Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • КЎЗИ ОЖИЗ 52 БОЛАНИНГ КЎЗЛАРИГА НУР БАҒИШЛАНАДИ. ЖУРНАЛИСТЛАР УЙИ БЎЙИЧА БЕРИЛГАН ВАЪДА ЭСА БАЖАРИЛДИ

Н.ХЎЖАЕВ

29.01.2021


КЎЗИ ОЖИЗ 52 БОЛАНИНГ КЎЗЛАРИГА НУР БАҒИШЛАНАДИ. ЖУРНАЛИСТЛАР УЙИ БЎЙИЧА БЕРИЛГАН ВАЪДА ЭСА БАЖАРИЛДИ

27 январь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ва бир қатор масъуллар вилоятимизда бўлди.

Маълумки, вилоят кўз касалликлари шифохонасида "Кўнгил кўзи" хайрия акцияси доирасида Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернат ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Лойиҳа ташкилотчиси Саида Мирзиёева шифохонада бўлиб, кўрик жараёни билан танишди.

Хайрия акцияси кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таълими, уларнинг маънавий ва руҳий ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, келгуси ҳаётга ва жамиятга мослашиши учун йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

"Кўнгил кўзи" лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятидаги офтальмология шифохонасида бўлдик, - деб ёзди Саида Мирзиёева Телеграм ижтимоий тармоғидаги каналида. - Шифохона фаолияти ва бизнинг хайрия   акциямиз доирасида бу ерда текширувдан ўтаётган жажжи беморлар билан танишдик. Aкциянинг биринчи босқичи ўз якунига етди. Ҳозирги кунга қадар республика бўйлаб 2964 нафар бола текширувдан ўтказилди. Навбат иккинчи босқичга. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази мутахассислари кўмагида болалар кўзларида ўтказилиши лозим бўлган жарроҳлик аралашувининг қийинлик даражасига кўра категорияларга ажратилди. Бундан келиб чиққан ҳолда, болаларнинг баъзилари вилоят касалхоналарида, баъзилари Тошкентда операция қилинади, айримлари эса хориждан жалб этилган мутахассислар ёрдамида даволанади. Жами 478 нафар бола учун 630 та операция ўтказилади".

 - Айни пайтда 18-махсус мактаб-интернат ўқувчиларидан 212 нафари стандарт текширувлардан имтиёзли ўтказилди, - дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Иброҳим Очилов. - Ҳар бир бемор болани Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази масъул шифокорлари томонидан телемедицина орқали кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди. Шунингдек, марказ директори раҳбарлигидаги малакали офтальмологлар ҳам шифохонада бўлиб, 14 нафар болани тиббий кўрикдан ўтказишди. Айни пайтгача 52 нафар бола жарроҳлик амалиёти учун саралаб олинди. Уларда жорий йил давомида жарроҳлик амалиёти ўтказиш мўлжалланмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, тиббий кўрикда сараланган бемор болаларнинг айримларига кўзнинг шоҳ пардаси кўчириб ўтказилади, айримлари катаракта, бошқалари эса птоз (қовоқлар осилиб қолиши), ғилайлик сингари касалликларидан фориғ бўладилар. Бу болаларнинг кўзларига бағишланган нур уларнинг яқинлари қалбларини ҳам мунаввар этиши шубҳасиз.

Меҳмонлар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган 18-махсус мактаб-интернатда ҳам бўлишди. Муассаса ўқувчилари томонидан кичик концерт дастури намойиш этилди. Ўқув жараёни ва ўқишдан ташқари ҳаёт қандай ташкил этилгани, мактаб кутубхонаси, олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан танишилди.

Шунингдек, Қарши шаҳрига ташриф доирасида Журналистлар уйида оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар билан учрашув ўтказилди.

Айтиш ўринли, Журналистлар уйи таъмири 2018 йил август ойидан бошланган бўлиб, даставвал 1 миллиард 300 миллион сўм сарфлангани айтилган, бироқ таъмирлаш ишларини якунлаш учун яна қўшимча маблағ зарурлиги боис иш якунига етмай қолиб кетган, айрим раҳбарлар эса шуниям бинода қўним топган ОАВ вакилларига миннат сифатида айтишдан эринишмасди.

Саида Мирзиёева мазкур масалага эътибор қаратиб, "Ачинарли аҳволга тушиб қолган Журналистлар уйи биноси таъмири атрофидаги  муаммолар, умид қиламизки, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан тез фурсатда бартараф этилади", дея фикр билдирганидан сўнг бино таъмирини якунига етказиш, электр токи ва иссиқлик тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун зарур маблағ ажратилди. Бугунги кунда бино замонавий ва кўркам кўриниш олиб, журналистларга ҳар томонлама қулайликлар яратилди.

Мажлислар залида ўтган мулоқот чоғида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов аҳолининг ахборотга бўлган бугунги талаби ҳақида фикрларини баён қилди. ОАВ вакиллари, блогерлар ўз фаолияти, келгуси режалари хусусида сўзлаб беришди.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo