Илмга бўлган чанқоқлик, шеъриятга қизиқиш уни Тошкент сари етаклади. Рус тили ва адабиёти институтида таҳсил олган Муҳаммад Юсуф дастлаб республика Китобсеварлар жамиятида фаолият юритди. 1980-1992 йилларда пойтахтдаги қатор газета ва нашриётларда ишлади. Умрининг сўнгги йилларида Ёзувчилар уюшмаси котиби вазифасини бажарди. У қисқа умри давомида яратган назмий асарлари билан халқнинг суюкли шоирига айланиб улгурди. Шоирнинг дардчил, ўйноқи оҳангларга йўғрилган сўзлари маржондай бир ипга шундай моҳирлик билан тизилганки, бундай кетма-кетлик, ўз навбатида, жозибаси, халқчиллиги билан шеър мисраларни безайди.
На гапга кўнайин,
На тил билайин,
Кўздан уйқу қочди,
дилдан ҳаловат -
Уч кунда соғинсам нима қилайин?
Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.
Аслида ўқувчининг бир зумгина оромини ўғирлаган ана шундай қуйма, табиатан туғма мисралар ҳаммага бирдек ёд бўлиб кетган, улар бир умрга инсон хотираси - қалб дафтарига муҳрланганча қолади.
дастлабки шеърлари 1976 йилда "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида эълон қилинди. Шундан кейин "Таниш тераклар" (1985), "Булбулга бир гапим бор" (1987), "Илтижо" (1988), "Уйқудаги қиз" (1989), "Ҳалима энам аллалари" сингари ўнлаб шеърий тўпламлари шеър ихлосмандларига тақдим этилди. Унинг "Сайланма"си (2001, 2002, 2003, 2004) эса ҳар бир адабиёт ихлосмандининг маънавий хазинасига айланиб улгургани ҳам рост.
Аксарият ижодкорлар сингари Муҳаммад Юсуф ҳам ўз юртини жўшқинлик билан мадҳ этаркан, жайдари, оддий фалсафий қарашлар ила бисотини бойитади, ундаги содда ва самимий туйғуларни қувноқлик, гоҳида маҳзунлик, таъсирчанлик пардасига созлайди, шу йўл билан ўз юртига бўлган фарзандлик меҳр-муҳаббатини, чексиз садоқатини, унга бўлган эътиқоди, она Ватан ва унинг қўйнида кечган бахтли лаҳзаларини ранго-ранг тасвирда, равон тилда шеърларига кўчиради. Ана шундай халқона, жозибали шеърларининг аксарияти сиёҳи қуримасдан юртимиз байрамларида халқнинг жипслигини оширувчи, уни якдилликка чорловчи ватан қўшиғига айланарди. Бунга "Халқ бўл, элим" шеъри мисол бўла олади. Айнан мана шу шеъри уни элга янада танитди, овоза қилди, десак муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов Муҳаммад Юсуф ижоди ҳақида шундай деган эди: "Бу озғингина, истараси иссиқ, қорачагина йигитча бир кўришдаёқ мени ўзига тортган эди. Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқчиманки, инсон умрининг охиригача илм ўрганади, ҳаёт дарсини ўрганади. Аммо шеър ёзиш илми шундай илмки, уни ўрганиб бўлмайди. У туғма бўлиши керак. Муҳаммад ҳам туғма истеъдод соҳиби эди. У бу истеъдодни ривожлантирди, ўзига талабчан бўлди".
Шоир шеъриятини кузатадиган бўлсак, уларда инсонпарварлик, одамийлик фазилатлари бор бўй-басти билан намоён бўлади. Қайси мавзуга оид бўлмасин шеърларида халқона оҳанг устун, табиат манзараларига уйғун. Унинг шеърларидаги дардчил ҳаёт қўшиқларига айланган ҳар мисра дилга яқин. Табиатнинг эрка гулига атаб битилган шеъридаги маҳзун туйғулар тасвири, кўнгил сурати сизу бизга қадрли бўлган баҳорий манзарани беихтиёр киши кўз ўнгида жонлантиради.
