қулоқ тутсангиз, энди ҳаммаси бошқача бўлиб кетади, деб ишонасиз. Амалда эса мавсум маҳали юз бериши муқаррар ёғингарчиликдан кейин ҳамма жойни сув босиб, ариғу лотоклар тўлиб-тошиб кетади.
Суратларда назардан четдаги ҳудуд эмас, вилоят маркази – Қарши шаҳридаги манзаралар акс этган. Бу шаҳарда лотоклар шундай ўрнатиладики, сув қаерга оқишини билмайди – худди охири йўқ тупик кўчага ўхшайди. Дренаж тизими ҳақида-ку гапирмасаям бўлади. Шунинг учун машинаю йўловчилар сув кечиб юришга мажбур. Лекин токайгача?
Йўлсозлигу шаҳарсозлик режаси тасдиқланаётганда, оқова, ёғингарчилик натижасида ҳосил бўлган сувларни ҳам маълум ўзанга солиш кўзда тутилса керак ҳар ҳолда?!
НАСРИДДИН
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.