- Айни пайтда мажмуамизда нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган, - дейди фермер Шерзод Узоқов. - Ушбу цехимизда 30 хилга яқин ширинликлар пиширилаяпти. Аҳолига қулай бўлиши учун маҳсулотларимизни мажмуамиздаги савдо дўконида сотаяпмиз. Шунингдек, бу ерда замонавий типдаги кушхонамиз фаолият кўрсатаяпти. Молни сўйишдан тозалашгача бўлган барча жараён замонавий ускуна ва аппаратлар ёрдамида бажарилади. Бунда ветеринария-санитария талабларига тўлиқ риоя этилиши таъминланмоқда. Янги кушхонада бир кунда ўрта ҳисобда 100 бош йирик шохли ва 200 бош майда молни гўштга тайёрлаш имкони мавжуд. Сиғими 40 тонналик совуткич эса гўшт сақлашга мўлжалланган. Мажмуамиздаги 10 сотих ерда ташкил этилган иссиқхонамизда помидор, бодринг етиштирилаяпти. Лойиҳамиз амалга ошиши натижасида шу кунга қадар 100 нафардан зиёд кишини иш билан таъминладик. Уларнинг асосий қисми - коллеж битирувчилари.
Эътиборлиси, жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Президентимиз мазкур лойиҳа билан яқиндан танишган, унинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига юқори баҳо берган, бундай лойиҳалар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим омил эканини қайд этганди.
М.ШУҲРАТОВ
Суратларда: замонавий мажмуа фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.