Уйда ётибману,
Сезиб турибман,
Кўкда кетаётир
Қушлар қайтишиб.
Хайрлар ёғдириб
Қанотларидан,
Хаста шоирига
Видо айтишиб.
Бор, менинг учун ҳам
Уларга қўл қоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!
Замондош адабиётшунослардан бири Собир Мирвалиев тўғри таъкидлаганидек, у ростгўй шоир, ҳалол ва покиза қалб эгаси эди. Шунинг учун ҳам унинг шеърияти бутун маънавиятга тўла. У Ватан ҳақида куйлайдими, муҳаббат ҳақида қўшиқ тўқийдими ёки тарихимиз, тақдиримиз ҳақида куйлайдими, ҳамиша ҳаётга, ҳақиқатга ҳамнафаслик туйғуси сезилиб турарди. Унинг шеърлари оддий, равон, соддалиги билан халқ оғзаки ижодига ҳамоҳангдир.
Оддийгина тўрт мисрали "Дунё" шеърида ижодкор ўз "мен"ини кўрсата олган, ҳаётининг бир парчасини унда жонлантирган, бутун олам мазмун-моҳиятини унга сиғдира олган.
Менинг кўшким кўкда -
унга етмайди қўл,
Менинг кўрким кўнгил,
унга элтгай бир йўл,
Тирикман мен, кел истасанг
муридим бўл -
Сен исломдан иймон
дарсин ўрган, дунё!..
Нозиктаъб шоир ўзига бино қўйган дунё билан шундай сўзлашади. Ўткинчи бу серҳашам ва алғов-далғовли дунёнинг ишларидан осонгина кўз юмиб, ундан қўл силтаб, бобомерос зиё йўлидан мағрур бошин олиб кетади, уни иймон ва ҳидоят сари етаклашга ундайди. Ҳа, унинг учун бу олам бегона, ўзига зеб берган дунёдан холи бўлган шоир кўнгил ошёни сарҳад билмайди, кўз илғамас, қўл етмас...
Муҳаммад Юсуф чиндан ҳам ижод оламида ўхшаши йўқ, тенгсиз, ўз овозига эга ҳассос шоир сифатида халқининг юрагидан жой олди. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов айтганидек, у осмонқалб ижодкор эди.
Унинг ҳар бир шеърида инсон руҳий кечинмалари образли сўз воситасида ёрқин, бир пайтнинг ўзида жўшқин кайфиятда тараннум этилади. Ижодкор шеърларида ўзбекона характерни содда, тушунарли ва чиройли тарзда моҳирлик билан ифодалайди. Ўзининг ўзбек эканлигидан, шу юрт фарзанди бўлганидан кўкси ғурурга тўлади. Бу ҳақда "Ўзбекман" шеърида у шундай дейди;
Зиё оққан мен юрган йўл-йўлакка,
Шому Ироқ зор термулган ўзбекман.
Дунёларни ўрантирган ипакка,
Тилла қўнғироқли карвон ўзбекман!
Дарҳақиқат, юрт ардоғидаги эрка ва танти шоирдан асл ўзбекона шеърият қолди, десак арзийди. Унинг қолип билмас шеърларида, ўлмас меросида ўзбекона қадриятга мос жўмард, тантилик, соф ва самимиятга йўғрилган донишмандлик, халқимизга хос букилмас ирода, кенгфеъллик ва сўнмас меҳр-муҳаббат қолди. Зеро, шоирнинг ўзи айтганидек,
Ўтар қанча йиллар тўзони,
Юлдузлар - кўзёши самони.
Ўтар инсон яхши-ёмони,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
Нилуфар КАРОМОВА
Касби тумани 16-мактаб она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси
Дилфуза ЖУМАЕВА, журналист