Қолаверса, ҳозирги Монополияга қарши курашиш қўмитаси талабларига кўра, "номер один", "самый", "лучший", "первый", "лидер", "только", "эффективный", "настоящий", "идеал", "энг малакали", "энг аниқ", "энг тезкор", "энг сўнгги", "энг тўлиқ", "фақат бизда", "фақатгина", "етакчи", "экологик тоза", "соф", "тирик маҳсулот", "енгил таъм", "жуда олий сифатда", "халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган", "барча талабларга тўлиқ жавоб берадиган", "юз фоиз кафолат, юз фоиз натижа", "барча", "ҳар қандай" каби сўз - иборалардан ҳеч қандай исбот, далил ва асосларсиз рекламада фойдаланилиши мумкин эмас, яъни бунга йўл қўйилса, қонун бузилиши саналади.
Албатта, талаб жуда тўғри қўйилган, бироқ бир алоқа компаниясининг рекламасида "Етакчи. Инновацион..." деган, ичимлик суви рекламасида "экологик тоза" (гўё бошқалари тоза эмасдек) сўзлар ҳар куни телевизорда қулоғингизга чалиниб турса, ҳайрон бўларкансиз. Бу қўмита ўзи талаб қўйиб, ўзи бажармас экан-да, деган хаёлга борасиз-да, тўғрими?
Ҳолбуки вилоятда ҳам бундай ҳолатларга ҳар қадамда бўлмаса ҳам ўзига етар даражада дуч келинавериб, ўрганиб ҳам кетилган.
Мисол учун, Қарши шаҳридаги бир чойхона кабоби реклама қилинаркан, улкан ҳарфлар билан "№1" деб ёзиб қўйишибди. Албатта, бундай "эълон"дан кейин кўпчиликнинг бу кабобдан бир татиб кўргиси келади. Мижоз чақиришнинг яхши йўли бу. Аммо уларнинг "номер один" деган даъвосига бошқа кабобхоналар қандай муносабат билдираркан? Ҳар ҳолда улар ўзини ўнинчи ё йигирманчи даражали ҳисобламаса керак.
Ёки келинлар либосини ижарага берадиган шохобчалардан бири "Бир қадам олдинда" эканлигига нима дейсиз? Гўё бошқалар лайлак ҳайдаб юргандай. Эски шаҳардаги бокс залининг "номер один" эканига ҳам кўнасиз, бошқа иложингиз йўқ.
Хўш, бундай инсофсиз рақобатга киришган, реклама тўғрисидаги қонун талаблари бузилган эълонлар қаердан чиқиб кетяпти? Нега уларнинг назорати билан рақобат бошқармаси деган идора мутахассислари шуғулланмаяпти? Ё қонун ўз йўлигаю, реклама ҳар ким хоҳлаганидайми? Тегишли масъуллар бу битикларни кўрмаганига эса ишониш қийин. Балки кўриб, кўз юмишаётгандир, ким билади...
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.