Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.ТОШМУРОДОВ

09.02.2017


“КЎРМАГАН КУНИМ ҚОЛМАДИ”

“Бошда ҳаммаси яхши эди. Ўқишни битиргач, бир устага шогирд тушдим. Одамларнинг уйида сувоқ қилардик, пойдевор қуярдик. Топишим ёмон эмасди. Қўлим тўрт-беш сўм пул кўргач, омадимни мол бозорида синаб кўрдим. Ёмон бўлмади. Бировдан арзонроқ олиб, қимматроқ сотиб юргандим. У бозордан мол олиб, бу бозорда сотардим. Яхшигина даромад кўра бошлагач, ошналарим ҳам кўпайди. Кунда-кунора улфатчилик.

Шундай улфатчиликлардан бирида бир ҳам даврамиз кайфнинг зўрини ҳали ҳеч қайсимиз кўрмаганимизни айтиб қолди. Нашалигини билгач, аввал ҳаммамиз йўқ, дедик. Аммо “бу ўрганиб қоладиган нарса эмас. Истаган пайтинг чекмай кетишинг мумкин, бир кўринглар, маза қиласизлар, мени айтди, дейсизлар”, деб барчамизни кўндирди.

Чекдик. Тўрт оғайни кайф қилган бўлдик, гиёҳванд модда бизни ҳар кўйга солди. Биласизми, ўшанда бу охиргиси, энди чекмайман, деганман.

Орадан икки-уч кун ўтиб, яна улфатчилик бўлди. Яна кўнгил тусади. Яна бу охиргиси, бундан кейин чекмайман, деб ўзимга ўзим сўз бердим.

Кунлар, ойлар шу зайлда ўта бошлади. Қош қорайиб, ҳар кунги вақт яқинлашди дегунча, ўзимда қандайдир ўзгариш сезардим. Ҳамма жойим оғриб кетаверарди ва ўша зормандани чексам, енгил ошадигандек туюлаверарди. Кейин-кейин у ҳам кор қилмай қўйди. Оғриқлар босилавермагач, кучлироғига ўтдим. Лекин ҳар сафар бу охиргиси, деганман. Ўзимда ирода топа оламан, деб ўйлаганман.

Бу орада уйландим. Уйдагилар қишлоқнинг энг чиройли қизини олиб беришди. Бир-биримизни жуда ҳурмат қилардик. “Ола хуржун” бўйинга тушди. Лекин мен топаётган пул зормандадан ортмасди. Нафсимни қондириб бўлгач, бир муддат  инсоф кириб қоларди. “Мен ҳам эрман. Хотинимга ул-бул олиб беришим керак”, деб ўйлардим. Йўлини топдим. Бозорда юравериб, таниш-билишларим кўпайиб кетган эмасми, олибсотарлардан молни қарзга оладиган бўлдим. Бир ойда устига фалон пул қўшиб бераман, десам, ҳеч бири йўқ демасди. Биттасидан, иккитасидан, ўнтасидан шундай мол олганман-да, ишлатиб юбораверганман. Озгинасини рўзғорга, асосий қисмини эса зормандага сарфлаганман.

Вақт ўтиб, олибсотарлар қарзларини қистаб кела бошлашди. Аввал хотинимнинг ўзим тўйда таққан узугини, кейин зирагини сотдим. Паспортимни бировига, хотинимнинг паспортини яна бировига, никоҳ гувоҳномамизни яна бировига бериб, қарз муддатини чўзиб туришларини сўрадим. Аммо вақт деганлари ҳаш-паш дегунча ўтиб кетарди.

Хуллас, уйда қўлга илашадиган нарса қолмагунча сотдим. Хотиним уйдан кетиб қолди. “Қийин кунларимда мени ташлаб кетди. Бундан хотин чиқмас экан”, дея ўзимни юпатдим. “Мен-ку ҳаммасини барбод қилаётган, шу зормандани деб бор-йўғидан ажралаётган”, деб ўйлаб ҳам кўрмасдим. Орада боламиз ҳам бўлмаганди. Лекин, тўғриси, ҳозир ўша пайтда боламиз бўлмаганига ҳам шукур қиламан. Бола бўлганидаям майиб-мажруҳ туғилар ва бутун умр ҳаммамиз азобда ўтардик.

Ҳар куни вақти бўлди дегунча, ўша зормандадан топмасам бўлмасди. Бутун вужудим зир қақшар, ўлиб қоладигандек бўлаверардим. Ҳар гал шу охиргиси, дердим.

Ҳамма нарсани сотиб бўлгач, менда қарзларимдан қутулиш, зормандага пул топиш учун   бошқа йўл қолмади. Мижоз топиш учун уйнинг ҳужжатларини олиб чиқиб кетаётган чоғимда отам ушлаб олдилар. Яхшиям билиб қолишди. Бўлмаса, отам, онам, укаларимни ҳам кўчада қолдирарканман.

Даволаниб, энди-энди хаёлим жойига келаяпти. Аввалги ҳаётимга қайтишни, хотиним билан ширин турмуш кечиришни, қарзларимдан қутулиб, эл олдида бош кўтариб юришни жуда жуда истайман. Аммо шундай кунлар келармикан?!”     

Шокирнинг изтиробларини

Ш.ТОШМУРОДОВ оққа кўчирди.

 

Report typo